18.3. Ноорганик ингибиторлар.
Таянч сўзлар: ингибитор, деаэрация, нейтраллаш, вакуумлаш, деполяри-зация, концентрация, қосқон, катион, смола, адсорбция, активация энергияси, экранлаш, катод ингибиторлари, пассиватор, ноорганик ингибиторлар, хромат, бихромат, нитритлар, силикат, полифосфат, гексаметафосфат, амин, тиол, миграция,
18.1. Коррозион муҳит агрессивлигини камайтириш усуллари
Жиҳоз ва қурилмаларни саноат миқёсида ишлатишда кўпинча коррозион муҳитнинг агрессивлигини камайтириш орқали коррозия туфайли бўладиган йўқотишларни камайтириш мумкин. Бунда икки хил ёндошув мавжуд:
агрессив муҳит таркибидаги коррозияга олиб келувчи моддаларни йўқотиш;
агрессив муҳит таркибидаги коррозия жараёни тезлигини сезиларли даражада секинлатувчи махсус моддаларни киритиш.
Жуда оз миқдори ҳам коррозия тезлигини секинлаштирадиган махсус моддалар коррозияни секинлаштирувчилар ёки ингибиторлар дейилади.
Коррозион муҳит таркибини сезларли даражада ўзгартириш қуйидаги усулларнинг бири ёрдамида амалга оширилиши мумкин:
эритма деаэрацияси орқали ундан кислородни чиқариш, уни азот билан тўйинтириш ёки унга кислород ютувчи моддаларни киритиш;
сўндирувчи оҳак ёки ўйувчи натрий ёрдамида эритмани нейтраллаш орқали ундаги кислоталарни йўқотиш;
буғ қозонларини таъминловчи сув таркибидаги тузларни ион алмашувчи смолалар билан ишлов бериш орқали йўқотиш;
вакуумлаш;
Агар берилган муҳитда металл пассивлашадиган бўлса, у ҳолда кислород ёки бошқа оксидловчиларнинг бўлиши коррозия жараёнини секинлаштириши мумкин. Қолган барча ҳолларда оксидловчилар металл коррозиясини чақирадилар. Аэрациялангган сувли эритмаларда темир кислородли қутбсизланиш (деполяризация) билан коррозияланади:
4Fe + 6Н2О + ЗО2 = 4Fe(OH)3
Эриган кислород концентрациясини камайтириш учун эритмага гидразин ёки натрий сулфиди қўшилади. Гидразин билан эриган кислород ўртасида қуйидаги реакция боради:
N2H4 + О2 = N2 + 2Н2О
Ортиқча гидразин аммиак ва азотга парчаланади:
3N2H4 = N2 + 4NH3
Сувда аммиакнинг бўлиши ишқорлиликнинг ошошига олиб келади ва шу сабабли ижобий натижага олиб келади.
Натрий сулфидини қўллаш гидразинга нисбатан камроқ эффект беради, чунки бу ҳолда сувдаги туз миқдори ортади:
Na2SO3 + 1/2О2 = Na2SO4
Сувли эритмаларга сўндирилган оҳак билан ишлов бериш саноатда кенг қўлланилади. Шу усулда эритмаларнинг рН миқдори ростланади, шунингдек уларнинг таркибидаги тузлар миқдори ҳам камайтирилади. Эритмалар ишқорланганда эритилаётган тузларга нисбатан паст эрувчанликка эга бўлган металл гидроксидлари ҳосил бўлади. Гидроксидларнинг бир қисми чўкмага тушади ва эритмадаги металл ионлари миқдори камаяди.
Буғ қозонларида қосқон (накипь) ҳосил бўлишининг олдини олишда сувни чуқур тозалаш учун ион алмашинувли ишлов берилади. Бунда кўпинча ион алмаштирувчи аппаратлар сериясидан фойдаланилади. Дастлаб катион алмаштирувчи смолалардан фойдаланиб, сувни металл катионларидан тозаланади. Ундан кейинги босқичларда анион алмашинувли тозалаш ўтказилиб, кучли ва кучсиз кислоталарнинг анионларидан тозаланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |