Тромбоцитлар (қон пластинкалари) ва қоннинг ивиши. Тромбоцитлар шаклли элементлар ичида энг кичиги бўлиб, одам ва сут эмизувчиларда ядросиз бўлади. Бир миллиметр куб қон ҳажмида 200 000 — 400 000 гача тромбоцитлар бўлиши мумкин. Оғир жисмоний ишдан сўнг тромбоцитлар 3-5 баробар кўпайиши мумкин. Тромбоцитлар суякнинг қизил илигида ва талоқда ҳосил бўлади ва уларнинг асосий вазифаси қоннинг ивишида иштирок этишидир.
Қон тизимининг ёшга боғлиқ хусусиятлари Ҳомиланинг учинчи ойида жигар ва талоқ шаклланиб, улар қон ҳосил қила
бошлайди. Ҳомиладорликнинг иккинчи ярмидан бошлаб қон ҳосил қилувчи
асосий аъзо — илик ўз вазифасини бажара бошлайди. Тўрт ойликдан бошлаб ясси суяклардан қовурғалар, тўш суяги, умуртқалар қон ишлаб чиқара бошлайдилар.
Янги туғилган болада қон ишлаб чиқариш бироз камаяди, 10 - 13 ёшларга келиб кучаяди. Онтогенез давомида қон миқдори ўзгариб боради. Янги туғилган бола қонининг умумий миқдори тана вазнининг 15% ини ташкил қилса, бир ёшли болаларда 11%, 14 ёшда 9% ва катталарда 5-6% ташкил қилади. Постнатал онтогенезда муҳим диагностик кўрсаткич - эритроцитларнинг чўкиш реакцияси (ЭЧР) ўзгариб боради. У чақалоқларда ҳар соатига 1 - 2 мм ни ташкил қилса, уч ёшда 2 - 7 мм, ўн икки ёшда 12 мм га тенг бўлади. Қон группаси, қоннинг ивиш тезлиги онтогенез давомида ўзгармайди.
Қоннинг ивиш тезлиги 3 - 6 дақиқани ташкил қилади. Бола организми ўсган сари қон плазмаси таркибидаги оқсиллар кўпайиб боради. Эмбрион қанча ёш бўлса, унинг қонида шунча албумин кўп ва глобулин кам бўлади. Шаклли элементлар сони постнатал онтогенезда ўзгариб боради. Бир кунлик бола қонининг 1 мм кубида 300 - 600 минг тромбоцитлар бўлади. Бир ёшли болаларда эса 200 – 300 минггача тушади. Эритроцитлар сони 1 мм кубда 1,5 марта катталарникига нисбатан кўп бўлади. Шунга кўра, гемоглобин ҳам ёш организмда кўпроқ бўлади. Янги туғилган бола қонида тромбоцитлар жуда кўп бўлади (25000 —30000). Бир ҳафтадан кейин тромбоцитлар сони 1мм кубда 10— 12 минггача тушади. Қон тизими жуда мураккаб бўлиб, қоннинг ўзи, қон яратувчи аъзолар, қон емирилишини таъминловчи аъзолар ва бу тизимни бошқарувчи механизмларни ўз ичига олади. Қон яратувчи аъзолар икки муҳим вазифани бажаради: қоннинг шаклли элементларини яратади ва иммунитет билан таъминлайди. Улар марказий ва периферик аъзоларга бўлинади. Қизил суяк кўмиги ва айирсимон без (тимус) одамнинг марказий қон яратувчи аъзоларини ташкил қилса, периферик аъзоларга лимфа тутунлари, талоқ ва тананинг турли қисмларидаги лимфоид тўқималар киради. Бу аъзоларнинг ҳаммасида ёшга боғлиқ сезиларли ўзгаришлар кузатилади.
Юрак-томир тизимининг ёшга боғлиқ хусусиятлари
Бола туғилгандан кейин юрак-томир тизимида кичик қон айланиш доираси ҳам ишга тушади. Пренатал (эмбрион) даврида эса қуйидаги хусусиятлар бўлади, ҳомила ва она қони ўртасидаги модда алмашинуви йўлдош (плацента) орқали амалга ошади. Ҳомиладорликнинг учинчи ойи охирига келиб ҳомилада қон айланиши қарор топади. Унинг ўпкалари туғилишга қадар пучайган ҳолатда бўлади ва кичик қон айланиш доирасининг ўпка томирлари ўзани ишламайди. Қон йўлдошда кислородга тўйинади ва юракнинг тузилиш тузилиш хусусиятларига кўра қон айланиш амалга ошади. Ҳомилада юрак чап ва ўнг бўлмаларга тўлиқ бўлинмайди ва бўлмачалар ўзаро овал тешик орқали туташади, аорта эса ўпка артерияси билан сербар артериал йўл орқали бирикади. Бола туғилгандан ва киндик артерияси боғлангандан кейин уни она билан алоқаси узилади. Қонда карбонат ангидриднинг йиғилиши нафас олиш ва ўпкага ҳаво тўлишини рағбатлантиради. Ўпка тўқимаси ростланиши томирларнинг қаршилигини камайтиради ва бунда ўпкада қон оқими кучаяди, артерия қон оқими эса ўпкадан юракка қон оқиб келиши туфайли кучаяди. Гемодинамик қонунларига кўра, қон ҳамиша юқори босимли қисмдан паст босимли қисмга қараб оқади. Чап бўлмачада босимнинг ортиши шунга олиб келадики, овал тешик клапани юрак орасидаги тўсиққа тўлиб боради ва уни беркитади. Мускул толалари қисқариши натижасида овал тешик бутунлай битиб кетади, шундан кейин боладаги қон айланиш тизими катта одамлардаги сингари ишлай бошлайди. Ўпканинг томирлар ўзанидаги қаршилик тизими қон айланишдагига қараганда 8 баробар кам ва унга юракнинг ўнг қоринчасидан катта доирага отилишига нисбатан камроқ куч сарфланади. Бу фарқ натижасида чап қоринча жадалроқ ривожланади ва мускулларнинг массаси ўнг қоринчага нисбатан 3 баробар ортиқ бўлади.
Бола организмининг ўсиши ва ривожланиши жараёнида нафақат юракнинг тизилиши, балки ҳажми ва вазни ҳам ёшга боғлиқ ҳолда ўзгариб боради. Қатор ҳолларда аорта йўли ва овал тешик битмаслиги мумкин ва бу патологиялар ҳамма туғма нуқсонларнинг тахминан 20% ни ташкил қилади. Ҳар қандай ҳолда ҳам артерия қони вена қони билан аралашади ва тўқималарда кислород танқислиги қайд қилинади. Юрак фаолиятини бундай бузилиши юракнинг туғма нуқсонлари деб аталади.
Янги туғилган болаларда тўлиқ қон айланиши 12 секундда, 3 ёшда 15 секундда, 14 ёшда 18 секундда ва катта одамларда 22 секундда содир бўлади. Қон оқими тезлиги жинсга, ёшга, одамнинг жисмоний зўриқиши даражасига, тана ҳарорати доимий бўлишига боғлиқ. Турли хил зўриқишлар, ташқи омиллар тўқималар ва аъзоларда моддалар алмашинувига таъсир қилади. Кислород ва моддаларга қўшимча эҳтиёж пайдо бўлади, улар моддалар алмашинувидагиўзгаришлар ва қон оқимининг қайта тақсимланиши, қон томирлар ўзанининг кенгайиши ва торайиши ёрдамида унинг бир хил аъзолар ва тўқималарда кучайиши ва бошқаларда камайиши ҳисобига қопланади. 8-9 ёшли ўғил болаларда юрак уриши тезлиги 180 марта, қиз болаларда тахминан 190 мартага етади. Ёш улғайиши билан у, айниқса қизларда бирмунча ортади.
Do'stlaringiz bilan baham: |