Сурдопедагогика - кар ва гунг тарбияланувчилар таълим-тарбияси масалалари билан;
Тифлопедагогика - кўзи ожиз тарбияланувчилар таълим-тарбияси билан;
Олигофренопедагогика - ақли ожизлар таълим- тарбияси билан шуғулланади.
Бундай илмий ишлар билан шуғулланадиган институтлар Республикада турли тавсиялар бериш, методикани ишлаб чиқиш билан бир қаторда илмий изланишлар, тажриба алмашиниш билан ҳам самарали тадбирларни олиб боришади. Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университетида махсус ташкил этилган Дефектология факультетида муносиб мутахассислар тайёрланаётганлиги фикримизнинг далилидир.
Педагогика инсонлар орасидаги муносабатларни ва ижтимоий муҳитнинг инсонга таъсирини тадқиқ этувчи фан сифатида иқтисодиёт, маданият ривожланишининг ўзига хослиги ҳамда уларнинг инсон шахси шаклланишига таъсирини ўрганади. Шу билан бирга, педагогика ўқув муассасаси тизимининг ташкилий жиҳатларидаги кўпгина масалаларни ҳал этишга, шахсларни тарбиялашда ўқув муассасаси, оила ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорликда иш олиб боришига ёрдам беради.
«Педагогика» тарбия жараёнини ижтимоий ҳодиса сифатида ўрганар экан, табиий равишда жамиятдаги барча фанлар билан боғлиқдир. «Фалсафа» фан сифатида инсоният жамияти, табиат ривожланишининг умумий қонуниятларини ташкил этадиган, яъни педагогиканинг тараққий этиб боришига имкон берадиган илмий манбаидир. Шу билан бирга, файласуфлар ва педагогика фанлари вакиллари томонидан ишлаб чиқилган бир қатор умумий масалалар фалсафада ҳам, педагогикада ҳам баробар мавжуддир.
Бўлар жумласига тарбия билан бошқа ижтимоий ходисалар орасидаги ўзаро алоқалар; дунёқарашни, ахлоқий, меҳнат ва эстетик тарбияни шакллантириш масалалари; шахс ва жамоа муносабатлари; таълим жараёни моҳиятини тушуниш ҳамда билишнинг диалектик назариясини ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлган гнесеологик масалалар ва бошқа муаммолар киради.
Педагогиканинг аниқ масалаларини ишлаб чиқишда фалсафанинг социология, этика, эстетика каби тармоқлари катта аҳамиятга эгадир.
Этика фалсафанинг ахлоқий ва тарбия масалалари билан бевосита боғлиқдир. Уларни хал этишда педагогика ахлоқнинг умуминсоний қадриятларига суянади.
Эстетика (нафосат тарбияси) инсоннинг эстетик идеалларини шакллантириш, маданиятга ва воқеликка эстетик муносабатлари умумий қонуниятларини ўрганади ва эстетик тарбияни илмий жиҳатдан асослаш учун хизмат қилади. Бу асосларни педагогика фани ишлаб чиқади, ёшларни гўзалликни ҳис қила олиш, тушунишга ўрганиш воситалари ва йўллари белгилаб беради.
Педагогиканинг фалсафа ва бошқа ижтимоий фанлар билан боғлиқлигини, ҳал этадиган илмий масалаларнинг умумийлигини педагогиканинг ижтимоий хусусияти, унинг мафкуравий йўналишга эга эканлигини таъкидлаб туради. Тарбиянинг ҳамма муаммоларини бошқа сиёсий, ижтимоий масалалар билан бир қаторда ҳал этиш заруриятини кўрсатиб беради.
Жамиятимиз ривожланишининг ҳозирги босқичида педагогиканинг иқтисодиёт фанлари билан алоқаси мустаҳкамланиб бормоқда. Ижтимоий фанлардаги маълумотларга суяниб, педагогика жамиятнинг тарбияга бўлган объектив эҳтиёжини ва уларни амалга ошириш шарт-шароитларини ўрганади.
Инсоннинг ақлий ривожланиши қирраларини, жиҳатларини ўрганадиган бошқа фанлардан фарқли ўлароқ, педагогика инсон шахси, унинг тараққиёт босқичлари билан шуғулланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |