1-расм. Товарнинг икки хил хусусияти ва миллий бойликнинг икки жиҳати
Шу нарсани таъкидлаш жоизки, табиат кучлари ва ашёлари жуда катта миқёсда ва кенг бўлиб, уларнинг ҳаммасини миллий бойлик таркибига киритиб бўлмайди. Чунки уларнинг жуда кўп қисми инсон томонидан ўзлаштирилиб, фойдаланишга тортилмаган.
Табиат кучлари ва ашёларининг инсон томонидан фойдаланишга тортилган қисминигина миллий бойлик таркибига киритиш мумкин.
Демак, миллий бойлик узоқ тарихий йиллар давомида тўпланган нафлиликлар ва қийматлар йиғиндисидан иборат бўлади. Миллий бойликнинг икки томонлама табиатини билиш кўпгина ноаниқ саволларга жавоб бериш имконини яратади. Масалан, бойликнинг манбаи нима, у қандай ва қаерда яратилади, деган саволлар бўйича олимлар ўртасида узоқ вақтлар давомида изланишларга, тортишувларга сабаб бўлган масалаларни ҳал қилиш имконини беради (2-расм).
2-расм. Миллий бойликнинг икки манбаи
Миллий бойликни шартли равишда қуйидаги учта йирик таркибий қисмга ажратиш мумкин:
1. Моддий-буюмлашган бойлик.
2. Номоддий бойлик.
3. Табиий бойлик.
Моддий-буюмлашган бойлик охир-оқибатда ишлаб чиқаришда қатнашган унумли аниқ меҳнат ва абстракт меҳнатнинг натижаси ҳисобланади. У ишлаб чиқариш яратилганда маҳсулотларнинг жорий истеъмол қилишдан ортиқча қисмини жамғариш оқибатида вужудга келади ва ўсиб боради.
Аммо моддий-буюмлашган бойликни қатор йиллардаги йиллик ялпи маҳсулотлар йиғиндиси сифатида тасаввур қилиш нотўғри бўлар эди. Чунки бу яратилган маҳсулотларнинг асосий қисми ҳар йили ишлаб чиқариш ва шахсий истеъмол ҳамда бошқа томонлар учун фойдаланилади (ишлаб чиқариш воситалари, истеъмол буюмлари). Шу сабабли ишлаб чиқариш воситаларининг ўрнини қоплаш билан бир вақтда ялпи ички маҳсулотнинг фақат бир қисми моддий-буюмлашган бойлик сифатида жамғарилиб борилади. Демак, қоплаш фонди ва моддий буюмлашган бойликнинг ўсиши йил давомида яратилган ялпи ички маҳсулотнинг бир қисми ҳисобига амалга оширилади.
Миллий бойликнинг инсон меҳнати билан яратилган моддий қисми қиймат шаклига эга бўлиб, таркибий тузилиши бўйича қуйидагиларни ўз ичига олади:
– ишлаб чиқариш хусусиятидаги асосий капитал (фондлар);
– ноишлаб чиқариш хусусиятидаги асосий капитал (фондлар);
– айланма капитал (фондлар);
– тугалланмаган ишлаб чиқаришнинг моддий-буюмлашган қисми;
– моддий захиралар ва эҳтиёт фондлар;
– аҳолининг уй хўжалигида жамғарилган мол-мулк.
Моддий-буюмлашган бойлик ўсишининг асосий омиллари сифатида қуйидагиларни ажратиб кўрсатиш мумкин:
– меҳнат унумдорлигининг ўсиши;
– ишлаб чиқариш самарадорлигининг ортиши;
– миллий даромадда жамғариш нормасининг ортиши.
Моддий-буюмлашган бойлик ишлаб чиқаришнинг натижаси ва шарт-шароити ҳисобланади. Бунинг маъноси шуки, бир томондан, яратилган маҳсулотдан миллий бойликнинг истеъмол қилинган қисмининг қопланиши ва унинг кўпайиши рўй беради. Бошқа томондан, миллий бойлик ишлаб чиқаришнинг моддий шарт-шароити, унинг моддий-техникавий асоси ҳисобланади. Бунда ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати ва миқёси миллий бойликдан фойдаланиш хусусиятига боғлиқ бўлади.
Миллий бойликнинг бошқа бир муҳим қисми табиий бойликлар ишлаб чиқаришнинг омили бўлиб, нафлиликни яратишда тўлиқ иштирок этади, унинг шарт-шароитини ва инсон фаолиятининг ташқи муҳитини ташкил қилади, лекин қийматни яратишда иштирок этмайди. Табиий бойликнинг асоси табиат маҳсули бўлиб, унинг вужудга келиши табиат қонунлари асосида рўй берса-да, улардан фойдаланиш жамият ривожига ҳам боғлиқ бўлади. Фойдали қазилма бойликлар, ўрмонлар, сув ва ер ресурслари табиатан мавжуд бўлса-да, инсон меҳнатисиз улар ўлик ашёлардир, фақат инсоннинг унумли меҳнати ёрдамида ишлаб чиқаришда фаол қатнашади.
Табиат инъомлари ўзларининг дастлабки кўринишида табиий бойлик бўлиб, шу ҳолатида инсон фаолиятининг натижаси ҳисобланган ижтимоий бойлик таркибига кирмайди. Бунинг маъноси шуки, табиий бойликлар жамият учун фақатгина потенсиал бойлик ҳисобланади. Улар инсон меҳнатининг таъсири оқибатида реал бойликка айланади.
Тўғри, товарларни меҳнат яратади, лекин меҳнат табиат ашёларисиз ва табиат кучисиз ҳеч нарса ярата олмайди. Демак, табиат ва меҳнатнинг биргаликдаги ҳаракати бойликни яратади.
Иккинчи томондан, фан-техника тараққиёти авж олиб янги техника-технологиялар кириб келади, энергиянинг, хомашё материалларининг янги турлари, табиатнинг турли янги кучлари ишга солинади. Буларнинг натижасида бойликни яратиш ва кўпайтиришнинг имкониятлари, омиллари кенгайиб боради (2-расм). Энди бойликни кўпайтириш омиллари ҳам икки томонлама тус олиб, бир томонда аниқ меҳнат, табиат ва ишлаб чиқариш воситалари турса, иккинчи тарафда абстракт қўшимча меҳнат туради. Унинг биринчи тарафи бойликнинг буюмлашган ашёвий томони нафлилигини кўпайтирувчи омил сифатида ҳаракат қилса, иккинчи тарафи қўшимча абстракт меҳнат, бойликнинг қиймат томонини кўпайтириш томонда ҳаракат қилади.
Юқорида айтганимиздек, табиат, аниқ меҳнат ва ишлаб чиқариш воситалари бойликнинг нафлилик тарафини, яъни буюмлашган–ашёвий томонини кўпайтирса, қўшимча абстракт меҳнат унинг қиймат тарафини кўпайтиради.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, миллий бойлик, уни кўпайтириш масалалари бозор иқтисодиёти шароитида бевосита товар ва унинг икки томонлама хусусияти билан боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |