4-мавзу. Оила-никоҳ муносабатларида социал мақом ва иерархия
Оилавий муносабатларда андрогонистик ёндашув.
Оилавий муносабатларда биполяр ёндашув.
Оиланинг кичик гуруҳ сифатида ўрганишдаги социологик ва психологик ёндашувлар.
Оилавий бирдамлик ва “БИЗ” ҳисси.
Ўзлаштирувчи хўжаликдан ишлаб чиқарувчи хўжаликка ўтилиши муносабати билан ижтимоий тузилма шакли сифатида матриархат ўз ўрнини патриархатга бўшатиб берди. Энди, эркак асосий таъминотчи куч, жамоа бошқарувчисига айланди. Ота уруғи устуворлиги, ишлаб чиқариш воситаларига эгалик эркакларга ўтиб, меҳнат қилиш шакллари ижтимоий институт сифатида шаклланиб, товар-пул муносабатлари юзага келди. Полигам муносабатлардан моногам оила тизимига ўтилди. Хусусий мулк пайдо бўлди. Ижтимоий тузилманинг ушбу шакли хўжалик юритиш шартлари билан боғлиқ бўлиб, бу борада тадқиқотларини олиб борган М.Холматова фикрича: “Деҳқончилик, кулолчилик, чорвачиликнинг асосчиси, меҳнат тақсимотини йўлга қўйиб, дастлабки меҳнат қуролларини яратган, уй хўжалигини юритишни бошлаб берган хотин-қизлар эди” 57. Демак, аёллар ижтимоий муносабатлар тизимида бунёдкорлик ва яратувчанлик фаолиятига тамал тошини қўйдилар.
Синфий жамиятларнинг пайдо бўлиши патриархал тартиботларни янада мустҳакамлади. Ушбу муносабатлар негизида шаклланган ижтимоий меъёрлар илк давлатларнинг расмий қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топди. Хусусан, қадимги Бобил ҳукмдори Ҳаммурапи қонунларига мувофиқ:«Қизлар турмушга чиққунларига қадар отасига тегишли бўлар, бўлғуси эр уларни отадан сотиб олиши керак бўлган»58. Турмушга чиққан аёл итоат этмаса, эри уни шафқатсиз жазолаш ҳуқуқига эга бўлган. Хотин-қизлар айниқса, иқтисодий соҳада деярли ҳуқуқсиз бўлиб, уларга кимнингдир мулки сифатида қаралган.
Тарихий тараққиётнинг турли даврларида хотин-қизларнинг жамиятда тугун ўрни ижтимоий меъёрлар доирасида чекланган бўлса-да, тарихий манбалар аслида хотин-қизлар нафақат оила, балки, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида фаол бўлганлигини кўрсатади. Манбаларда келтирилишича, Миср фиръавни Аменхотеп III нинг рафиқаси Тейя давлатни бошқарувида тенг иштирок этган. Кейинчалик ўғли Эхнатоннинг тахтга ўтириши муносабати билан расман “қиролича-она” мақомига эга бўлган1. Тейя ўғлига кучли таъсир ўтказган ва мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида ўз хукмини ўтказа олган.
Геродотнинг «Тарих» асарида эса Амударёнинг қуйи оқимида яшаган массагет қабиласи йўлбошчиси Тўмарис Аҳамонийлар ҳукмдори Кир II қўшинларини тор-мор этганлиги ҳақида ёзиб қолдирган59. Бу маълумотлар қадимдан Марказий Осиёда хотин-қизлар нафақат уй хўжалиги ва болалар тарбияси, балки, ижтимоий бошқарув ва ҳарбий санъат соҳасида ҳам мукаммаллик эришганлигидан далолат беради.
Қадимги даврда Марказий Осиё минтақасида ижтимоий муносабатлар хусусияти, ўтроқ аҳоли турмуш тарзи, дини ва эътиқодини тасвирловчи илк ёзма манба «Авесто»да жамият ва оилавий муносабатларда хотин-қизларнинг социал қиёфаси борасидаги маълумотлар ўз долзарблигини йўқотмаган. Унда таъкидланадики, «Ўғил болаларга нисбатан ҳам қиз болалар илму дониш ўрганишга киришсинлар. Зеро, улар ота-она ёшида бўлган вақтларида ота хонадонини тартибга солиб, зийнат бериб турса, турмуш қуриб боргач, болалар тарбияси билан, келажак насл таълими билан машғул бўлмоқлари лозим бўлади»60. Демак, қадимдан авлод тарбияси аёл, она зиммасига юкланар экан, бу масъулиятли вазифа нафақат оила давомийлиги, балки давлат истиқболини ҳам белгиловчи омиллардан эканлиги англанган. Ўғил болалар қаторида қиз болалар тарбиясига алоҳида эътибор берилиб «аёлни таҳқир этмоқ ёмон амал, нодонлик белгиси»61 саналган.
Зардуштийликда хотин-қизларга муносабат масалаларини ўрганган М. Ҳамидова «Қизлар уй-рўзғор ишларидан ташқари ўғил болалар билан кураш тушиш, чавандозлик, қиличбозлик, сувда сузиш, камондан ўқ узиш каби жисмоний-ҳарбий малака берувчи ва кейинчалик жамоа ичида тегишли мақомни тақдим этувчи «ҳаёт мактаби»ни эгаллаши мажбурий бўлган»лигини таъкидлайди62. Шундан сўнг қизлар ва ўғил болалар оқсоқол бошчилигида жамоа олдида махсус имтиҳондан ўтказилган. Имтиҳонни муваффақиятли топширган қизлар “кадбону63” – уй бекаси, йигитлар эса «кадхудо» – оила бошлиғи мақомини қўлга киритганлар. Уларнинг ушбу мақомлар доирасида бажариладиган вазифалар қатъий тартибланган. Демак, ўрганилган даврда минтақамизда хотин-қизларнинг давлат ва жамиятдаги ижтимоий ўрни эркакларники билан тенг бўлмасада, хотин-қизлар фаоллигига эркаклар муносабати салбий бўлмаган.
Туркий хотин-қизларнинг ижтимоий-маданий ҳаётдаги ўрнини ўрганган фалсафа фанлари доктори О.Нишонованинг фикрига кўра, улар ижтимоий ҳаётда ва сиёсатда фаол иштирок этган. Қабила ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган аёллар ижтимоий муносабатларни барқарорлаштирувчи ва институтлаштирувчи маданий-хўжалик типларини яратдилар. Аммо, ушбу хусусиятларнинг муқим шаклга кириши аёлларнинг оилада “ўчоқбоши”, “уй бекаси” бўлиши билан боғлиқ ҳолда кечди64.
IV-VII асрларда Марказий ва Яқин Шарқ халқларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг роли Абулқосим Фирдавсий ўзининг “Шоҳномаси” асарида ифодаланди. Фирдавсийнинг ушбу асарини ўрганган олим, халқаро Фирдавсий мукофоти лауреати Шоислом Шомуҳамедовнинг ёзишича: “Шоҳномадаги одил шоҳлар образи, ёрларига ҳақиқий дўст, ватанларига содиқ фидойи хотинлар образи ва шунга ўхшаш достонлардаги ажойиб ҳислатлар бу китобни чинакам халқ мулкига айлантириб юборган”2. Демак, Абулқосим Фирдавсий ўзининг “Шоҳномаси”да Эрон, Ўрта Осиё халқларининг Искандар Зулрқарнайн давридан то араблар бостириб келгунча бўлган тархий даврини ёритар экан, хотин-қизларнинг бу ҳудудда ижтимоий-сиёсий жараёнларга таъсирини Искандарнинг Равшанак онаси Дилорой билан ёзишмаларида яққол ифодалади. Эътиборлиси, Дилорой искандар номасига қуйидаги жавобни ёзганда нафақат ўз оиласи, балки эл-юрт манфаатини сўради:
Мактубга тезда у ёздирди жавоб,
Маъно дурларини тизиб беҳисоб.
Офаринлар айтиб ул зотга аввал,
Мақсаду матлабин очди галма-гал.
Деди яздон номин олиб у тилга:
“Жангу сулҳ ва шафқат сендандир элга”4.
Абу Райҳон Беруний турли халкларнинг тарихий–маданий хусусиятларини ўрганар экан сосоний подшолар қаторида лақаби Бахтли бўлган Бўрон Хисрав Парвиз қизи (таҳминан 409-458 йиллар орасида) ва лақаби Адолатли бўлган Озармидухт Парвиз қизи (таҳминан 411-459 йиллар орасида) нинг ҳукмдорлик қилганлигини қайд этиб ўтган2. Демак, Беруний ўрганган даврларда Марказий Осиё ҳудудида аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги таъқиқланмаганлиги, аксинча, сулола давомчиси сифатида ҳатто давлат бошқарувида иштирок этганлар.
Манбаларида кўрсатилишча араблар босқини арафасида Туркон Хотун Мовароуннаҳрнинг муҳим вилоятларидан бўлган Бухорони икки ёшли ўғли Тўхшодани расман тахтга ўтказиб, амалда эса ўзи бошқарган. Ўз даврида, ушбу аёл Самарқанд-Бухоро-Амударё савдо йўлини назорат қилган. Араблар босқини бошлангач, Бухоро вилояти мудофааси учун жанг олиб борган65.
Ислом дини кириб келгач (VII-VIII асрлар) диний илмлар дунёвий илмлар билан узвий боғланган ҳолда ривожлана борди. Ислом даврида, хусусан, ислом уйғониш даврида хотин-қизлар адабиёт, аниқ фанлар, фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) ва бошқа соҳалар билан биргаликда давлат бошқарувидек муҳим масалаларда ҳам етакчи ўрин тутдилар. Гарчи, айрим илмий доираларда ислом даврида мусулмон хотин-қизларнинг ҳуқуқсизлиги, уларнинг давлат бошқарувидан, ижтимоий-сиёсий, маданий жараёнлардан бутунлай четлатилганлиги ҳақидаги фикрлар етакчи ўрин тутса-да, амалда вазият ўзгачалигини кўриш мумкин. Хусусан, Қуръони каримда «Хотин-қизлар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир66», дейилади. Зеро, Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в.) ҳам аёл зотига ҳурмат ва эҳтиромда бўлиб, «Сизлардан энг яхшиларингиз ўз аҳли аёлингиз билан муомала қилган кишидир. Мен ўз аҳли аёлларимга сизларга бўлганимдан ҳам кўра хушмуомаладаман»67, деганлар. Қуръони карим ҳамда ҳадисларда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари бўйича жуда кўплаб фикрлар мавжуд. Хусасан “Аллоҳ таоло аёллар билан яхши муомалада бўлишларингизни тавсия этади, чунки улар оналаринг, қизларинг, холаларингдир”2. Аёл оиланинг маънавий мустаҳкамлигини таъминловчи ва баркамол фарзандни тарбиялаб, вояга етказувчи зот сифатида таърифланди. Мусулмон хотин-қизлар никоҳ, мерос ва бошқа муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларда тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлдилар.
Турк исломшунос тадқиқотчи Бахри Учоқўзи «Мусулмон давлатларида аёл - ҳукмдорлар» номли монографиясида кўрсатишича, аёллар нафақат фан ва адабиёт, санъатда, балки, сиёсатда ҳам ўз номларини абадийлаштирди. Муаллифнинг ёзишича:”Пайғамбарнинг хотини Ойиша «Жамил» жангида эркак саркардалар каби лашкарларни бошқарди... Шунга қарамасдан, айрим ғарб тадқиқотчилари шарқ аёлларини исломий жамиятидаги мавқеини нотўғри талқин қилиб, уларни эркакларнинг қули ёки девор орти (ичкари) даги хизматкор сифатида кўрсатдилар”68. Ваҳоланки, мусулмон аёллар ўзларининг ҳуқуқий мақомини ғарб аёлларига нисбатан олдинроқ англаб етганлар. Жамиятдаги ўрни, савдо ва мулкий тақсимотда ўз улушини билганлар.
Айнан ислом дини раҳномалигида аёллар илм- фан ва маданиятда юқори марраларни эгалладилар. Аёллардан машҳур табиблар ва мухаддислар етишиб чиққан. Хусусан, Қози Абу Жаъфар Тофжолийнниг қизи Уммул Ҳусно араб дунёсининг машҳур табибларидан саналган. Карима УтрузияСаййида Нафийса бинту Муҳаммад эса аёллар орасидаги машҳур мухаддислар даражасига эришган69.
Марказий Осиё Ўйғониш даври саналган IX –XII асрларда яшаб ижод этган мутафаккирлар ўз асарларида хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги мавқеи борасидаги фикрларини билдириб ўтганлар. Айнан ушбу даврда кузатилган иқтисодий ва маданий юксалиш аёлларнинг ижтимоий ҳаётидаги фаоллигига қулай муҳит яратди.
Амир Темур ва темурийлар ҳукмронлиги даврида хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги социомаданий қиёфасидаги ўзгаришларни юксалтириш учун имкониятлар яратилди. Соҳибқирон салтанатидаги хотин-қизларга бўлган ҳурмат, эътибор ва ишонч диққатга сазовор. Амир Темур: «Хотин-қизларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим»70, деб ёзган. Сароймулкхоним Амир Темур никоҳига ўтгач мамлакатнинг энг нуфузли хотин-қизларидан бирига айланди, салтанатда «Бибихоним» деган юксак мавқега эга бўлди. Бибихоним юксак идрок эгаси, ўқимишли, маърифатли бўлиш билан бирга, беназир дид-фаросат соҳиби ҳам бўлган. У иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётдан яхши хабардор бўлиб, салтанат ишларида доно маслаҳати билан иштирок этган.
Бундай юксак сифатлар, ўз навбатида, ўзбек миллати тарихида жасорат ва матонати, ақл-заковати, меҳнати ва бунёдкорлик салоҳияти, буюк фарзандлар тарбиясида ўз меҳри билан абадий ном қолдирган темурий маликалар – Гавҳаршодбегим, Хонзодабегим, Гулбаданбегим, Зебунисобегим каби ўз даврининг етук хотин-қизларига ҳам дахлдор. Хотин-қизларнинг ижтимоий мақоми жамият тартиботидан келиб чиқиб ижобий қабул қилинган ва бу анъана Темурийлар даврида ҳам сақланиб қолган.
Соҳибқирон Амир Темурнинг ўғли Шоҳрух Мирзонинг садоқатли рафиқаси буюк олим, саркарда ва давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг онаси Гавҳаршод бинту Ғиёсиддин Тархон (Гавхаршодбегим) зийрак ва ақл-идоркли аёл сифатида салтанатни бошқариш ишларида иштирок этган. Шоҳрух Мирзо ўз рафиқасининг оқила ва донолигига тан бериб, унинг маслаҳатларига таянган. Гавҳаршодбегим Шоҳрух Мирзонинг ҳарбий юришларида бирга иштирок этган. Мамлакатдаги бунёкорлик ишларида ҳиссаси катта бўлган. Унинг давлат бошқарувидаги ҳиссасининг ёрқин исботи Гавҳаршод бинту Ғиёсиддин Тархон номи битилган узук-муҳр бўлиб, Гавҳаршодбегим ўз даврида Темурийлар салтанатининг эътиборли аъзоларидан бири эканлигининг рамзий белгиси саналган71. Ушбу узук-муҳр давлат аҳамиятига молик ҳужжатларни тасдиқловчи юксак қудратга эга ашё сифатида Санкт-Петербург шаҳридаги Давлат Эрмитаж музейида сақланмоқда.
Темурийзода шаҳзодалардан Бобурмирзонинг суюкли қизи Гулбаданбегим акаси Хумонюнга бағилаш “Хумоюннома” асарини ёзган. Унинг жияни Акбаршоҳ давлат бошақрувчи ишларида ўз аммаси бўлган Губланданбегимга суянган. Акбаршоҳнинг ўғли Шоҳ Жаҳон эса ўз рафиқаси Мумтоз Маҳалбегим хотирасини учун Тож Маҳал мақбарасидек санъат асарини яратган. Улуғ шоира Зебуннисо Шоҳ Жаҳоннинг набираси бўлиб, ўзининг буюк авлод-аждодларига хослигини ўзнинг серқирра ижод намуналари билан кўрсатган72. Ушбу тарихий далиллар буюк саркадда ва давлат арбоби Амир Темур ва унинг авлодлари нечоғлиқ юксак маърифат ва илм эгаси эканлигини кўрсатади. Биргина сулола вакилларидан чиққан мутафаккирлар, сиёсатчи ва олимлар туркий халқларнинг қудратини оламга танитди. Бунда нафақат эркаклар, балки аёлларнинг беқиёс ўрни ва тўғридан-тўғри иштирокни намоён этди. Зеро, Темурийлар салтанатининг оқила хотин-қизлари ушбу қудратли авлод давомийлигини таъминлаган илм-фан, маърифатда яратувчанлик қобилиятига эга машҳур ворисларни тарбияладилар ҳамда давлат ва жамият ишларини ақл-идрок билан бошқаришда доно маслаҳатчилар сифатида танилдилар.
Аммо, хотин-қизларнинг фаоллигини чеклаш борасидаги туб бурилиш 1650 йил, яъни Эрон шохи Нодирбек истилосидан кейин бошланди. Айнан, XVII-XVIII асрларда Туркистонда юзага келган ижтимоий, сиёсий, маънавий ҳаётдаги таназзул даври хотин-қизларга бўлган ижтимоий муносабатларда ҳам акс эта бошлади. Анбар Отин, Нодирабегим, Дилшоди Барно каби шоиралар ижодида ҳам хотин-қизлар масаласида зиддиятли ҳолатларни кўтариб чиқиш бошланди. Қайд этилган давр ижтимоий тузилмасини ўрганган А.Вамберининг «Ўрта Осиёга саёҳат» номли асари ҳамда В.П.Наливкиннинг «Туркистон хотин-қизлари ҳақидаги эсдаликлари»да ҳам хотин-қизларнинг ижтимоий-маънавий аҳволи гендер масалалари нуқтаи назаридан анча муаммоли эканлиги қайд этилган. Бунга асосий сабаб эса Туркистоннинг XVII-XIX асрлар маънавий ҳаётида аёлларга бўлган муносабатда аввал амал қилган рационал ёндашув ўз ўрнини консерватив ақидалар ва хурофотга бўшатиб берганлигида бўлди.
аср охири ва аср бошларида Туркистонда шаклланган жадидчилик ҳаракати хотин-қизлар масаласидага мунозараларда туб бурилиш ясади. Жадидчилар жамиятнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий янгиланиш жараёнларида хотин-қизларнинг ролини оширишни тарғиб қилдилар. Бу борада, Махмудхўжа Беҳбудий, Абдурауф Фитрат, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний каби маърифатпарварларнинг фикрлари диққатга сазовор. Биргина Махмудхўжа Беҳбудийнинг:«Хотин-қизларни жамиятнинг тўлақонли аъзолари сифатида қабул қилмасдан, ёш авлодни тўғри йўлда тарбияламасдан туриб, жамиятни ислоҳ қилиш, уни тарақкиёт сари йўналтириш мумкин эмас, охир-оқибатда миллат тақдири унинг хотин-қизлари ва оиласининг ҳолатига боғлиқдир73», деган фикрлари замонавий жамиятларга хос прогрессив-руҳда эканлиги билан аҳамиятлидир.
Фитрат ўзининг «Оила» асарида: «Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги миллий озодлик, эрк учун зарур, хотин-қизлар фақат уй-рўзғор билан, бола тарбияси билан банд бўлиб қолмаслиги, уларнинг Европадаги каби сиёсатда қатнашишлари ўринлидир»74, деган фикрларни илгари суради. Фитарт ўз даврида эрнинг хотинга нисбатан феодалларча муносабатини кескин танқид қилади. Жамиятда хотин-қизлар ҳуқуқини менсимаслик сабабларини очиб берди. Унингча, лоақал эр-хотин ўртасида самимий муносабат бўлишга эришиш лозим эди.
Маърифатпарвар жадидчиларнинг хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни борасидаги тараққиёпарвар фикрлари ўз даврниниг даврий нашрларида яққол кўзга ташланди. Абдусалом Азимийнинг “Таълим ва тарбия” мақоласида “Болага она биринчи омил ва мураббийдир. Онанинг таъсири болага отанинг таъсиридан зиёдадир”4 дейлади.
Демак, Х1Х аср охири ХХ аср бошларида Туркистонда миллат тақдири масаласи оилада аёлларнинг ўз фарзандларига бераётган тарияси билан чамбарчас боғлиқлиги тан олинди. Бунга фақатгина ўқимишли, оқила илмли, маърифатпарвар хотин-қизлар орқали эришиш мумкин эди. Бу мавзу ўз даврида долзарб аҳамият касб этиб, айнан ушбу борада тадқиқотларини олиб борган Н.А. Мустафаеванинг контент-таҳлилларига мувофиқ ўша пайтда Садои Туркистон газетасида чоп этилган “Ўқунглар оналар”, “Хамширалар тилиндан” каби мақолалари ва шеърларида Туркистон хотин-қизларининг “мутеъ жория”ларга айланиб қолганлиги, уларнинг маърифатли бўлишига қарши чиқаётганларга қаршиликларга чек қўйиш зарурати қизғин мунозараларга сабаб бўлди3. Абдулла Авлоний хотин-қизларни илм олишга, ҳунар ўрганишга тарғиб қилиб ёзган шеъларда “Тарбияни кимлар қилур? Қайда килур? Саволларини илгари сурар экан, “бу она вазифасидур” дейди. Авлоний бу борада танқидий қарашларини илгари суриб, авлод тарбияси билан шуғулланадиган оналарнинг ўзлари илмли, маърифатли бўлиши шартлигини кўрсатади ва “Масъума қизларингизни дунёда бахтли ва саодат ила яшатурға ошиқингиз”1дейди.
Н.А. Мустафаева тадқиқотлари давомида “Тошкандлик бир муаллима” имзоси билан ёзилган “На учун ибрат олмаймиз?” мақоласида қизларга зебу-зийнат эмас, аксинча, илм, ҳунар ўғил болага нисбатан кўпроқ кераклиги уқтирилади ва бунинг сабаби хотин-қизлар миллат тарбиячиси эканлигида деб кўрсатилади2. Ушбу руҳда чоп этилган мақолалардан бирида эса Туркистон хотин-қизларинниг ҳақ-ҳуқуқлари борасида фикр юритилади ва уларда истеъдод, қобилият, давлатни идора қила оладиган қувват бўласада, эскича ҳаёт тарзи қолипидан чиқиб кета олмасликлари афсус-надомат билан қайд этилади.
Демак, ушбу даврга қадар турли доираларда очиқ муҳокама этилмаган хотин-қизлар манфаатлари масалалари маърифатпарвар жадидчилар томонидан амалга оширилди. Улар хотин-қизлар нафақат оила барқарорлиги ва фарзандлар тарбияси билан шуғулланиб қолмасдан, ижтимоий ҳаётда фаол бўлишлари заруриятини ҳам англаганлар. Шу билан бирга, ўз даврида кескин тус олган диний хурофот ва шариат тартиблари қоришмасида хотин-қизларнинг аҳволини енгиллаштириш, уларни ижтимоий фаолликка ундаш даври келганлигини тарғиб этганлар.
ХХ асрнинг дастлабки чорагида собиқ совет ҳукумати хотин-қизларга муносабат масаласини коммунистик партия мафкурасидан келиб чиқиб ҳал қилиш йўлидан борди. Қишлоқларда фаолият юритувчи «қизил бурчаклар»да хотин-қизлар йиғинлари уюштирилиб, унда социалистик турмуш тарзини зўр бериб сингдириш ишлари олиб борилди. Натижада, 1927 йилда хотин-қизларнинг оммавий паранжи ташлаш – «Ҳужум» ҳаракати бошланди. Ҳозирги кунда фанда ушбу кураш ҳақида турлича қарашлар, ёндашишлар учраб туради. Айрим тадқиқотчилар «Ҳужум» советлар ҳукумати томонидан миллий менталитетга зид ҳолда зўрлаб амалга оширилганлигини таъкидлашса,75 бошқалар ушбу ҳаракат бидъат ва хурофотлар исканжасида қолган турмуш тарзини парчалаб, ўзбек хотин-қизлари ҳаётида ижобий роль ўйнаган деб ҳисоблайди. В.Минеев фикрига мувофиқ, «Ҳужум» ҳаракати хотин-қизларни сиёсий ҳаётга жалб этган йирик ижтимоий ҳодиса бўлди. Унингча, хотин-қизлар ижтимоий ишлаб чиқариш, замонавий билим олиш, жамоат ташкилотлари, клублар, маҳаллий кенгашлар ҳаётида иштирок этиш, энг муҳими, сайловларда эркаклар билан тенг қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдилар76. Бизнинг фикримизча, биринчидан, ушбу даврда ўзбек халқи минг йиллик турмуш тарзи, диний-маданий, ахлоқий-маънавий қадриятлар, меъёрларни тезлик билан ўзгартирилишига ҳали тайёр эмас эди. Иккинчидан, миллат хусусиятлари эътибордан четда қолдирилган ва маъмурий тазйиқ, радикал чоралар, шошма-шошарлик билан амалга оширилган ушбу ҳаракат минглаб ўзбек хотин-қизлари тақдиридаги фожиаларга ҳам сабаб бўлди. Учинчидан, хотин-қизларни озодликка чиқаришдан билвосита мақсад эркаклар ва хотин-қизлар ўртасидаги диний шариат қонунлари билан ўрнатилган ижтимоий тўсиқларни парчалаб, арзон ишчи кучи сифатида эркаклар билан ёнма-ён фойдаланиш бўлди.
Натижада совет Ўзбекистонида хотин-қизлар ва эркакларнинг меҳнатини тенглаштириш ғояси авж олди. Хотин-қизлар ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларига фаол жалб этилди. Хусусан, металлни қайта ишлаш саноатига жалб этилган ишчиларнинг 15 %и, 700 минг шофёрларнинг 50 %ини, 27 минг тракторчининг 20 минг нафари хотин-қизлардан иборат бўлиши кераклиги режалаштирилди. Бундай «тенг ҳуқуқлилик» оқибатида 1939 йилга келиб, хотин-қизлар эркаклар бажарадиган ишнинг 50 %ини эгаллашди. Шу йилларда пахта ўстириладиган туманларида яшовчи хотин-қизлар, ишчи кучининг 80 % ини ташкил этди77. Маъмурий-буйруқбозлик тизимида марказ учун «чекка ўлка» саналган Ўзбекистон хотин-қизларини жадаллик билан таълим олиш, ишлаб чиқаришга жалб этиш, бунда уларнинг рўзғор юмушларини енгиллаштириш, яъни, кечки ўқув курслари, ишловчи хотин-қизлар болалари учун боғчалар очилиши уларнинг ишлаб чиқаришдаги меҳнати самарадорлигини оширишга қаратилган эди. Шу аснода хотин-қизларнинг анъанавий ижтимоий мақомида секин-аста ўзгаришлар содир бўлиб, уларнинг табиий фазилатлари, аёллик хусусиятлари унутилиб, «эркакшода»лик рағбатлантирилди.
Айни пайтда собиқ иттифоқ хукуматининг демографик сиёсати аҳолининг табиий ўсишини жадаллаштиришга йўналтирилди. Мақсад, халқ хўжалигини арзон ишчи кучи билан тўлдириш бўлиб, бу борада илмий изланишларини олиб борган Б. Убайдуллаеванинг фикрига мувофиқ: “нуфус соҳасидаги сиёсат партия умумий социал-иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми бўлган”1. Демак, собиқ иттифоқ даврида хотин-қизлар эркаклар қаторида меҳнат билан банд бўлса-да, улар серфарзандлиликка жадал ундалди ва тарғиб қилинди. Сиёсий мафкурага ўралган бундай рағбат 1944 йилда СССР Олий кенгаши томонидан ҳомиладор, кўп болали ва ёлғиз онларга давлат ёрдамини бериш ҳамда кўп болали оналар учун “Қаҳрамон она”, “Оналик шарафи”, “Оналик медали” каби орден ва медаллар бериш ҳақида махсус кўрсатма берди. Натижада, 1980 йилларга келиб Ўзбекистонда 2 млн.дан ортиқ аёллар қайд этилган медал ва орден соҳибалари бўлди4.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронтга кетган эркаклар меҳнатини қоплаш мақсадида ўзбек хотин-қизларини «эркаклар касби»га ўқитиш оммалашди. Бу борада тадқиқот ишлари олиб борган Я.Абдуллаеванинг фикрига кўра: «Фавқулотда шароитда хотин-қизларнинг одатда эркаклар лавозими саналган соҳалар, хусусан, бошқарувдаги социомаданий қиёфасидаги ўзгаришлар қарор топди»78. Шу йилларда саноатда ишловчи хотин-қизлар салмоғи 63,5% ни ташкил этди. Қишлоқ хўжалигида асосий ишчи кучи хотин-қизлар ва болалардан иборат бўлди. Натижада, аёлларнинг иш билан бандлиги умумий миқдорда 1970 йилга келиб, 1930 йилга нисбатан мос равишда 18% дан 43%га етди3. Шундай бўлса-да, тоталитар тузумнинг патерналистик ақидалари фонида аёл шахсига нисбатан анъанавий патриархал муносабат сақланиб қолди. Бу каби ҳолатлар оилада қизларни, ёши катталар ва эрга итоаткорлик руҳида тарбиялаш жараёнларида яққол кўзга ташланиб турди.
Ўтган асрнинг 70-80 йилларига келиб, собиқ иттифоқ мафкураси доирасида хотин-қизлар масаласида тадқиқотлар давом этди. Ижтимоий-гуманитар фанлар доирасида гендер тафовутлар нафақат биологик, балки ижтимоий омилларга боғлиқ эканлиги борасидаги фикрларни муҳокама этиш бошланди. Шундай бўлса-да хотин-қизларни ишлаб чиқаришга фаол жалб этиш жараёни давом этди.
Шаҳар ва қишлоқ хотин-қизлари турмуш даражаси ва маълумот савияси орасида катта фарқ сақланар эди. Эмансипация шаҳар хотин қизларига қишлоқ аёлларига қараганда анча кўпроқ таъсир кўрсатди. Совет даврида шаҳар аҳолисининг кўп қисми хотин-қизлар узлари, сўзсиз бўйсуниш, ҳаддан ташқари эрта турмуш қуриш одатларини қолоқлик белгилари деб кўра бошлади. Қишлоқ хотин-қизларига келганда, улар патриархал анъаналар таъсирида кўпроқ бўлганлар ва улар учун ижтимоий соҳадаги ютуқлардан фойдаланиш қийинроқ бўлган. Қишлоқ жойлардаги хотин-қизлар зиммасига тушган ҳаддан ташқари оғирлик баъзан асаб чидамаслигига ва умидсизлик ҳатти-ҳаракатларга олиб келар эди: 1986-1987 йилларда Ўзбекистонда 270 ўзига ўзи ўт қўйиш ҳоли, Самарқанд вилоятида 1989 йилнинг беш ойида – 13 хотин-қизлар ўзига ўзи ўт қўйиш факти қайд этилди79
Шундай қилиб, совет ҳокимияти даврида хотин-қизлар масаласини ечишда эришилган сезиларли муваффақиятга қарамай кўп муаммолар ҳал қилинмай қолди. “Ижтимоий томондан эмансипация рағбатлантирилган”– бир пайтда – “этник томондан анъанавий равишда аёлларга асосан бола туғиш ва болаларга ва эркакларга қараш вазифасини, яъни уй-рўзғор юмушлари соҳасини, юклайдиган эски ҳатти-ҳаракат нормалари сақланар эди. Хотин-қизларнинг ўз ишида ўсиши ва интилишлари турмуш сифатининг энг муҳим параметрлари қаторига кирмас эди”80
Собиқ совет тузуми даврида ижтимоий ҳаётда жинслараро тенглик ўрнатилганлиги, меҳнат қилиш, таълим олиш, сайлаш ва сайланиш, ижтимоий ҳимояланиш, дам олиш таъкидланса-да амалда ушбу тузум хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг ҳуқуқлилигини ўрната олмади. Бу борада илмий тадқиқотларини олиб борган Б. Убайдуллаева кўрсатишича: “Ваҳоланки, ўзбек аёллари ижтимоий меҳнатга жалб қилинса-да, уларнинг меҳнат шароитлари ачинарли аҳволда қолверди. Бунинг устига уй-рўзғор ишлари ва маиший турмуш ташвишлари, фарзандлар тарбияси аёлнинг зиммасида қолаверди”2. Натижада, 1990 йилда жами ишчи-хизматчиларнинг 44% ини аёллар ташкил этган бўлса, мустақилликнинг дастлабки йилларида (1992 йилда) ушбу кўрсаткчи 47%га етди4.
М.Халматова тадқиқотларида кўрсатилгандек: “аёлларнинг саломатлиги ночорлашган, кўп вақтлари иш жойида ўтганлиги учун бу ҳолатлар унинг репородуктив вазифасини бажаришга, болалар тарбиясига ҳам таъс ир кўрсатди. Оиладаги қариялар қаровсиз, болалар назоратсиз қолди, бу эса ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг кўпайишига олиб келди. Оилавий ажрашишлар сони кўпайди”2.
Собиқ иттифоқ даврида хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётдаги ўрнини этнологик ва этносоциологик жиҳатларини ўрганган Б. Убайдуллаеванинг фикрига кўра: “гарчи, собиқ совет тузумида аёлларни ижтимоий меҳнатга жалб қилишга қаттиқ ҳаракат қилинса ҳам. ... аксарият ўзбек оилаларида ўз анъанавий вазифаларида қолдилар”2. Тадқиқотчининг фикрича “Аёлларнинг жамиятдаги ўрни: уларга аввало, уй бекаси, бола боқувчи ва табияловчи сифатида қаралиши”3 билан чекланди.
Ўзбек халқи узоқ ижтимоий-тарихий ривожланиш жараёнида ўзига хос этномаданият яратган. У бошқа халқлар, миллатлар маданияти билан интеграциялашиб, ҳаёт тарзига мос келган инновацияларни қабул қилган ва умуминсоний қадриятлар негизида ривожланиб келган. Ушбу умуминсоний хусусият ўзбек хотин-қизлари этномаданиятига ҳам хосдир. Бу борада тадқиқот олиб борган О.Нишонованинг таъкидлашича: «Ўзбек хотин-қизлари этномаданиятида ўзига хос турмуш тарзи, ҳаётий тажрибаси, урф-одатлари, авлодлараро мулоқот анъаналари, дунёни англаш, идрок этиш усуллари, оилавий-маиший маросимлари, маънавий бойликлари, ижтимоий нормалар, маданий ижод намуналари жамланган»81.
Юқорида илгари сурилган социал-ретроспектив далилларга асосланиб, қуйидаги хулосаларга келдик.
Биринчидан,меҳнат тақсимоти, товар-пул муносабатлари, моногам оила ва хусусий мулкнинг пайдо бўлиши билан шаклланган патриархал ижтимоий институт сифатида ҳар бир даврда хотин-қизлар масаласида оммавий тафаккурга хос мустаҳкам қарашлар ва анъаналар тизими яратилган.
Иккинчидан, анъанавий жамиятларнинг пайдо бўлиши билан патриархал муносабатлар негизида шаклланган ижтимоий меъёрлар, тартиблар давлатлар расмий қонунчилик ҳужжатларида ўз аксини топиб, хотин-қизларнинг улардан четга чиқиши қораланган бўлсада, бу борадаги тадқиқотлар аслида хотин-қизларнинг нафақат оила, балки давлат даражасида фаол бўлганлигини кўрсатади.
Учинчидан, Ислом дини ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар имкониятларини бир қадар чеклаган бўлсада, хотин-қизларни никоҳ, оила, мерос ва бошқа муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларда уларнинг муайян кафолатланган ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаган.
Тўртинчидан, эрамиздан олдинги VIII – XV асрлардаги Мовароуннаҳрда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги социал қиёфасидаги ўзгаришларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ижтимоий имкониятлар,ушбу ҳудудда асрлар давомида шаклланиб, этно-ментал кўникмага айланган эркинликлари Темурийлар ҳукмронлиги даврининг охиригача муайян даражада сақланиб турган.
Бешинчидан, жадидчилар жамиятнинг ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий янгиланиши жараёнларида хотин-қизларнинг ролини оширишни тарғиб қилар экан, маърифат тарқатиш ва асрлар давомида қотиб қолган диний хурофот ва бидъатдан воз кечиш хотин-қизлар эркинлигини таъминлашнинг ягона йўли эканлигини тарғиб қилганлар.
Олтинчидан, хотин-қизлар меҳнатидан арзон ишчи кучи сифатида фойдаланиш мақсадида собиқ тоталитар тузум маъмурий-буйруқбозлик аппарати томонидан қўлланилган хотин-қизларни озод қилишнинг радикал чоралари уларни минг йиллик турмуш тарзи, диний-маданий муҳитдан узоқлашувига олиб келган ва бундай радикализм ахлоқий-маънавий қадриятлар, меъёрлар доирасида яшаб келаётган ўзбек халқи учун ижтимоий зарба бўлган.
Оиланинг ижтимоий моҳиятини таҳлил қилаётганда шуни билиш муҳимки, оила жамиятнинг жисмоний ва социомаданий авлодлар алмашинувини, яъни фарзандлар туғилиши ва оиланинг бошқа аъзоларининг шарт-шароитини таъминлашини англаш мумкин. Оила социологияси индивидуал ва жамоавий қизиқишлар ўртасидаги конфликтда эртада турувчини ўз предмети деб ҳисоблар экан, у бу жараёнларни нафақат социо---институционал даражада, балки оилавий-гуруҳий ва индивидуал микродаражада кўриб чиқади.
Оиланинг микросоциологик таҳлили миллионлаб алоҳида оилаларнинг аъзоларини тарбиялашга эришиши, оилавий хаёт тарзи орқали уларнинг турли индивидуал эҳтиёжларининг қондирилишини ўрганишни тақозо этади. Оила кичик гуруҳ сифатида инсонлар нигоҳида алоҳида эътибор, қадр-қимматга эга. Шу маънода оилавий ҳаёт бўйдоқлик ва нисбатан ҳам қадр-қимматлидир. Оила шахслар ўртасида ўзбошлик сифатида ўрганиш ва инерция ҳисобидан эмас, балки фақат инсонларнинг ўзаро ички тортишиши (интилиши) га кўра мавжуд бўла олади. Микросоциологиянинг асосий масаласи – оилавий муносабатларнинг ҳолати, оилавий бирдамликка ҳалақит берувчи конфликтлар ва ташқи тўсиқлар, оилавий ролларни бажаришга ва биргаликдаги оилавий фаолиятнинг самарасига таъсир этувчи омиллардир. Микро ва макро социологияси ўрганилаётган объектнинг даражасига кўра фарқланади. Алоҳида оила қанчалик уникал, бошқалардан фарқ қилувчи ҳаёт тарзига эга бўлмасин бари бир у ташқи оилалар билан ўхшаш бўлган хусусиятларга эга бўлади. Шубҳасиз оила социологияси бир бутун тизимни ўрганади, лекин илмий соддалаштириш мақсадида оила макро ва микро тадқиқотлар объекти ҳисобланади.
Оилани ўрганишда социологик ва психологик йўналишларни ажратиш лозим. Социал психология инсон хулқ-атворини организм сифатида ҳам эмас, якка шахс сифатида ҳам эмас, балки бошқа инсонлар билан ўзаро ҳаракат иштирокчиси сифатида ўрганади. Оила бунда бир-бирига таъсир кўрсатиш, ўзаро алоқа, контактлар натижасиси сифатида кўрилади. Оиланинг социал психикаси индивидлар ўртасидаги бирдамлик, келишилганликнинг вужудга келиши ва ушлаб турилишини ўрганади – бунда диққат марказида оилавий БИЗ га тегишлилиги бўлишига мувофиқ ўзининг МЕН – концепциясини ташқи омилларидан қатъий назар тасдиқлашга интилувчи, шахс туради. Оила социологияси оилани бир бутун тизим, бир-бирини тўлдирувчи социомаданий ролларнинг бирлиги, вақт ўтиши мобайнида ва ҳодисалар рўй бериши натижасида оила структурасини ўзгариши содир бўлганда, ўзининг бутунлигини сақлаб қолувчи автономия сифатида ўрганди. Оила социологияси индивидуал хати-ҳаракатни умумоилавий хатти-ҳаракат натижаси, социал-институционал муносабатлар,социал статус ва ролларнинг ҳахслараро намоён бўлишини ўрганади.Социолог шахс томонидан оилавий ҳолатларни субъектив Аниқланиши орқали оиланинг ўзгаришига таъсир этувчиҳатти-харакатнинг натижасини Аниқлашга интилади.
Оила социологиясининг муҳим белгиси-оиланинг кичик бирламчи гуруҳ сифатида вужудга келиши,функцияларини бажариши ва унинг бузулиши(барбод бўлиши) қонунларини ўрганишга интилишидир.Турли даврларда,турли ҳаёт тарзи ва маданиятларда алоҳида оилалар ўзинингноёблиги Билан ажралиб туришига қарамай,улар барпо бўлиш вабарбод бўлишида бир хил хусусият Билан характерланади.
Оиланинг ҳаётий цикл босқичларининг ўзгариши қонунлари,нуклеар оиланинг ҳаёт циклининг қисқариши-оиланинг кичик ҳуруҳ сифатида социологияни қизиқтирадиган биринчи масала.
2-масала-оилавий тизимнинг социетал ўзгаришлар,яъни фарзандлар социализацияси ва уларнинг оилавий ролларга киришиши натижасида ўзгаришлар.Шунингдек, шахснинг оилавий ҳаёт тарзига асосланган альтернатив оилавий шаклларни вужудга келтирувчи индивидуал-психологик ориентациялар оила социологиясининг асосий қизиқишидир.
Социология ва социал психологияда гуруҳнинг ва гуруҳий иқлимнинг гуруҳий ҳатти –харакат ва унинг аъзоларининг ҳатти- харакати натижаларига таъсири маълум.Шунда позитив шароит,гуруҳнинг бирдамлиги,унинг аъзоларининг ўзаро тушуниш ва шахснинг ўз гуруҳига тегишлилигини ҳис этиши даражаси кучли самарали таъсир этади.Бундай бирламчи гуруҳларда ишлаб чиқариш самарали бўлади,кадрлар оқиши кам кузатилади,гуруҳлар йўқолиб кетиши эҳтимоли даражаси паст бўлади(м-н,уруш вақтида аҳил экипажларнинг халок бўлиши эҳтимоли кам бўлган,аҳил гуруҳларда ярадор ва касалларнинг тузалиш жараёни тезроқ содир бўлган)
Оила бундай гуруҳлар ичида ажралиб туради.Ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида бахтли оилалар доимо бўйдоқ,якка шахслардан устун хусусиятлари билан ажралиб турганлар.Оиладаги бирдамликнинг қандай бўлишидан қатъий назар оилали инсонларнинг кўрсаткичлари оиласиз,якка инсонлар кўрсаткичларидан юқори бўлади.Лекин ҳозирги шароитда кам фарзандли оилалар кўпайиб бормоқда. Маълумки,бир неча фарзандли оилаларда бир ёки 2 фарзандли оилаларга нисбатан ажралиш ҳодисаси камроқ учрайди ва аксинча,1 ва 2 фарзандли оилаларда репродуктив соҳанинг касалликлари кўп болали оилаларга нисбатан кўпроқ.Шу ҳолат ҳаёт даврининг узунлигига ҳам тегишли,аёл ва эркакнинг оилавий ҳолатига аҳамият бермаган ҳолда ҳаёт даврининг узунлигини солиштирадиган бўлсак,аёл кишининг оналик функциясига боғлиқ бўлганлиги унинг эркакка нисбатан кўпроқ умр кўришини белгилайди.
Индивидуал ва гуруҳий фаолият натижаларига гуруҳ структурасидаги муносабатлар таъсирининг эффекти Р.Зайнок томонидан «социал фасилитация» деб аталган.
Do'stlaringiz bilan baham: |