Фазлуллахон барлоснинг “Луғат-и туркий” асари
Мазкур луғатни XVIII асрнинг иккинчи ярмида (мелодий 1779 йили) Ҳиндистоннинг Бангола шаҳрида Шоҳжаҳоннинг ўғли Аврангзеб буйруғи билан Фазлуллахон барлос тузган. Луғат форс тилида бўлиб, унинг кунимизгача етиб келган ёлғиз қўлёзмаси ҳозир Британия музейида сақланмоқда. Унда келиб чиқиши туркий бўлган 1366 та сўз маъносига изоҳ берилган (луғат ҳақида қаранг: Убайдуллаев 2011).
Луғатда туркий феъллар берилиб, унинг қандай ўқилиши, маънолари форс тилида баён қилинган. Тузувчи феълларни ўн уч хил ҳарф билан бошланувчи сўзлар гуруҳига (яъни бобларга), исмларни эса ўн саккиз хил ҳарф билан бошланувчиларга ажратади. Аввал феъллар, сўнг отлар берилади. Феълларни берганда аввал “аlif” билан бошланувчи
сўзлар (масалан: oqumaq), сўнг “ba” билан бошланувчи сўзлар (масалан: bermäk), шу тартибда давом этиб, охирида “yay” билан бошланувчи сўзлар келади. Отлар эса англатган маъноларига кўра гуруҳлаштирилган: кетма-кетлик уй-рўзғор буюмларининг отларидан бошланиб ҳайвонот оламига кирувчи сўзлар билан тугайди.
Туркий сўзлар маъносини тўғри англаш, талаффузида янглишмаслик мақсадида турли ҳаракатлар (аломатлар), товушларнинг махсус атамалари (kāf-e ’arabî, jim-e fārsî ва б.) ва бошқа кўринишдаги изоҳлаш йўлларидан унумли фойдаланган.
Сўзларнинг маъносини берганда туркий сўзга тенг келадиган форсча сўзлар, сўз бирикмалари, баъзан бунга қўшимча ҳолда ҳиндча сўзларни келтириш билан, шунингдек, ўша сўзнинг маъносини умумий тушунтириш йўли билан беради. Масалан:
Alp – ba fatha-ye hamza va lām va sukun-e bā-ye fārsî, pahlavān. (Таржимаси: Alp – (ўқилиши:) бошида [а], сўнгра “лом” ва
усти сукунли форсча [p], (маъноси:) паҳлавон).
Soqur – bа tafxim-e zamma-ye sin-e muhmala va qāf va sukun-e rā-ye muhmala, yak čašm, kur.
(Таржимаси: Soqur – (ўқилиши:) тўлиқ талаффузли, нуқтасиз [s], сўнг [q], сукунли, нуқтасиз [r], (маъноси:) бир кўзли, кўр).
Qaz – bа fаtha-ye qāf bā alif va sukun-e zā-ye mo’jama, nav’-e az murğ-e ābi ki mašhurast.
(Таржимаси: Qaz – (ўқилиши:) фатҳали [q], кейин “алиф”, усти сукунли нуқтали [z], (маъноси:) машҳур сув қушларидан бири).
Омографларни (ёзилиши бир хил сўзларни) беришда шундай усулни қўллайди:
توز bа tarqiq zamma-ye tā-ye qurašat va sukun-e zā-ye mo’jama, maydān va namak, va batafahim zamma tā ba ma’niye ğubār.
(Таржимаси:
توز
– (ўқилиши:) қисқа заммали оддий [t],
сукунли нуқтали [z], (маъноси:) майдон ва туз (намак), агар замма [o] деб ўқилса, чанг (деган маънода келади)). Бу ўринда
муаллиф tüz (тузлик, текислик ер) билан tuz (ош тузи, намак) ни бир-биридан фарқлайди, агар “вав” ҳарфи [о] деб ўқилса, toz (чанг, тўзон) сўзи англашилишини таъкидлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |