Бир гуруҳ ўқувчилар томонидан аждодларимизни таъриф этувчи қуйидаги шеърлар ўқилади:
Ал-Фарғоний
Нилдан дақиқада оқар қанча сув?
Тошқинлар солмасми Мисрга ғулув?
Тўса оладими тўлқинли қирғоқ,
Халқ бошига офат солмасми қурғоқ?
Сув бобида унда ёнди эҳтирос,
Сувга – ўзбекона ундаги ихлос.
Ахир билар эди. Сув билан – ҳаёт,
Сувдан тинглар эди у куй ва баёт.
Аз-Замахшарий
Араб тили мафтун қилиб дилини,
Арабга ўргатди араб тилини.
Аму соҳилида қолиб уй-жойи,
Араб тили учун бўлди фидойи.
Ёғоч оёқ билан арабга етди,
Уларнинг қўлига бир луғат тутди –
Ўтса ҳам орадан бир неча аср,
Араблар дунёси – илмига асир...
Ал-Хоразмий
Олам илми аро ярақлади нур –
Бу – сеҳри оламча “Ал-Жабр” эрур.
Хоразм замини – заколар юрти
Юзини ҳамиша фан сари бурди.
Олиниб гумонлар юзидан ҳижоб,
Дунёга ўргатди: нимадир ҳисоб!
Рақамлар қудратин қилиб инкишоф,
Топди ал-Хоразмий бобомиз шараф.
Ибн Сино
Кўзга кўринмасдан солган ваҳима –
Ахир касалликни тарқатган нима?
Қаердан танани қақшатган азоб?
Сувинг, таомларинг демак, эмас соф –
Микроблар келтирар танага офат,
Улар касалликка боис касофат...
Тозалик, ҳаракат керак инсонга,
Ўшанда ҳеч куч хавф сололмас жонга.
Оламни кезади илми доимо,
Тиббиёт илмининг отаси – Сино!
Ал-Беруний
Деди, осон эмас дунёни англаш,
Кўрсатди, нечалар қараши – янглиш.
Тафаккур мулкининг хатосин фарқлаб,
Иқлимлар тарихин беролди шарҳлаб.
Нимаики қилди закоси идрок –
Уни кўрай деди турфа чангдан пок.
Ҳикмат уйини у яратиб шоён
Инсон заковатин этди намоён.
Футувват бобида тебратиб қалам,
Яратди ўзига хос боқий олам.
Янги қитъа бор, деб қилди башорат,
Бу бўлди Колумблар учун ишорат...
Юсуф Хос Ҳожиб
Солиб туркий олам дилига қулоқ,
Билимларга керак, деди иштиёқ.
Билимсиз бу ҳаёт ахир нимадир,
Билим – денгиздаги сузган кемадир.
Билимсизлар - оми тўдадир, абгор,
Фақат билим бўлар инсонга ҳамкор!
Ахлоқ андозасин билимда билгил,
Хос Ҳожиб бобомиз айтганин қилгил!
Ал- Фаробий
Фанга ташналикдир инсонга хислат,
Фан амалиёт – олий фазилат.
Бўлди ҳар бир сўзи фалсафий нақл,
Фозиллар ҳам ундан ўрганди ақл.
Деди: беғаразлик ва холис ният,
Аввало, инсонни қилар тарбият.
Сўзнинг қудратини ҳис қилган ҳар зот,
Энг мушкул дамлар ҳам топади нажот.
Ал-Бухорий
Имом Бухорийдек буюк ватандош,
Ҳадис илмидаги порлаган қуёш.
Шарҳлаб пайғамбарнинг ҳар каломини,
Битди мангуликка азиз номини.
Унинг дурга тўла ҳар бир китоби –
Мусулмон олами узра хитоби.
Токи яшар экан дилларда иймон,
Иймондай эъзозда бўлар бу инсон.
Аҳмад Яссавий
Ҳаром билиб дунё молини тамом,
Ер остига кирди Яссавий бобом.
Бировнинг ҳақидан қил, деди, ҳазар,
Ҳаромтомоқ бўлиб қолма, алҳазар!
“Сеҳрлаб қўймасин ўткинчи ҳаёт,
Ҳаммани обкетар бир кун чўбин от!”
Илло, сизни тангрим айласин раҳмат,
Туркийлар виждони – Қулхожа Аҳмад!
Do'stlaringiz bilan baham: |