III. ГАЗГА ХАВФЛИ ИШЛАРНИ ОЛИБ БОРИШ УЧУН ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ.
Наряд-рухсатнома иш олиб бориладиган цех (участка, бўлим, хизмат) бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахс томонидан имзоланади, газдан қутқариш отряди командири (вакили) ёки хизмати (корхонада хизмат бўлса) ва меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги бўлими, агар керак бўлса қўшни цех, участка, бўлимлар билан келишилади, корхона раҳбари, ишлаб чиқариш бўйича директор (бош муҳандис) ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланади. Наряд-рухсатномани рақамлаш тизими цех (участка, бўлим, хизмат) бошлиғи томонидан белгиланади.
Наряд-рухсатномани тасдиқлаган шахслар, газга хавфли ишларни олиб бориш учун керакли шароитларни яратиб беришга жавобгардир.
Наряд-рухсатномани имзолаган шахслар, наряд-рухсатномада кўрсатилган газга хавфли ишларни олиб бориш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигига, шунингдек газга хавфли ишларни бошқарувчи ва бажарувчилари сифатида наряд-рухсатномага киритилганларнинг етарли билим малакасига эга эканлигига ҳам жавобгардир.
Одамларнинг ҳаётига тўғридан-тўғри хавф соладиган ва моддий бойликларга зиён келтирадиган аварияларни олдини олиш ва бартараф қилиш бўйича ишлар наряд-рухсатномасиз бажарилади. Хавф бартараф қилингандан кейин, газ қувурлари ва газ ускуналарини техник соз ҳолатга келтириш бўйича ишлар наряд-рухсатнома асосида бажарилади. Агар авария оқибатлари бошдан охиригача авария хизмати томонидан тугатилса, у ҳолда наряд-рухсатнома тузиш талаб қилинмайди.
Наряд-рухсатнома 2 нусхада тайёрланади ва тасдиқланганидан кейин иккала нусха смена бошлиғига топширилади. Смена бошлиғи бир нусхани тайёргарлик ишларига масъул шахсга топширади.
Тайёргарлик ишлари тугагандан сўнг, ҳар иккала нусха ҳам газга хавфли ишларни тайёрлаш ва олиб боришга масъул шахслар томонидан имзоланади, бу тайёргарлик ишлари газга хавфли ишларни хавфсиз олиб бориш бўйича чора-тадбирларнинг тўлиқлигини тасдиқлайди. Ишлар тугаганидан сўнг наряд-рухсатномани бир нусхаси газдан қутқариш отряди командирида ёки меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлиги бўлимида камида 1 йил сақланади. Яна бир нусхаси ушбу ишларни бажаришга масъул бўлган шахсга тегишли бўлиб, ишлар тугаганидан кейин цехда (участкада, бўлимда, хизматда) камида 1 йил сақланади. Наряд-рухсатномани қалам билан тўлдириш, ёзувларга тузатишлар киритиш, бўяш, тақиқланади. Иккала нусхалардаги ёзувлар аниқ ва тушунарли бўлиши керак, нусхаларни ксерокопия қилиб кўпайтириш мумкин эмас. Ёзувларни ва масъул шахсларнинг имзоларини нусхалаш, сохталаштириш (кўчиргич қоғоз орқали) орқали тузатишга йўл қўйилмайди.
Газга хавфли ишларни бажаришга наряд-рухсатнома ҳар бир иш жойи, бундай ишларни олиб борувчи ҳар бир бригада учун берилади ва битта сменада амал қилади. Агар иш тугалланмаган бўлса, уни амалга ошириш шартлари ёмонлашмаса ва ишнинг моҳияти ўзгармаган бўлса, ўша бригаданинг ишни бажариш имкониятини ҳисобга олиб, наряд-рухсатноманинг 14-бандида кўрсатилган шахсларнинг имзолари билан навбатдаги сменада ишлаши учун узайтирилиши мумкин.
Газга хавфли ишларни тайёрлаш ва тўғридан-тўғри бажариш бир гуруҳ ижрочилар томонидан амалга оширилган тақдирда иш жойини тайёрлаш ва ишларни олиб боришга битта жавобгар шахс тайинлашга рухсат берилади, жавобгар шахс хавфсиз ишлаш усуллари ва чораларини билиши, ҳамда шу муддат давомида бошқа мажбуриятлардан озод қилиниши шарт.
Ёмкост, жиҳоз ва қувурларни очиш билан боғлиқ газга хавфли ишларни бажаришда наряд-рухсатномага цех (участка, бўлим, хизмат) бошлиғи ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланган маҳсулотлардан тозалаш чизмаси, буғлаш (пропарка), пуфлаш (продувка), ювиш (промывка) ва тиқин (заглушка) ўрнатиш чизмалари ҳам илова қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |