Лентали конвейер конструкциясининг асосий элементлари. Тасма
Тасма конвейернинг энг қиммат элементидир. Тасмани таъмирлашга ва уни алмаштиришга кетадиган маблағлар Лентали конвейерни ишлатишда сарфланадиган ҳаражатларнинг асосий қисмини ташкил этади.
Конвейер тасмаларининг энг кўп тарқалган тури – резиналаштирилган тўқима матоли тасмадир (3,а - расм). Бундай тасмаларнинг асоси, одатда, прокладка деб аталувчи пахта – қоғоз мато (бельтинг) ёки синтетик тола (анид, нейлон, капрон ва б.) ли матонинг бир неча қатламидан ташкил топади. Тасмани ишлаб чиқаришда прокладкалар оралиғига ҳамда усти, таги ва ёнларига табиий ёки синтетик каучукдан тайёрланган резина массаси сурилиб, улар биргадликда вулканизация ва пресслаш усулида ёпиштирилади. Шунда мато қатламлари ўзаро бирлашади, устки, таги ва ёнларидаги резина ҳимояловчи қатлам (обкладка) ни ташкил қилади.
Мато тасмага механик чидамлилик бериб, у орқали катта тортиш кучини узатиш имкониятини таъминлайди. Резина эса мато қатламларини ўзаро бирлаштириш ва уларни механик таъсирдан (айниқса, катта бўлакли ва тирналувчан юклар ташилаётганда) ва матога . намлик киришидан ҳимоялаш учун ҳизмат қилади.
Ташилувчи юк тасманинг устки резина қатламига тегиб туришлиги ва шу туфайли устки қатлам тез емирилиши сабабли, унинг қалинлиги ташилаётган юкнинг катталиги, қаттиқлиги ва бошқа ҳусусиятларига қараб тайинланади ва қиймати 3÷6 мм ни ташкил этади. Пастки резина катламининг қалинлиги 1 - 2 мм бўлади.
Тасманинг юкли шохобчасига кўпроқ юк кетишлиги учун унга новсимон шакл берилади. Демак, тасма роликлар устида новсимон шакл олиб, роликлар оралиғидаги масофада ҳам ўз шаклини йўқотмаслиги учун тасма етарли даражада эгилувчан бўлиши керак. Шу билан биргаликда тасманинг четлари роликлар оралиғида пастга қараб букилиб кетмаслиги учун унинг эгилувчанлиги ҳаддан ташқари бўлмаслиги керак. Тасманинг эгилувчанлиги прокладкаларнинг сонига боғлик. Шунинг учун прокладкаларнинг энг кам ва энг кўп сони тасманинг энига мос равишда қуйидагича қабул қилинади:
Тасманинг эни, мм
|
800
|
1000
|
1200
|
1400
|
Прокладкалар сони
|
4 - 8
|
5 - 10
|
6 - 10
|
7 - 10
|
Прокладкалар сони тасмада қўлланилган матонинг материалига ҳам боғлиқ бўлганлиги сабабли баъзи манбаларда берилган қийматлар юқоридагидан бироз фарқланиши мумкин.
Прокладкали тасмани узилишига бўлган чидамлилигини қуйидаги мисолда кўриб чиқамиз. Берилган: тасманинг эни - 1200 мм, прокладкалар сони -10, прокладка материали – бельтинг, бу прокладканинг 1 сантиметри 55 кг кучда ёки 550 Н да, узилади. Демак, лента 10 прокладка х 120 см х 550 Н/ см = 660000 Н ёки 660 кН кучда узилиб кетаркан.
Тўқимачилик мато асосидаги тасманинг чидамлилик кўрсаткичлари (даражаси) конвейер узунлигини чеклашга олиб келади. Тасмаси бельтинг прокладкали горизонтал ўрнатиладиган конвейерларнинг узунлиги одатда 300 - 400 м бўлади, агарда шу конвейер қия урнатилган бўлиб, юкни юқорига ташийдиган бўлса, унинг узунлиги кескин камайиб кетади. Шунга қарамасдан, кончилик саноатида юк ташишни кенг кўламда конвейерлаштириш катта узунликдаги конвейерларни талаб қилади.
Конвейер тасмасининг чидамлилигини ошириш синтетик мато ва ингичка пўлат арқон асосидаги тасмаларни қўллаш билан амалга оширилиши мумкин. Синтетик матоли прокладкалардан ташкил топган тасмалар конструкцияси бўйича оддий тасмага ўхшаш, лекин синтетик толанинг юқори чидамлилиги туфайли прокладканинг 1 см энини узнлишга чидамлилиги 3000 Н/см га боради.
Пўлат арқонли тасма (3, - расм) ундан анча катта чидамлиликка эга. Бундай тасманинг асосини бўйлама бир қатор жойлаштирилган ингичка пўлат арқон ташкил этади. Пўлат арқон иккала томондан резина, икки қатлам бельтинг ва бир қатлам ҳимояловчи (брекер) мато билан қопланади, ташқи томонлари ҳам резина билан қопланган бўлади.
Бельтинг прокладкалари тасманинг қаттиқлигини оширади, бу эса ролик таянчлари оралиғида тасманинг новсимон шакли сақланиб қолишига олиб келади. Бундан ташқари, бельтинг прокладкалари тасма барабандан айланиб ўтаётганда пўлат арқон тасмани резина қопламини эзиб юборишидан сақлаб туради. Бундай тасманинг 1 см кенглигини узилишга чидамлилиги симарқон диаметрига қараб 1.8 кН/см дан 4.8 кН/см гача боради.
Пўлат арқонли тасманинг катта афзаллиги радиоактив изотоплар ёки рентгеноскопияни қўллаган ҳолда дефектоскоплар билан арқонни назорат қилиб бориш имконияти борлигидадир.
Do'stlaringiz bilan baham: |