\
Пневматик қалқовучли (буёкли) сатх ўлчагич УБ-П
Бу ўлчов асбобларида (расм 74) сезгир элемент бўлиб, зичлиги суюқлик зичлигидан катта бўлган суюқликка бутунлай чўкиб турувчи қалқовуч ишлатилади. Ушбу ўлчов асбобининг ишлаши, суюқлик сатхи ўзгариши билан қалқовучга таъсир этаётган Архимед кўтариш кучининг ўзгаришига асосланган.
74-расм. Қалқовучли сатх ўлчагич УБ-П
Сатх ўлчагич ўлчаш қурилмасидан ва унификацияланган пневматик кучни компенсацияловчи сигнал ўзгартиргичдан ташкил топган. Ўлчаш қурилмасининг сезгир элементи пўлатдан ясалган цилиндр кўринишидаги қалқовуч (буёк) 1бўлиб, у сатх ўлчанаётган қурилма ичига ўрнатилади.
Сатх ўзгариши билан, қалқовучга таъсир этаётган Архимед кўтариш кучининг ўзгариши ричаг 3 ва ўлчов асбобини сатхи ўлчанаётган мухитдан ажратиб турувчи мембрана орқали ричаглар 4 тизимига узатилиб, тўсиқ (заслонка) 9 ни сопло 8 га нисбатан силжитади. Сопло 8 ва тўсиқ 9 орасидаги масофанинг ўзгариши билан пневматик кучайтиргич 7 чиқишидаги босим ва акс таъсир сильфонидаги босим ўзгаради. Бу акс таъсир сильфонидаги босимнинг ўзгариши ричагга таъсир этаётган кучлар мувозанатлангунча давом этади. Пневматик сигнал ўзгартиргич чиқишидаги босимнинг ўзгариши сатхга пропорционал ўзгаради. Ўлчов асбоби диапазони силжувчи таянч 6 ёрдамида ва бошланғич қийматни нолга созловчи пружина 5 ёрдамида созланади. Шунингдек, қўшимча юк 11 ёрдамида тизим мувозанатланади.
Ўлчов асбобига берилаётган сиқилган хаво босими 0,14 Мпа, хаво сарфи 3 л/мин, Чиқиш сигнали 0,02-0,1 МПа. Чиқиш сигналини 300 м гача масофага узатиши мумкин. Ўлчанаётган мухит зичлиги 0,45—2,5 г/см3. Ўлчанаётган сатхнинг юқори чегараси 0,02—16 м. Аниқлик синфи 1,0; 1,5.
Электр қалқовучли (буёкли) сатх ўлчагич УБ-Э, сатхни ўлчаб токли электр сигналга айлантириб масофага узатишга мўлжалланган. Ўлчов асбоби УБ-П га ўхшаб, ўлчаш қурилмасидан ва кучни компенсациялашга асосланган электр сигнал ўзгартиргичдан ташкил топган. Ушбу сигнал ўзгартиргич узатиш қурилмасидан ва акс таъсир этувчи электромагнит куч механизмидан ташкил топган. Сатх ўзгариши билан суюқликга чўкиб турган қалқовуч (буёк) силжийди. Бунда, ўлчаш қурилмасида ҳосил бўлаётган куч кучни компенсациялашга асосланган электр сигнал ўзгартиргичга узатилади ва у ричаглар тизимини силжитиб мувозанат индикатори плунжерини силжитади. Бу сигнал сигнал кучайтиргичи ёрдамида кучайтирилиб, ўзгармас токли аналогли сигналга айлантирилади ва у масофада жойлашган иккиламчи ўлчов асбобига узатилади.
Ўлчов асбобига ўзгарувчан ток тизимидан 220 В кучланишли манбаа берилади. Чиқиш сигнали 0—5; 0-20; 4-20 мА. Ўлчанаётган мухит зичлиги 0,6—2,5 г/см3. Ўлчанаётган сатхнинг юқори чегараси 0,02—16 м. Аниқлик синфи 1,0; 1,5.
Do'stlaringiz bilan baham: |