Кўприксимон протезларни лойиҳалашнинг асосий тартиб-қоидалари (тамоиллари). Кўприксимон протезларни лойиҳалашда муайян тартиб-қоидаларга риоя қилиниши керак. Биринчи тамоилга мувофиқ, кўприксимон протезнинг таянч қисмлари ва унинг оралиқ қисми бир чизиқда жойлашиши керак. Кўприксимон протез оралиқ қисмининг эгри чизиқли шакли айланишда вертикал ва горизонтал юкламаларнингтрансформациясига олиб келади. Юклама кўприксимон протез корпусининг энг кўпроқ чиқиб турган қисмига тушади. Агар протез корпуси нуқтасидан энг узоқ жойлашган таянч тишларнинг узун ўқларини бирлаштирувчи тўғри чизиққа перпендикуляр ўтказилса, у протезни чайнаш юкламаси таъсири остида айлантирувчи ричаг елкасидан иборат бўлади. Айланувчи кучлар ҳажми шу тарзда кўприксимон протез корпуси эгри чизиғига бевосита боғлиқликда бўлади. Оралиқ қисми эгри чизиғининг камайиши трансформацияланган чайнаш юкламасининг ротацион таъсирини пасайтиришга ёрдам беради. Иккинчи тамоил шундан иборатки, кўприксимон протезни лойиҳалашда унча баланд бўлмаган клиник қопламали таянч тишлардан фойдаланиш керак. Горизонтал юклама ҳажми таянч тиш клиник қопламаси баландлигига тўғри пропорционалдир. Айниқса, пародонт учун юқори клиник қопламаларга ва қисқарган илдизларга эга таянч тишлардан фойдаланиш зарарли. Бундай ҳолатда компенсацияланган функционал ортиқча юкланишнинг декомпенсацияланган функционал ортиқча юкланишга тез ўтиш, таянч тишларнинг патологик қўзғалувчанлиги пайдо бўлиш хавфи юқори бўлади. Бундай шароитлар илдизнинг ички альвеолалар қисми қисқариши ҳисобига клиник тиш қопламаси баландлиги ошиши юз берганда, альвеолалар ўсимтаси атрофиясида ҳам пайдо бўлади. Айни вақтда, шуни ҳам назарда тутиш керакки, ҳаддан ташқари паст клиник қопламаларда кўприксимон протезни лойиҳалаш унинг корпуси таянч қисмларга туташиш майдони қаттиқлиги ва камайиши туфайли ҳам қийинлашади. Айниқса, кўпинча кавшарланган кўприксимон протезларда бирикма бузилади.
Учинчи тамоил шуни назарда тутадики, кўприксимон протез корпусининг чайнаш юзаси кенглиги ўрин босувчи тишлар чайнаш юзаси кенглигидан кичикроқ бўлиши керак. Ҳар қандай кўприксимон протез, юқорида қайд этилгандек, таянч тишлар пародонтининг захира кучлари ҳисобига ишлаши туфайли корпунинг торайган чайнаш юзалари таянч тишларга юкланишни камайтиради. Бундан ташқари, кўприксимон протез корпусини лойиҳалашда қарама-қарши тишлар мавжудлигини ва уларнинг турини – табиий ёки сунъийлигини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир. Агар босим антагонист тишлар бир қисми йўқотилиши оқибатида таянч тишлардан бирига яқинроқ жамланса, протез корпуси ушбу жойда бошқа участкаларга нисбатан торроқ бўлиши мумкин. Шундай қилиб, кўприксимон протез корпусининг чайнаш юзаси ҳаддан ташқари функционал ортиқча юкланишга йўл қўйилмаслиги мақсадида торроқ тайёрланади, айрим участкалардаги торайиш ҳажми эса клиник манзара хусусиятларига мувофиқ алоҳида белгиланади. Кўприксимон протез оралиқ қисмининг чайнаш юзаси кенглиги катталашиши эса нафақат чайнаш босимини қабул қилувчи умумий майдон ошиши ҳисобига, балки таянч тишлар кенглиги доирасидан ташқарига чиқувчи протез корпуси чеккаси бўйлаб ротацион кучланишлар пайдо бўлиши ҳисобига ҳам таянч тишлар функционал ортиқча юкланиши ошишига олиб келади.
Тўртинчи тамоил: чайнаш босими ҳажми у қўйилган нуқтадан таянч тишгача масофага тескари пропорционал эканлигига асосланган. Шундай қилиб, юклама таянч тишга қанчалик яқинроқ қўйилган бўлса, ушбу таянч тишга шунчалик кўпроқ босим тушади ва аксинча, юклама қўйилган жойдан таянч тишгача масофа оширилганда ушбу таянч тишга босим пасаяди. Консолли протезларни лойиҳалашда мутлақо қарама-қарши қонуният аниқланади. Осма сунъий тиш ўлчами қанчалик катта бўлса, ёнида жойлашган таянч тишлар шунчалик кўпроқ юкланади.
Таянч тишлар функционал ортиқча юкланишини пасайтириш учун уларнинг сонини ошириш, консолли протезлар қўлланишига йўл қўймаслик ва протез корпусининг чайнаш юзаси кенглигини камайтириш керак.
Бешинчи тамоил кўприксимон протезнинг таянч қисмлари ва ёнидаги табиий тишлар ўртасидаги контактли пунктларни тиклаш зарурати билан боғлиқ. Бу тиш ёйининг узлуксизлигини тиклаш имконини беради ва чайнаш босими, айниқса, унинг оғиз бўшлиғида қолган тишлар орасидаги горизонтал қисмининг янада бир текис тақсимланишига кўмаклашади. Яхши ифодаланган сагиттал окклюзион эгри чизиқда, яъни вертикал юкламалардан трансформацияланган горизонтал юкламалар таянч тишларни мезиал йўналишда оғдиришга интилган ҳолатда ушбу қоидага риоя этиш айниқса муҳимдир. Кўприксимон протезнинг таянч қисмлари билан тўғри тикланган контактли пункт горизонтал кучланишлар бир қисмини ёнидаги табиий тишларга узатади. Бу таянч тишлар мустаҳкамлигини сақлаб қолишга ёрдам беради ва уларнинг мезиал йўналишда оғиши олдини олади.
Олтинчи тамоил кўприксимон протезларнинг меъёрий окклюзия нуқтаи назаридан тўғри лойиҳаланишини назарда тутади. Бунда беморларнинг икки гуруҳини ажратиб кўрсатиш мумкин. Биринчи гуруҳ протезлаш вазифаси бемордаги тааллуқли функционал окклюзияга мувофиқ кўприксимон протезнинг окклюзион юзасини пухта моделлашда нуқсон соҳасида юқориги ва пастки тишларнинг бир-бирига тегиб туришини тиклашдан иборат бўлган беморларни ўз ичига олади. Бу ерда, энг аввало, протезлашдан сўнг вақтидан илгари контактлар олдини олиш, альвеолалар ўртасидаги масофани ва пародонтнинг функционал ортиқча юкланишини пасайтиришга эътибор қаратилиши керак.
Иккинчи гуруҳ нафақат протезлашга, балки бир вақтнинг ўзида бутун тиш қатори доирасида функционал окклюзияни ўзгартиришга ҳам эҳтиёж сезувчи беморларни ўз ичига олади. Бу тишлар қисман йўқотилиши, юқори ейилувчанлик, пародонт касалликлари, окклюзия аномалиялари, асоратли тишлар қисман йўқотилиши ва бошқа ҳолатларда зарур бўлади. Альвеолалар ўртасидаги масофанинг камайиши ушбу барча патологик ҳолатлар учун умумий хусусият ҳисобланади. Шундай қилиб, беморларнинг иккинчи гуруҳи учун тиш қаторлари окклюзиясидаги чуқур ўзгаришлар ҳисобга олинган ҳолда мураккаброқ протезлаш талаб қилинади.
Еттинчи қоида: эстетика талабларига максимал даражада жавоб берадиган кўприксимон протезларни лойиҳалаш керак. Бунинг учун эстетик нуқтаи назаридан энг фойдали қоплама материаллар қўлланади, шунингдек пластмасса, чинни ёки композитли материалдан тайёрланган қопламаларнинг ишончли маҳкамланишини таъминлайдиган протезнинг таянч қисмлари ва оралиқ қисмлари лойиҳалаштирилади.