44
ривожланиб, у ўрта қисми билан сариқлик халтасига бирикади. Кейинчалик
бу йўл ингичкалашиб йўқолиб кетади.
Эмбрионнинг икки учи ичига ботиши натижасида ичак найининг
олдинги қисмида оғиз тешиги, орқа қисмида анал тешиги ҳосил бўлади.
Эмбрион ривожланишида ичак найининг олдинги, ўртага кейинги қисмлари
ҳосил бўлади. Ичак найининг олдинги қисмидан оғиз ва бурун бўшлиғи,
ҳалқум, қизилўнгач, меъда, ўпка; ўрта қисмидан ингичка ичак, жигар ва
меъда ости безлари; кейинги қисмидан йўғон ва тўғри ичаклар ривожланади.
Овқат ҳазм қилиш канали: ички-эпителий, ўрта-мускул ва ташқи-сероз
қаватдан тузилган. Эмбрион ривожланиши давомида ички эпителий қаватдан
ҳазм қилиш безлари ҳосил бўлади. Овқат ҳазм қилиш канали филогенез
давомида ривожланиб, содда тузилишдан мураккаблашиб боради.
Бир ҳужайрали ҳайвонларда овқат ҳазм қилиш функциясини ҳужайра
суюқлигининг бир қисми бажаради. Масалан, амёбалар овқатни сохта
оёқлари билан қамраб олиб, ҳужайра суюқлиги ёрдамида ўзлаштиради.
Ковакичлиларда тана бўшлиғи овқат ҳазм қилиш органлари вазифасини
бажаради. Уларда битта тешик орқали овқат қабул қилиниб, чиқинди
маҳулотлар ҳам худди шу тешикдан чиқади, масалан, гидраларда ана
шундай.
Чувалчангларда овқат ҳазм қилиш найи алоҳида ҳосил бўлади ва
овқатни қабул қилиш ва чиқариш тешиклари бошқа-бошқа бўлади.
Ланцетникда оғиз бўшлиғи ҳосил бўла бошлайди.
Балиқларда овқат ҳазм қилиш канали такомиллашиб, ҳазм қилиш
безлари пайдо бўлади.
Сувда ва қуруқда яшовчи ҳайвонларда овқат ҳазм қилиш каналининг
қисмлари алоҳида-алоҳида функция бажаради.
Сут эмизувчиларнинг яшаш шароити, овқатланишига қараб, овқат ҳазм
қилиш канали турлича тузилган бўлади. Буларда махсус секрет ишлаб
чиқарувчи безлар тўпланган ҳолда жойлашгаи. Ҳазм қилиш каналида лимфа
безлари бўлади. Бу безларнинг кўпчилиги овқат ҳазм қилиш найининг ички,
яъни шиллиқ қаватида жойлашган. Одам ва юксак даражада тузилган
ҳайвонларда шиллиқ қаватдаги безлар билан бирга бир нечта йирик
без ҳам пайдо бўлади. Жигар ва меъда ости безлари ана шундай йирик овқат
ҳазм қилиш безларидир. Овқат ҳазм қилиш системасининг ривожланиши ва
такомиллашиши билан бирга, овқат массасининг механикавий ўзгаришини ва
ҳазм қилиш органларида силжишини таъминлаш учун ичак найи ҳаракат
аппаратининг ўрта, яъни мускул қавати ҳам ривожланади. Мезодерма ва
мезенхимадан овқат ҳазм қилиш каналининг ташқи-сероз қавати
ривожланади. Катта одам овқат ҳазм қилиш аппаратининг узунлиги
тахминан 9-10 м гача етади, яъни одам бўйидан 5-6 марта узун бўлади. Овқат
ҳазм қилиш найи қорин бўшлиғида жуда кўп бурмалар ҳосил қилади. Овқат
ҳазм қилиш йўлининг айрим қисмлари функцияси ва овқат ҳазм қилиш
процессидаги роли жиҳатидан хилма-хил бўлади. Шундай қилиб, овқат ҳазм
қилиш органлари бирданига ҳосил бўлмасдан, олдинма-кейин ривожланган.
Do'stlaringiz bilan baham: