Овқатдан заҳарланиш (токсикоинфекциялар) қўзғатувчилари
Овқатдан заҳарланиш, асосан, икки хил бўлади:
1) истеъмол маҳсулотларига турли кимёвий моддалар, қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган ҳар хил ўғитлар, дефолиантлар, десикантлар тушган овқат, сув, ҳўл мевалар, сабзавотлар ва қўзиқориннинг айрим заҳарли турлари билмай ейилганда рўй беради. Бундай касалликлар юқмайдиган (ноинфекцион) заҳарланиш дейилади;
2) озиқ-овқат маҳсулотларига патоген микроблар ёки уларнинг токсинлари тушганда юзага келади. Бундай ҳолларда, одатда заҳарланиш бир томондан овқат билан организмга кирган мик-роорганизмлар, иккинчи томондан эса патоген бактерияларнинг заҳари, яъни токсини ҳисобига вужудга келади. Беморда юқумли касалликдаги каби заҳарланиш (интоксикация) белгилари пайдо бўлади. Бундай касалликлар овқатдан заҳарланиш ёки овқат токсикоинфекцияси деб аталади.
Овқатдан заҳарланишнинг асосий сабаби туриб қолган ёки эскирган, шу жумладан турли шартли-патоген бактериялар билан ифлосланган овқатларни истеъмол қилишдир. Овқатдан заҳарланишнинг қўзғатувчилари жуда кўп. Уларнинг энг муҳимлари турли сальмонеллалар, тилларанг стафилококклар, стрептококклар, спора ҳосил қиладиган анаэроблар (Cl.perfingens), ичак таёқчаси, P.vulgaris, ботулизм қўзғатувчиси ва б.қ.
Ботулизм
Морфологияси. Касаллик бактериялари узун таёқча шаклида бўлиб, икки чети бир оз букилган, узунлиги 4-9 мкм, эни 0,6-0,9 мкм, чидамли (спорали) ва чидамсиз вегетатив хиллари учрайди. Физик, кимёвий омиллар таъсирида ўз шаклини ўзгартиради, яъни полиморф, граммусбат, ҳаракатчан, 4–30 тача хивчини бор (перитрих).
Ўсиши. Ботулизм культураси қатъий анаэроб, А, В, С1, С2, Д, Г, Е, F, Q сероварлари мавжуд. Китт-Тароцци муҳити ва жигарли муҳитда бир хил қуйқа ҳосил қилиб кўпаяди, сўнгра чўкмага тушади. Глюкозали қонли агарда думалоқ, четлари нотекис колониялар ҳосил қилиб ўсади, улар атрофида гемолиз ҳалқа пайдо бўлади.
Ферментатив хусусияти. Биокимёвий хусусияти бўйича фаол, шунинг учун глюкоза, мальтоза, левулеза ва бошқа қандларни газ ва кислота ҳосил қилиб парчалайди. Желатина ва ивиган зардобларни суюлтиради.
Суюқ муҳитларда тўқима парчалари, оқсилни парчалаб водород сульфид, аммиак, учувчи аминлар, кетонлар, мой ва сирка кислоталарини ҳосил қилади. Ботулизм қўзғатувчисининг А ва В сероварлари кучли протеолитик хусусиятига эга, аммо С ва Д сероварлар бу хусусиятга эга эмас. Е сероварнинг эса кучсиз биокимёвий белгилари мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |