Токсин ҳосил қилиши. Ботулизм қўзғатувчилари кучли 2 хил экзотоксин (нейротоксин ва гемолизин) ҳосил қилади. Бактериялар озиқ-овқатга, гўшт, гўштли овқат ва консерваларга, шунингдек, балиқ маҳсулотларига тушганда қулай шароит яратилади ва натижада кўп миқдорда экзотоксин ажралади. Бу барча биологик, яъни бактерия токсинларидан кучли ҳисобланади. У физик омиллар ҳамда меъда шираси таъсирига чидамли, шунинг учун ўзгармасдан қонга сўрилади, аммо 100С қайнатилганда бир неча дақиқада парчаланади.
Антиген тузилиши. Ботулизм бактериялари умумий О- ва махсус хивчинли Н-антигенларга эга. Культуралари антиген тузилиши ва токсинига кўра 8 та серологик вариантларга бўлинади. Шулардан А, В, Е сероварлар кенг тарқалган бўлиб, асосан, одамларда касаллик келтириб чиқаради. Н-антиген махсус бўлиб, ҳар бир сероварга хосдир.
Чидамлилиги. С.botulinum ҳайвон ва одамлар нажаси орқали табиий шароитда ташқи муҳитга тушиб туради. Тупроқда бактериялар спора ҳолатида узоқ муддат сақланибгина қолмай, балки кўпаяди ҳам. Вегетатив ҳолатидагилар 80ºС да 30 дақиқада ўлади. Спора ҳолатидагилар 120С ҳароратда автоклавда 30 дақиқага, 20% ли формалин, 5% ли фенол эритмаларида 24 соатгача чидайди.
Ҳайвонларга нисбатан патогенлиги. Ботулизм токсинига от, қорамол, қўй, эчки ва қушлар мойил. Тажриба учун, асосан, денгиз чўчқачаси, оқ сичқон, мушук, қуёнлардан фойдаланилади. Денгиз чўчқачасига заҳар юборилгандан сўнг у 3-4 кун ичида ўлади.
Касалликнинг одамлардаги патогенези. Одамларга касаллик ботулизм микроблари ёки токсинлари тушган овқат еганда юқади. Заҳарланиш аксари термик ишлов бериш қоидаларига амал қилинмай, хонадонда тайёрланган консервалар истеъмол қилинганда рўй беради. Бактериялар анаэроб шароитда одам организмида кўпаяди ва заҳар ажратади. Экзотоксин, асосан, беморнинг нерв системасига кучли таъсир этади – бу нейротоксин ҳисобланади.
Иммунитети. Бемор соғайганидан сўнг узоқ муддатли кучли иммунитет ҳосил бўлмайди, шунинг учун қайта касалланиш мумкин.
Лаборатория ташҳиси. Текшириш учун бемордан қусуқ, меъда чайиндиси, нажас, мурдадан меъда-ичак суюқлиги, жигардан аутопсия олинади. Бундан ташқари, истеъмол қилинган овқат қолдиғи, тупроқ, сув ҳам текширилади ва қўзғатувчи ажратиб олиниб, серовари аниқланади. Токсинни аниқлаш учун биологик усулдан фойдаланилади. Бунинг учун бир гуруҳ оқ сичқонларнинг териси остига ёки қорин пардасига текширилаётган материал поливалент ботулизмга қарши (А,В,С,Е) зардоб билан бирга юборилади, иккинчи гуруҳдаги оқ сичқонларга эса материал зардобсиз юборилади. Агар иккинчи гуруҳдаги ҳайвонлар ўлса, у ҳолда кенгайтирилган нейтраллаш реакцияси учун ҳар хил типига қарши зардобни алоҳида-алоҳида қўшиб, бирга юборилади ва натижада культуранинг серологик варианти аниқланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |