Е.И. Гаврилов бўйича тиш қаторлари нуқсонлари таснифи: 1 – бир томонлама охирги нуқсон; 2 – икки томонлама охирги нуқсонлар; 3 – тиш қатори ён бўлимининг бир томонлама қўшилган нуқсони; 4 – тиш қатори ён бўлимларининг икки томонлама қўшилган нуқсонлари; 5 – тиш қатори олд бўлимининг қўшилган нуқсони; 6 – комбинацияланган нуқсонлар; 7 – якка сақланиб қолган тишли жағ.
Тиш қаторининг мустақил амал қилувчи тишлар гуруҳига бўлиниши. Тиш қатори алоҳида қисмлар (ўз шакли ва функциялари бўйича турли хил тишлар, уларнинг гуруҳлари)дан ташкил топганлигига қарамай, ҳам морфологик, ҳам функционал жиҳатдан яхлит тизимга бирлашган. Тиш қатори бирлиги альвеолалар ўсимтаси ва тишлараро контактлар билан таъминланади. Ёш ўтиши билан контактли пунктлар майдончаларга айланган ҳолда емирилади, бироқ тишларнинг мезиал силжиши ҳисобига тиш қаторининг узлуксизлиги сақланиб қолади. Бунинг натижасида ёш ўтиши билан тиш ёйи 1,0 см қисқариши мумкин. Тиш қаторининг бирон-бир участкасида пайдо бўладиган чайнаш босими нафақат ушбу гуруҳ илдизларига, балки тишлараро контактларга ҳам тушади, мисоли занжир бўйича бошқа тишларга ҳам узатилади. Чайнаш босимининг бундай тақсимланиш механизми тишларни функционал ортиқча юкланишдан сақлайди. Бундан ташқари, тишлараро контактлар четки пародонтни қаттиқ озиқ-овқат билан жароҳатланишдан ҳимоя қилади.
Тишларнинг бир қисми олиб ташланиши билан тиш ёйининг морфологик ва функционал яхлитлиги бузилади, бунда у мустақил амал қилувчи гуруҳларга ёки бир қатор якка қолган тишларга бўлинади. Улардан баъзилари функционал (ишчи) гуруҳ ҳосил қилган ҳолда антагонист тишларга эга бўлиб, озиқ-овқатни тишлаб узиб олиши ёки чайнаши мумкин. Бошқалари антагонист тишлардан маҳрум бўлиб, чайнаш жараёнида иштирок қилмайди. Улар нофункционал (ишчи бўлмаган) гуруҳни ташкил этади.
Тишларнинг функционал ортиқча юкланиши тиш ёйлари нуқсонларида чайнаш босимини қабул қилиш шароитлари ўзгариши: антагонист тишлар сони камайиши ёки тишлар таянч аппаратининг бирон-бир патологик жараён (пародонтоз, пародонтит, ўсма, остеомиелит, тишлараро контактлар йўқотилиши ва ҳ.к.) билан шикастланиши туфайли пайдо бўлади.
Кичик нуқсонларда функционал ортиқча юкланиш сезилмайди, чунки сақланиб қолган тишлар улар пародонти учун ҳеч бир кучланишсиз йўқотилган функция ўрнини тўлдиради. Нуқсонлар кенгайиши билан тиш қатори функцияси ёмонлашади, унга ортиқча юкланиш кучаяди.
Тишлар пародонтининг юқори функционал юкланишга қарши курашиш имкониятлари унинг захира кучларига боғлиқ бўлади. Пародонтнинг захира кучлари дейилганда ушбу органнинг функционал кучланиш ўзгаришига мослашиш хусусияти тушунилади. Ҳар бир тиш пародонти организмнинг умумий ҳолати, тиш илдизи ўлчами, яъни пародонт юзаси, периодонтал тирқиш кенглиги, тиш қопламаси ва илдизи узунлиги нисбати билан белгиланадиган ўз захира кучларига эга бўлади. Захира кучлари машқ орқали оширилиши мумкин (Н.А. Астахов, 1938). Қаттиқ озиқ-овқат истеъмол қилмайдиган шахслар, айниқса, болалар пазандалик нуқтаи назаридан яхши ишланмаган ва кам ишлов берилган таомни истеъмол қиладиган шахсларга нисбатан пародонтнинг камроқ мустаҳкамлик захирасига эга бўладилар.
Тишларнинг функционал ортиқча юкланиши турли йўллар билан пайдо бўлади. У қуйидагилар оқибатида оғиз бўшлиғидаги шароитлар ўзгариши натижасида пайдо бўлиши мумкин:
1) тишлов аномалиялари (масалан, жуда тез-тез чуқур тишлов сабаб бўлади);
2) қисман тишлар йўқотилиши;
3) тиш қатори окклюзион юзасининг шакли ўзгариши;
4) олд тишлар аралаш функциялари;
5) патологик ейилиш;
6) протезлашдаги хатолар: а) тиш қопламасида, кўприксимон протезда тишлов кучайиши; б) мезиал таянч билан консол протези қўлланиши; в) нотўғри кламмерли маҳкамлаш; г) ортодонтик аппаратлар;
7) бруксизм ва бруксомания;
8) ўткир ва сурункали периодонтитлар;
9) остеомиелит ва жағ ўсмалари.
Тишлар қисман йўқотилганда функционал ортиқча юкланиш тиш қатори узлуксизлиги бузилиши, ўз антагонист тишлари билан контактдаги тишлар сони камайиши, аралаш функциялар пайдо бўлиши, тишлар силжиши туфайли окклюзион юзанинг шакли ўзгаришлари билан боғлиқ чайнаш босими тақсимланишининг ўзгариши туфайли пайдо бўлади. Соғлом пародонтга ҳаддан ташқари ортиқча функционал юкланиш тушганда, биз бирламчи жароҳатловчи (травматик) окклюзия хусусида сўз юритамиз.
Бошқа ҳолатда чайнаш босими у кўпайганлиги ёки йўналиш бўйича ўзгарганлиги туфайли эмас, балки пародонт касаллиги оддий функцияларини бажариш имкониятидан маҳрум қилганлиги сабабли жароҳатловчи босимга айланади. Бундай ҳолатни иккиламчи жароҳатловчи окклюзия деб атаймиз.