Магистрлик диссертацияси ҳимоясини ўтказиш тартиби
47
Магистрлик диссертацияси ҳимояси ДАК йиғилишида ўтказилади. Ҳимоя илмий мунозара характерига эга бўлиб, очиқ тарзда, ўта талабчанлик ва қатъият билан илмий мулоқот одобига риоя қилинган ҳолда ўтказилади. Бу йиғилишда диссертациянинг барча илмий, амалий хулосалари ва тавсиялари ҳар томонлама таҳлил қилинади.
Ҳимоя йиғилишида ДАК раиси диссертант ҳақида ҳар томонлама маълумот беради. Комиссия раиси диссертациянинг мавзуси, диссертантнинг исми, фамилияси ва бошқа зарурий ҳужжатларнинг мавжудлиги ҳақида ахборот беради. Шунингдек, диссертантнинг магистрантлик фаолияти, яъни ўқув предметларини ўзлаштириши, илмий қобилияти ҳақида қисқача тўхтаб ўтилади.
ДАК раиси ахборотидан сўнг, магистрантнинг илмий раҳбарига сўз берилади. Илмий раҳбар магистрантнинг илмий салоҳияти ва шахсий жиҳатларига муносабат билдиради. Маълум сабабларга кўра илмий раҳбар ҳимоя йиғилишида қатнаша олмаслиги мумкин. Б у ҳолда илмий раҳбарнинг ёзма хулосасини ДАК раиси ўқиб эшиттиради.
Илмий раҳбарнинг фикри эшитилгач, сўз магистрантга берилади. Диссертант аввалдан тайёрлаб қўйилган матн асосида маъруза қилади. Магистрант, маъруза давомида ўзини юқори даражада назарий тайёргарликка эга эканлигини кўрсата олиши керак, бунинг учун унга 15 дақиқагача вақт берилади. Магистрант маърузада тадқиқот иши ҳақида қисқа, мазмунли ахборот бера олиши керак. У ДАК аъзоларининг диққатини ишнинг асосий натижаларига, шахсан ўзи ишлаб чиққан назарий ва амалий жиҳатларга қаратмоғи лозим.
Диссертантнинг маърузаси тушунарли ва ифодали бўлиши учун қуйидаги маслаҳатларни бериш мумкин:
аввало ўзингизни таништиринг ва тадқиқот мавзусини эълон қилинг;
нигоҳингизни фақат маъруза матнига қаратиб қўйманг;
матнда келтирилган далилларингизни оғзаки тушунтириб беришга ҳаракат қилинг;
бир маромда ва бир оҳангда маъруза қилманг;
ҳар бир янги фикрлар орасида тўхталишлар қилинг ва тингловчиларнинг тушуниб олишларига имкон яратинг;
оғзаки нутқ қоидаларига амал қилинг ҳамда матндан ҳаддан ташқари парчаларни ўқиманг;
ҳаддан ташқари тез гапирманг, матннинг мазмунига қараб, турлича оҳангда ва турлича меъёрда гапиринг;
тингловчилар тушунадиган оддий сўзлар ва гаплардан фойдаланинг, нутқингизни қўшма гаплар билан мураккаблаштириб юборманг.
Шундан кейин ДАК аъзолари ва мавзуга алоқадор мутахассислар магистрантга диссертация бўйича турли саволлар бериши мумкин. У берилган саволларга шошмасдан, камтарлик ва хушмуомилалик билан жавоб
48
бериши лозим. Жавоб беришдан олдин саволларни диққат билан эшитиб, ёзиб олиши зарур.
Сўнгра мажлис раиси оппонентга сўз беради. Оппонентнинг нутқи ҳам талаб даражасида ва барчага тушунарли бўлиши керак.
Оппонентнинг маърузасидан кейин диссертантга сўз берилади. Диссертант оппонент томонидан билдирилган фикрларга ўз муносабатини билдиради. Оппонентнинг танқидий фикрларига бериладиган жавоблар, магистрант томонидан аввалдан пухта, далиллар асосида ўйлаб қўйилган бўлиши керак.
Мунозаранинг охирида магистрантнинг ҳоҳишига кўра, унга якунловчи сўз берилади.
Мажлиснинг охирида тадқиқот иши учун қўйиладиган баҳолар кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлган ҳолда, раиснинг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.
Шундан кейин магистр илмий иши учун қўйиладиган баҳо эълон қилинади ва йиғилиш якунига етади.
Do'stlaringiz bilan baham: |