Қон реакцияси. Қоннинг фаол реакцияси плазма таркибида водород ва гидроксил ионларининг миқдорий нисбати билан аниқланади. Артерия қоннинг реакцияси рН—7,40 бўлса, вена қонида рН — 7,35 га тенгдир. Вена қони реакциясининг қисман бўлсада, камроқ бўлишига асосий сабаб унда артерия қонидагига нисбатан карбонат ангидриднинг кўплигидир. Қон реакциясининг доим бирдек бўлишини таъминловчи омиллар кучсиз
кислота ва кучсиз асослардан ташкил топган буфер тизимларидир. Бунга
карбонат кислота ва натрий бикарбонатлардан иборат бўлган карбонат буфер
тизими; бир ва икки асосли натрий ортофосфатлардан иборат бўлган фосфат
буфер тизими; гемоглобин ва гемоглобиннинг калийли тузидан иборат бўлган
гемоглобин буфер тизими ва плазма таркибидаги бир қатор оқсил моддалар ҳам буфер хусусиятга эга. Қоннинг буферлик хусусияти асосан унинг таркибидаги гемоглобин ва гемоглобин тузлари миқдорига боғлиқ. Буфер тизимлари қон муҳитини бир даражада ушлаб туришда иштирок этади.
Эритроцитлар қизил рангли диск шаклидаги ядросиз ҳужайралардир. Сут
эмизувчилардан фақат одам эритроцитлари ядросиздир. Эритроцитларнинг ранги қизил бўлишига сабаб, таркибида темир ионини тутувчи оқсил —
гемоглобиннинг борлигидир. Эркакларнинг 1 мм куб қонида 4.5 — 5.0 млн,
аёлларнинг шу ҳажмдаги қонида 4.0 — 4.5 млн эритроцитлар бўлади.
Онтогенезда эритроцитлар сони ўзгаради. Янги туғилган болада 1 мм куб қонда 7 млн, 5 — 6 кунлигида бир оз камаяди, 3 — 4 ёшли даврда яна кўпаяди ва 8 ёшлардан бошлаб катталарнинг даражасига етади. Эритроцитлар қизил иликда етилади ва уларнинг миқдори ташқи муҳит шароитига боғлиқ.
Лейкоцитлар — оқ қон ҳужайралари бўлиб, ядроли, улар махсус ранглар
билан бўялиб, донадор ва донасиз лейкоцитларга бўлинади. Донали лейкоцитлар ўз навбатида эозинофил (2 — 4%), базофил (0.5 — 1%) ва нейтрофилларга(63%) бўлинади. Донасиз лейкоцитлар — моноцит (6 — 8%) ва лимфоцитларга бўлинади. Бир миллиметр кубда 4000 — 9000 лейкоцитлар бўлади. Тиббиётда турли касалликларда лейкоцитларнинг нисбати ўзгаради. Маълумки лейкоцитларнинг бир— бирига нисбати фоиз(%) ҳисобидаги ҳолати — лейкоцитар формула деб номланади.
Организмнинг ташқаридан тушган микроорганизмларга ва токсинларга қарши курашишида лейкоцитларнинг роли катта. Бу қон ҳужайралари амёба каби ҳаракат қилиб, ўлжасини ўраб олади ва парчалайди. Бундай жараён фагоцитоз
дейилади. Лейкоцитлардан лимфоцитлар иммун механизмларининг яратилишида иштирок этади ва улар лимфа тугунларида ҳосил бўлади. Нейтрофил лейкоцитлар суякнинг қизил илигида ҳосил бўлиб, уларнинг сони жуда кўп ва улар, асосан, фагоцитоз вазифасини бажарадилар. Битта нейтрофил 20 —30 та микробни қамраб, парчалаб йўқ қилиши мумкин. Моноцит лейкоцитлар талоқ ва жигарда ҳосил бўлади ва улар ҳам фагоцитозда иштирок этади. Лейкоцитларнинг сони ва лейкоцитар формула организмнинг ёшига қараб ўзгаради. Янги туғилган бола қонида катталарникига нисбатан лейкоцитлар бир мм куб ҳисобида юқори (20000). Бир — икки кунлик болаларда яна кўпаяди (30000). Кўпайишнинг сабаби шуки, бола туғилаётганда тўқималарда қон қуйилиш бўлиши мумкин, ортиқча тўқималар туғиш давомида пайдо бўлиши мумкин. Шуларни йўқотишда лейкоцитлар фаол қатнашадилар. Постнатал ҳаётнинг биринчи ҳафталарида лейкоцитлар сони 10000— 12000 гача тушади. Ўн беш ёшларда у катта организмдаги даражасига етади. Лейкоцитар формулада бир ёшгача бўлган болаларда лимфоцитлар миқдори юқори, нейтрофиллар паст даражада бўлади. Беш — олти ёшларда бу кўрсаткичлар тенглашади. Боланинг ёши ошган сари нейтрофиллар кўпайиб, лимфоцитлар камаяди. Ёш болаларнинг тез инфекцион касалликларга дучор бўлиши, биринчидан, нейтрофилларнинг камлиги ва иккинчидан, уларнинг фагоцитоз фаоллиги етарли даражада эмаслигидандир.
Do'stlaringiz bilan baham: |