ХАВФСИЗЛИКЗОНАСИ – бу тиш коронкаларининг шундай соҳасики, бу соҳада, тиш бўшлиғининг очилиб қолишидан қўрқмай, ишонч билан қаттиқ тўқималарни кесиб ташлаш мумкин. Аксинча, тўқималар қатлами катта бўлмаган ва фақат эҳтиёткорлик билан кесиш олиб бориш мумкин бўлган соҳа хавфли соҳа бўлиб ҳисобланади. Н. Г. Аболмасов ва Е. И. Гаврилов бўйича, юқори ва пастки курак тишларда хавфсизлик зонаси қуйидагича жойлашган (расм 3):
а) кесувчи қирра олдида,
б) экватор соҳасида орал ва вестибуляр томондан,
в) бўйин қисми соҳасида.
Қозиқ тишларда хавфсизлик зонаси қуйидагича жойлашган:
а) кесувчи қирра олдида;
б) экватор соҳасида вестибуляр, орал ва контакт томондан;
в) бўйин қисми соҳасида вестибуляр, орал юза томондан, юқори қозиқ тишлар учун эса дистал юза томондан ҳам. Ёш катталашган сари барча олд тишларда хавфсизлик зонаси кесувчи қирра олдида кўпроқ ва экватор ва бўйин қисми соҳасида орал томондан камроқ кенгаяди. Тишнинг бошқа деворларининг қалинлиги шунингдек камроқ даражада катталашади. Курак тишларда тиш бўртиқлари ва кесувчи қирра орасидаги коронканинг орал томондаги эгилган жойи, ҳамда қалинлиги жуда юпқа бўлган экватор ва бўйин соҳаси даражасидаги контакт деворлар энг хавфли жой бўлиб ҳисобланади. Юқори қозиқ тишларда коронканинг орал томондаги эгилган жойи ва бўйин қисми соҳасидаги медиал контакт девор, пастки қозиқ тишларда эса худди шу жойда дистал девор ҳам хавфли жой бўлиб ҳисобланади.
Премолярлар ва молярлар учун хавфсизлик зонаси Е. И. Гаврилов ва Б. С. Клюев томонидан ёритиб берилган (расм 4). 20-24 ёшдаги инсонларда юқори премолярларда хавфсизлик зонаси бўртиқ чўққиларининг чайнаш юзасида ва мезиодистал фиссура бўйлаб жойлашган. Орал, вестибуляр ва иккала контакт юзаларда улар экватор даражасида, бўйин қисми соҳасида эса- орал ва вестибуляр юза томонда жойлашган. Пастки премолярларда бўйин қисми соҳасидаги хавфсизлик зонаси дистал контакт юзага ҳам тарқалади. Тиш фиссураси яқинидаги лунж бўртиғининг орал қиялиги премолярларнинг чайнаш юзасидаги энг хавфли жой бўлиб ҳисобланади. Чайнаш юзасининг шу соҳаси трепанация қилишда тиш бўшлиғига кириб бориш учун энг қисқа йўл бўлиб ҳисобланади. Бўйин соҳаси даражасидаги контакт деворлар юқори премолярлар коронкаларининг хавфли жойи бўлиб ҳисобланади. Пастки премолярларда шу соҳанинг ўзида хавфли жой мезиал контакт соҳасида жойлашган. Бу ерда бўшлиқ деворлари юпқа қалинликка эга.
Ёш катталашган сари премолярлар деворларининг қалинлиги ошади, бинобарин, хавфсизлик зонаси ҳам кенгаяди. Қаттиқ тўқималар қатламининг қалинлиги камайган соҳадаги бўртиқлар бундан мустасно. Чайнаш юзасининг бу соҳаси кучли емирилганда 40 ёшдан катта шахсларда хавфли зона бўлиб қолади, чунки кекса ёшда бўртиқлар жойида ҳосил бўлган чуқур фасеткалар туби коронкани трепанация қилишнинг жойи бўлиб ҳисобланиши мумкин.
Хавфсизлик зонасини билиш тишларни чархлаш учун фақатгина умумий мўлжални олишга ёрдам беради. Ёш жиҳатидан аниқроқ маълумотларни Н. Г. Аболмасов ва Б. С. Клюевларнинг тиш бўшлиғи деворларининг жадвалидан топиш мумкин.