Икки паллали ўсимликлар поясида ўтказувчи найлар қандай жойлашган?
Айиқтовон поясининг тузилиши қандай ҳусусиятга эга?
Ўтсимон ўсимлик поясининг тузилиши дарахтсимон ўсимлик поясидан қандай фарқ қилади?
Поя ва илдизнинг ички тузилишида қандай тафовут мавжуд?
Машғулот 36 Дарахтсимон ўсимликлар поясининг ички тузилиши. Умумий маълумот. Ёпиқ ва очиқ уруғли ўсимликлар поясининг иккиламчи йўғонлашуви (энига усиш) уларнинг ўзига хос ҳарактерли хусусиятларидан бири ҳисобланади. Бута ва дарахтсимон ўсимликларнинг энига ўсиши уларнинг бутун умри бўйи давом этади. Иккиламчи йўғонлашишнинг икки типи тоифасини бир–биридан фарқ қилинади. Ҳар иккала тоифадаги тузилишнинг фарқи новданинг учида, ўсиш конусидаёқ кузатилади. Юксак ўсимликларда, улардан ўтсимон ёки дарахт ўсимлик бўлишидан қатъий назар иккиламчи йўғонлашиши учун, кейинчалик утказувчи боғламларва ўзак нурлари ҳосил бўлади. Бунинг учун ялпи ҳолда жойлашадиган прокомбиал ҳалқа асос бўлиб хизмат қилади. Бундай ҳолларда бирламчи тузилиш билан иккиламчи тузилишнинг қаердан бошланиб, қаердан тугалланишини аниқлаш қийин. Чунки прокамбиал ҳалқадан радиал йўналишда ҳам, ўтказувчи боғламлари ҳам ўзак нурлари шаклланади. Дастлаб иккинчи тоифадаги тузилишни қараб чиқайлик. Бунда иккиламчи йўғонланиш бирламчи ва иккиламчи меристема фаолияти туфайли содир бўлади. Юқорида эслатилганидек, бирламчимеристема поянинг най боғламларида ингичка камбий ҳалқалари шаклида поянинг очиқ най боғламларида сақланади. Бу боғламлар, одатда, ўсиш конуси остида алоҳида прокамбиал толаларидан вужудга келади. Сақланган камбий тизмалари тасма шаклида ксилема ва флоэма орасида жойлашади. Бу камбий тизмасининг фаолияти туфайли ксилема ва флоэма элементларининг шаклланиши давом этади. Пояда боғламлари ҳалқа шаклида жойлашган бўлса–да, яхлит ҳалқа ҳосил қилади. Чунки боғламлар орасида бирламчи ўзак нурларининг паренхима қатламлари мавжуд бўлади.
Камбий ҳалқаси фаолиятининг давом этиши, боғламларни ажратиб турувчи бирламчи ўзак нурлари чегарасига таъсир қилади. Нурларнинг паренхима ҳужайралари ҳар хил жойдаги камбий боғламлари билан бирикади ва доимий ҳолатдан бўлинувчи паренхима ҳужайраларига айланади. Ҳудди шундай жойларда камбий орасида иккиламчи меристема вужудга келади. Ҳалқалар ва улар орасидаги меристемалар бирлашиб, янги камбий ҳалқасини ҳосил қилади. Камбий ҳалқасининг фаолияти бутун поя айланаси бўйлаб бир хилда бормайди. Ҳалқанинг камбий боғламлари қисми ксилема ва флоэманинг янги–янги элементларини шакллантиради. Боғламлар орасида жойлашган камбий эса ёш пояларда деярли фақат паренхима ҳужайраларини шакллантиради.
Лекин барг излари таъсирида боғлам орасида жойлашган камбий ҳам кейинчалик вақт ўтиши билан ксилема ва флоэма элементларини ҳосил қилади. Камбийнинг тўхтовсиз равишда давом этадиган иш фаолияти натижасида ҳосил бўлган жуда кўп ҳажмдаги боғламлар бир–бири билан бирлашади. Камбий ҳужайралари тангенталь равишда бўлиниш хусусиятига эга. Шу сабабли камбий тўғри радиал тартибдаги ҳужайра қатламларини ҳосил қилади. Прокамбий ҳужайралари эса ундан фарқли равишда ҳар томонга ҳар хил йўналишда бўлингани сабабли ундан вужудга келган тўқималар текис қатлам ҳосил қилмайди.
Икки паллали дарахтсимон ўсимликлар поясининг иккиламчи тузилиши ўсиш конуси камбий ҳалқасидан вужудга келади. Яхлит прокамбий ҳалқаси вужудга келиши биланоқ ички томонда прометоксилема, сирт томонидан эса про ва мегофлоэма элементларини ҳосил қилади.
Ёғочликнинг тез ҳосил бўлиши ва лубга нисбатан устунлиги натижасида камбий ҳалқаси кенгайиб, поянинг сирт томонида сурила боради. Шу сабабли ҳалқада ҳужайралар сон жиҳатидан ўса боради. Камбий ҳужайралари вақт–вақти билан радиал тўсиқлар ҳосил қилган ҳолда бўлинади. Бу хусусият гулли ўсимликлар учун ҳарактерли ҳисобланади. Уларнинг камбийси кўп қатламли. Камбий ҳосил қиладиган тагенталь ҳужайралар тўғри радиал қаторлар ҳосил қилган ҳолда жойлашади. Гулли ўсимликларнинг радиал тўсиқлар ҳосил қилиш йўли билан бўлиниши ҳам уларнинг қатлам ҳосил қилган ҳолда жойланишга тўсқинлик қилмайди.
Очиқ уруғли ўсиликларда камбий ҳужайралари бир қават тўсиқлар ҳосил қилган ҳолда бўлинади. Ҳосил бўлган янги ҳужайралар ўткир учли бўлиб, қўшни ҳужайралар орасига суқулиб киради ва шу йўл билан ҳалқаси кенгая боради. (46–расм).
Иккиламчи йўғонланиш жараёнида камбий фаолияти натижасида поянинг ички қисмида ҳосил бўладиган иккиламчи ксилема ва ўзак паренхима нурлари иккиламчи ёғочлик ҳисобланади. Камбий фаолияти натижасида ёғочликнинг сиртида ҳосил бўладиган қатламлар иккиламчи пўстлоқ ҳисобланади (С.М. Мустафаев, 2002, 2005)
Иккиламчи ёғочлик асосий тўқима паренхима, маҳкамлик ва ўтказувчи тўқималардан иборат. Ксилеманинг ҳужайра девори ёғочланган.
Ёғочлик паренхимасининг ҳужайра девори ёғочланган бўлса–да, ҳужайра протопласт тирик ва айрим ён новларда қулай шароит мавжуд бўлганда ҳужайра бўлиниш қобилиятига эга бўлади.
Иккиламчи ксилеманинг ўзак нурлари тенг бурчакли катта– катта паренхиматик ва қисман тирик, чўзиқ поя ўқига нисбатан кўндаланг жойлашган ҳужайралардан иборат. Бу ҳужайраларнинг девори ёғочланган. Ўзак нурлари вертикал йўналишда поя бўйлаб жойлашмаган. Очиқ уруғлиларда улар ҳаммаси ёпиқ уруғлиларда эса 1-30 қатор бўлиб жойлашган бир неча қатор ҳужайралардан ташкил топган.
Ўзак нурлари ҳужайралар орасида ташқи муҳит билан поянинг ичидаги тўқималар ўртасида газ алмашиш содир бўладиган махсус йўллар мавжудлиги билан характерланади.
Ксилеманинг маҳкамлик тўқималари либриформдан иборат. Либриформ, ёғочланган, қалин деворли, ингичка ҳужайралардан шаклланган. Ҳужайраларнинг охири ўткир. Ҳужайра деворида сийрак жой–қийшиқ тевана шаклидаги тирқишлари мавжуд. Протопласти, одатда ўлик, лекин айрим ҳолларда тирик бўлиб, бундай ҳужайраларда қиш фаслида крахмал жамғарилади.
Иккиламчи пўст камбий фаолияти натижасида, унинг сирт томонида шаклланади.
Иккиламчи пўстда ёғочланиш фақат склеренхима ва склероид ҳужайраларида кузатилади. Иккиламчи пўстнинг ҳужайралари, кўпинча ёғочлашмаган бўлади. Ёғочлик сингари иккиламчи пўст ҳам асосий маҳкамлик ва ўтказувчи тўқималардан таркиб топган. Унда сув йўллари ва айриш органлари ҳам мавжуд.
Камбий фаолияти натижасида поя энига ўса боради. Элаксимон ўтказувчи найлари орқали мураккаб органик моддалар ҳаракати содир бўладиган юмшоқ қатлами пояни ўраб туради.
Поянинг ёғочлиги билан луб қатлами орасида камбий ҳалқаси жойлашган. Унинг фаолияти натижасида озиқа моддаларни ҳаракатга келтирувчи луб қатлами пўстлоқ бўлади. Шунинг учун ҳам ўсимлик поясининг пўст қисмини синдириб олинса, у қурийди. Чунки ўсимлик аъзоларини баргда фотосинтез натижасида ҳосил бўладиган озиқа моддалар билан таъминлайдиган орган–пўст нобуд бўлади.
Поянинг йўғонлаша бориши ва унинг пўстини маълум босим остида таъсир натижасида эпидермис йиртилади. Поянинг периферик сирт қисмидаги эпидермиснинг йиртилиши натижасида тилим–тилим ёриқлар ҳосил бўлади ва улар остида феллоген моддаси тўпланади. Натижада ўсимлик поясининг сиртида қалин пўстлоқ деб юритиладиган ўлик қатлам вужудга келади.