www.ziyouz.com кутубхонаси
89
Ҳозир Иномжон қиз кетган томонга анграйиб туриб ўша бўлган воқеани эслаб,
хижолатликдан илжайиб қўйди. Бугун дам олиш арафаси бўлганидан шахта бошлиғига
барвақтроқ учрашиб, бошқарма йўлланмасини топшириши, қаерда ва ким бўлиб ишлашини
аниқлаб олиши керак.
Иномжон қадамини жадаллаб, кон бошқармасига қараб кетди. Ўша куниёқ уни
навалоотбойшчиклар бригадасига шогирдликка тайин қилишди. Ётоқ олди. Бригада бошлиғи
калладор, ўрта бармоғига узук таккан йигит экан. У Иномжонга бошдан-оёқ қараб чиқди-да,
унинг лабидаги «Беломор»ини юлиб олиб, туфдонга улоқтирди. Кейин девордаги «Ичадиган,
чекадиган одам кончи бўлмай қўя қолсин!» деган ёзувни кўрсатди. Иномжон индамай серрайиб
турарди.
Дам олиш куни йигитлар Тешиктошнинг самоварида ош қилишди. Бригадир Иномжонни
ҳам олиб кетди. Йўлда яхши кўрган қизи борми-йўқлигини сўради.
— Ҳали ёш экансан, эҳтиёт бўл, Лўттига ўхшаганларнинг қўлига тушиб қолма тағин. У
шайтон-а!
Иномжон Лўтти ким, нега лақиллатиб кетади, — бу тўғрида сўрамади.
— Бултур техникумдан келган бўш баёвгина практикант болани бир соат кўзини юмдириб
қўйиб, лақиллатиб кетган. Сен ҳам ўшанақаларнинг қўлига тушиб қолма!
Иномжон қизариб кетди, аммо лом-мим деб оғиз очмади.
Ош устида бўлган гапдан маълум бўлдики, номи Мўтти бўлса ҳам кўп йигитларни
лақиллатганидан Лўтти деб ном олган бу қиз шаҳардаги энг тамтамларнинг бири экан. Унга гап
қотмаган, ундан дакки емаган биронта ҳам ўспирин қолмабди. Хуллас, бу қиз ўз кўнглига мос
йигит муҳаббатини изларди.
Эртасига Иномжон конга тушди. Бригадир Иномжонни ўз ёнидан нари кеткизмади. Забойга
етиб келишганда пневматик болғани унинг қўлига бериб, қандай ушлашни, қатламга қандай
ботиришни кўрсатди. Бу ишларни Иномжон биларди. Техникумда ўқиб юрганида ер тагида
бўлмаса ҳам, очиқ каръерда бунақа болта билан кўмир кўчирган эди. Шунинг учун ҳам қўли
келиша қолди. Бригадир унинг ишини кузатиб турганида смена мастери келиб, юқорида
бошлиқ чақираётганини айтди. Бригадир забойда Иномжонни ёлғиз қолдириб, энгашганча
орқасига қайтди. Иномжон ишга берилиб, кўмир қатламларини палахса-палахса қилиб кўчира
бошлади. Кўчган кўмир харсанглари транспортёр лентасида қоронғи йўлакларга кириб
кетмоқда. Қўлида, тинимсиз титраб турган оғир болғанинг ҳаракатидан Иномжоннинг билаги
толиб кетди. Моторни ўчириб, бирпас ором олиш учун кўмир харсангига ўтирди. Ўтирди-ю,
юрагини ваҳм босиб кетди. Қаерда ўтирибди? Уч юз метр ернинг тагида-я! Унинг тепасида неча
минг тонна ер. Иномжон кўзларини пирпиратиб секин тепага қаради. Оғир ер қатламини
кўтариб турган йўғон тиргович ходалар қисирлайди. Худди ер силжиб шу ходаларни гугурт
чўпидек майдалаб ташлайдигандек. Забой оғзида тирговичга суяниб бир қиз кўзларини катта-
катта очиб турарди:
— Ер чўкяпти. Елканг билан тираб тур, ҳозир авария бригадасини чақираман!
Қиз шундай деди-ю, ғойиб бўлди. Иномжон шахт ўрнидан туриб, тепасидаги каттакон
кўмир харсангига елкасини тиради. У шу бўйи қанча турганини эслолмади. Бригадир келганда
ҳам шу аҳволда турарди.
— Нима қилиб турибсиз? Нега ишламаяпсан?
— Ер чўкяпти, кўтариб турибман. Бригадирнинг жаҳли чиқиб кетди.
— Лақма бола экансан-ку! Ким айтди сенга кўтариб тур деб?
— Бир қиз шундай деди, ўзи авария бригадасини чақиргани кетди.
— Э овсар, сен ҳам Лўттининг қўлига тушибсан! Ер чўкса, сен кўтариб қололаркансанми?
Бор, ишингни қил!
Иномжон ўсал бўлганидан, зирқираб оғриб турган елкасини силаб, болғани қўлига олди.
Саид Аҳмад. Танланган асарлар. I жилд. Ҳикоялар
Do'stlaringiz bilan baham: |