Солиқ маъмурчилиги тўғрисида тушунча ва унинг моҳияти
@TDIU_ARM
Иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашда солиқ тизимини модернизациялаш, солиқ маъмурчилигини ва қонунчилигини янада такомиллаштириш, ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳаллий маҳсулотлар билан тўлдиришда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш ҳамда шунинг асосида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини кўпайтириш ва фаровонлигини ошириш муҳим вазифа ҳисобланади.
Мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлаш учун барча қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамиша биринчи даражали устувор мақсад ва вазифа бўлиб келган.
“Солиқ маъмурчилиги” - солиқ органлари умумий фаолиятини ташкил этиш ва бошқарув тизими бўлиб, у солиқ органларида қонун томонидан кўзда тутилган функцияларни бажарилишини таъминлайди.
Баъзи ҳолларда “солиқ маъмурчилиги”нинг ўрнига “солиқ маъмуриятчилиги” ибораси ҳам ишлатилмоқда.
Солиқ маъмурчилигини моҳиятини аниқлаш учун, бизнинг назаримизда, бир неча муҳим ҳолатларга эътибор бермоқ лозим. Уларнинг муҳимлари ва энг асосийлари таркибига қуйидагиларни киритиш мумкин;
Солиқ маъмурчилиги солиқ муносабатларини бошқариш тизимидир. Солиқ маъмурчилиги солиқ муносабатларини бошқариш тизими экан,
биз бу ерда унинг моҳиятини белгилаб беришда муҳим рол ўйнаши мумкин бўлган “бошқариш” сўзига алоҳида эътибор беришимиз керак. Бошқача сўзлар билан айтганда, “бошқариш”нинг моҳиятига хос бўлган ҳолатлар солиқ маъмурчилигининг моҳияти учун ҳам хосдир
Шу ернинг ўзида солиқ маъмурчилигининг моҳиятини аниқлашга кўмак берувчи яна бир ҳолатни аниқлашимиз мумкин. Гап шундаки, солиқ маъмурчилиги, биринчи навбатда, солиқ муносабатларини бошқариш тизими сифатида қаралаётган экан, унинг тизим эканлигига ҳам эътибор қаратмоқ лозим. Солиқ маъмурчилиги тизим сифатда қаралса, табиийки, унинг бир неча элементлардан иборат эканлиги маълум бўлади.
Солиқ маъмурчилиги давлат солиқ сиёсатининг амалга оширилишини таъминлайди ва шунга хизмат қилади.
Шундай экан, бу ҳолат ҳам солиқ маъмурчилигининг моҳиятини белгилаб беришда ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Шунга мос равишда солиқ маъмурчилиги оператив ҳолда ҳаётга тадбиқ этилаётган солиқ сиёсатининг асосий йўналишларини ўзида акс эттирмоғи лозим.
Солиқ маъмурчилиги солиқ органларининг фаолиятларини мувофиқлаштириб туради.
Бу нарса солиқ маъмурчилигига бевосита хос бўлган хусусият бўлиб, ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида солиқ органларининг фаолиятларини ташкил этишда алоҳида аҳамият касб этади. Бусиз солиқ органларининг фаолиятини соғлом ташкил этишни тасаввур этиш мумкин эмас.
Солиқ маъмурчилигининг моҳияти, конкрет ҳолда, у томонидан бажарилиши мумкин функциялар орқали намоён бўлади.
Солиқ маъмурчилиги, энг аввало, солиқ муносабатларини бошқариш тизими бўлганлиги учун, унга умумий кўринишдаги бошқаришга хос бўлган барча функциялар тегишлидир. Булар хусусида магистрлик диссертациямиз ушбу бобининг 2-параграфида батафсил тўхталамиз.
Солиқ маъмурчилиги солиқ ҳуқуқининг қоидаларига асосланади, уларни ўзига хос тарзда тўлдиради, уни назарий ва амалий нуқтаи-назардан солиқ механизмининг ўзига хос бўлган стержени сифатида талқин этиш мумкин.
Солиқ хуқуқининг нормалари солиқ маъмурчилиги тизимини оқилона ташкил этишга имкон беради ва уни бутун солиқ механизмига тарқатади
Солиқ муносабатлари солиқ маъмурчилигининг предметини ташкил этади. Маълумки, солиқ муносабатлари давлат (солиқ назоратининг субъекти сифатида) билан солиққа тортиш субъектлари (юридик ва жисмоний шахслар) ўртасида вужудга келиб, бу субъектлар зиммасига ўз маблағлари ҳисобидан солиқларни тўлаш мажбурияти юклангандир.
Юқорида баён қилинганларни умумлаштирган ҳолда қуйидаги чизмага асос солишимиз мумкин (1-чизмага қаранг).
Do'stlaringiz bilan baham: |