“Древнетюркский словарь” (Л., 1969) ҳозирги замон туркология илмида қадимги туркий ёдгорликлар бўйича яратилган илмий луғатдир (қаранг: ДТС). Луғат рус туркологиясининг етакчи мутахассислари томонидан тузилган. Ишда қамраб олинган ёзма ёдгорликларнинг кўлами ниҳоятда кенг: унда VII–XIII асрларда кўк турк (турк-руний), араб, уйғур, моний, браҳма ёзувларида туркий тилда битилган турли хилдаги
адабий, тарихий, диний-фалсафий мазмундаги асарлар, расмий ҳужжатлар, фаннинг турли соҳаларига оид битигларда қўлланган сўзлар жамланган. Булар қадимги турк хоқонлиқлари давридан қолган урхун ва енисей ёдгорликлари, уйғур хоқонлиқ ва давлатларида яратилган будда, моний ва христиан мазмунли битиглар, расмий ҳужжатлар, “Ўғузхоқон” достони, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғатит турк” асари, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Адиб Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибату-л-ҳақойиқ” асари, “Туркий тафсир” сингари ниҳоятда улуғ манбалар бўлиб, мисоллар уларнинг туркшуносликда эътироф этилган илмий нашрларидан олинган.
Луғатда келтирилган туркий сўзлар ва ёзма ёдгорликлардан олинган мисоллар лотин алифбоси негизида ясалган транскрипцияда. Унлилар учун тўққиз белги қабул қилинган: a, ä, e, ï, i, o, ö, u, ü. Ундошларда: жарангсиз [ш] товуши учун – š, [ч] учун – č, жарангли [ғ] учун – γ, сонор [нг] учун – ŋ, [х] учун
χ, араб хатида ذ билан берилган, тишора [дз] товуши учун – δ, араб ёзувли матнларда ڤ билан берилган лаб-лаб ҳамда “вав” билан берилган лаб-тиш [в] ундошлари учун – v, араб хатидаﮋ билан берилган сирғулувчи [ж] учун - ž, араб тилидан ўзлашган сўзларда келувчи ع (айн) учун (’) белгилари қабул қилинган. Сўзларнинг берилиши алифбо кетма-кетлигида: A, Ä, B, Č, D, δ, E, F, G, γ, H, H, ĺ, Ï, Y, K, L, M, N, O, Ö, P, Q, R, S, Š, T, U, Ü, V, χ, Z, Ž, J.
Аввал катта ҳарфларда бош сўз берилиб, кейин унинг маънолари ва маъноларнинг ҳар бирига мос келувчи мисоллар русча таржимаси билан келтирилади. Қавсда ушбу сўз ёки мисолнинг қандай нашрдан олинганлигига ҳавола этилади.
Луғатда сўзларнинг қадимги диалектларда ёки ёзма ёдгорликларда ўзаро фарқ қилувчи фонетик вариантлари ҳам бош сўз сифатида берилади: ADAQ, AδAQ, AYAQ, AZAQ; EB, EV сингари. Бундай сўзларнинг бир варианти берилгач, охирида бошқа вариантига ҳам қаралсин, деган белги қўйиб кетилади.
Кўп маъноли сўзларнинг бир-биридан фарқ қилувчи маънолари арабча сонлар билан, омонимик маънолар эса римча сонлар билан ажратиб кўрсатилади. Масалан:
Do'stlaringiz bilan baham: |