www.ziyouz.com кутубхонаси
88
МЎТТИ
«Оҳангарон ҳикоялари»дан
Иномжон автобусдан тушиши биланоқ, шаҳарда мажнун бўлиб юрмай деб сартарошхонага
кирди. Уста юзига совун сураётганида ойнадан қизиқ бир нарсани кўриб қолди. Икки қовоғига
автобус билетидек қоғоз ёпиштириб олган қоши ипдек бир қиз қўлларини столга қўйиб
қимирламай ўтирибди. Оқ ҳалат кийган хотин унинг тирноғини бўяётибди. Иномжон бу қизни
қаердадир кўргандек бўлди. Ўйлаб-ўйлаб эслолмади.
Узоқдан кўрган, яқиндан кўрган, гаплашган жамики қизларни бир-бир эслади. Бироқ улар
орасидан бу қизни тополмади.
Уста унинг соқолларини қиртишлаб, сочларини текислаб ҳам бўлдики, Иномжон хаёлдан
бўшамади. Вашиллатиб юзига атир сепгандагина юзи ачишиб, ўзига келди. У ўрнидан туриб
ташқарига чиқаётганда атайин қизга тикилиб қараб ўтиб кетди.
Иномжон папирос чекди. У ёқ-бу ёққа юриб ўйлади, скамейкага ўтириб ўйлади. Деразадан
бош суқиб яна ичкарига қаради. Энди уста қизнинг қовоғидан қоғозларни олиб, кипригини
тўмтоқ қайчи билан қайираётган эди.
Иномжон, то қиз ишини битириб чиққунича, пойлашга аҳд қилди. Охири қиз савзи тахтадек
сумкасини кўлтиғига суқиб, ичкаридан чиқди.
Унинг эгнида оқ капрон кофта. Ички кийимларининг тасмалари бемалол кўриниб турибди.
Разм солиб қараган одам юзидаги сепкилидан елкаларида ҳам борлигини билиб олса бўлади.
Белини қизил камар билан шундай сиқиб боғлабдики, икки бўлак одамга ўхшайди. Агар жиндек
эгилса юқориси тушиб кетадигандек. У Иномжоннинг ўзига тикилиб турганини сезганидан
атайлаб ғамза билан ёнидан ўтди. Иномжон безовталанди. «Чекилмасин!» дейилган жойда
папирос чекиб қўйгандек, ҳали муҳаббат ўти тушмаган йигит юрагига ғулғула тушди. Иномжон
беихтиёр унга эргашди. Қиз тўхтаб, магазин витринасига ўзини солиб, сочларини тузатиб олди.
Кейин масхара қилаётгандек бир илжайди-да, тўхтаган автобусга илдам чиқиб олди.
Иномжон Оҳангаронга бундан олдин ҳам бир келган. Курсдошлари билан практикага келиб
конга тушган. Смена мастери уни биринчи марта ер остига олиб тушганида Иномжоннинг
бўладигани бўлган эди. Бир елкасида газ ниқоб, бир елкасида батарея, пешонасида чироқ,
тепасида уч юз метр қалинликдаги ер. У ёнидан-бу ёнидан вагонетка гувиллаб югуради,
оёғининг тагидан транспортёр лентаси ғиқиллаб ўтади. Бу ернинг турган-битгани ваҳима бўлиб
туюлган эди унга. Ранги қум оқариб, тили гапга келмай қолганди. Ўшанда мастер унинг
рангини кўриб қўрқиб кетган, сменасини тугатиб чиқаётган стрелкачи қиздан уни юқорига
«бериб юборган» эди. Қиз тушмагур ҳам жуда шайтон экан. Афт-башараси қоп-қора, худди
мўри тозалаганга ўхшайди. Ҳар кулганида оппоқ тишлари қоронғида гугурт чаққандек
ялтирайди. Айниқса, ер юзига олиб чиқадиган келетнинг тушишини кутиб ўтиришганда «Ерга
чиққанимизда ярим соатча кўзингизни чирт юмиб олинг, биринчи марта қоронғида ўрганган кўз
ёруққа чидамай, кўр бўлиб қолади» деб тайинлаган эди.
Улар ерга чиқишганида қиз уни бир чеккага ўтқазиб, ўзи аллақаёққа ғойиб бўлди.
Иномжон кўзини юмиб, ўтган-кетгандан соат сўраб диққат бўлиб кетди. Йўловчи бир киши,
бу бола кўр бўлиб қопти, деган гумон билан унинг олдига келди. Гапга солиб кўрса, уни кимдир
лақиллатган экан.
Э, кўзингни оч, бола, ким нима деса ишонаверасанми.
Иномжон дилига озор берган ўша кизни қайта учратмади. Учратганида ҳам уни
таниёлармиди? Бунинг устига, практика тугаб, Иномжон Тошкентга қайтиб кетганди. Аммо бу
сирни лом-мим деб бировга айтмади. У айтмаган бўлса ҳам Оҳангаронда Мўттихон-Лўттихон
бир йигитни лақиллатгани достон бўлган эди. Албатта, бу гаплардан Иномжоннинг хабари йўқ.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |