Олий таълим муассасаларида кредит-модул тизимига ўтишда АҚШ тажрибаси
С.У.Ходжаниязов – п.ф.н. доцент, УрДУ,
Г.Хасанова – УрДУ, “Педагогика
назарияси ва тарихи” мутахассислиги,
1-курс магистранти
Аннотация: Ушбу мақолада Америка Қўшма Штатларининг олий таълим муассасаларида кредит-модул асосида олиб борилаётган таълим тизими кўрсатиб ўтилган.
Калит сўзлар: кредит, модул, Pathway дастури, маъруза, семинар, академик иш соати
Аннотация: В этой статье рассматривается опыт применения кредитно-модульной системы в высших учебных заведениях США.
Ключевые слова: кредит, модуль, программа Pathway, лекции, семинары, академическое рабочее время
Annotation: This article discusses the education system in higher education institutions in the United States based on the credit-module system
Keywords: credit, module, Pathway program, lectures, seminars, academic working hours
Бугунги кунда мамлакатимизда олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш жараёнлари изчил давом этмоқда. Таълимдаги ислоҳотлар келажакда катта самаралар беришини ривожланган мамлакатлар тажрибаси яққол исботлаб бермоқда.
Олий таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2909-сонли Қарори [3], Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ривожлантириш тўғрисида”ги ПФ-5847сонли Фармони [2], Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 824-сонли Қарорларида [1] олий таълим муассасаларида ўқув жараёнига босқичма-босқич кредит-модул тизимини жорий этиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларнинг дебочасидир.
Шу ўринда хорижий тажриба мисолида энг ривожланган давлатлардан бири Америка Қўшма Штатларида олиб борилаётган олий таълим тизими хусусида тўхталиб ўтамиз.
АҚШ кредит-модул тизими жаҳонда энг биринчилардан жорий этилган кредит-модул тизими сифатида дунё давлатлари ва шу билан бир қаторда Европа мамлакатлари олий таълим муассасаларида кредит-модул тизимининг шаклланишида муҳим рол ўйнайди.
Мана бир асрдан ортиқ вақт ўтибдики, Америка Қўшма Штатлари тадқиқот ва технологик инновациялар бўйича балки, олий таълим соҳасида ҳам дунёда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. АҚШнинг фан ва олий таълим бўйича олиб бораётган тизими дунёнинг энг қудратли тизимларидан бирига асосланган. Ушбу тизим Гарвард, Бэркли, Стэнфорд, Пристон, Ел, Массачусетс Технология Институти, Колумбия, Корнелл – энг нуфузли олий ўқув юртлари, дунёнинг етакчи университетлари битирувчилари ва ходимлари томонидан минглаб илмий кашфиётлар сабаб халқаро эътирофга сазовор бўлди.
Мамлакатда юритилаётган таълим тизимининг энг асосий хусусияти – бу давлат даражасида таълимни марказлаштиришдир. Таълим сиёсатининг деярли барча масалалари ушбу даражада ҳал этилади. Олий ўқув юртларини аккредитациядан ўтказиш учун масъул бўлган 60га яқин мустақил агентликлар мавжуд. Таълим муассасаларининг деярли барча муаммоларини муассаса жойлашган давлат ҳукумати ҳал қилади. Аммо, АҚШ Таълим вазирлиги томонидан молиялаштираладиган махсус федерал дастурлар ҳам ишлаб чиқилган.
АҚШ олий таълим тизими учта асосий босқични ўз ичига олган англо-саксон модели асосида ташкил этилган:
Бакалавриат
Магистр
Докторлик
Ушбу таълим моделининг биринчи босқичида талаба 4 йил сарф қилади, натижада унга санъат бакалаври ёки фан бакалаври даражаси берилади. АҚШ олий таълим муассасаларида ўқитишда кредит-модулли ёндашув асосида қўлланилади: дастурнинг умумий ўқув режаси фанларга бўлинади, уларнинг ҳар бири учун талаба маълум миқдорда “кредит” олади. Бакалавр даражасини олиш учун талаба камида 120 та кредит тўплаши керак. Кредитлар дарсга қатнашгани, лаборатория ишларини муваффақиятли бажаргани, семинар ва ўқув машғулотларида фаол иштирок этгани, курс ишларини ўз вақтида топширгани, реферат ёзганлиги ва бошқалар учун берилади. Керакли минимал кредитлардан ташқари, ҳар бир АҚШ университети ўзининг ўртача ўтиш баллари (GPA) мавжуд. Университет қанчалик обрўли ва талабчан бўлса, GPA шунча юқори бўлиши керак [5].
Бундан ташқари, Қўшма Штатларда ўқишнинг Pathway дастури каби хусусиятларини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак. Бундай тайёргарлик дастурлари дастлаб Америка Қўшма Штатларидаги таълимни тушунишга қийналадиган чет элликларга мўлжалланган. Pathway – бу тўғридан-тўғри бакалавр дастурининг иккинчи йилига олиб борадиган тайёргарлик дастури.
Яъни, Pathway дастурида ўқиётганда, талаба нафақат инглиз тилини билиш даражасини яхшилайди, АҚШ университетларида ўқишга муаммосиз тайёргарлик кўради, балки кредит олади, кейинчалик уни қабул қабул қилиш комиссияси ҳисобга олади ва унга тўғридан-тўғри иккинчи курсга боришга рухсат беради. Ушбу дастурлар АҚШнинг барча университетларида мавжуд эмас, уларнинг бир нечтасида махсус ўқув курслари мавжуд (масалан, INTO ўқув марказлари) [7].
Шу ўринда Қўшма Штатларнинг олий таълим мактабларида “Кредитлар” билан боғлиқ бир нечта муҳим фикрларни санаб ўтишимиз лозим:
• Кредит бирликлари ёки соатлари бажарилган барча ишларнинг математик йиғиндисини акс эттиради ва синфдаги кўрсатма билан бир хил эмас.
• АҚШ университетлари нафақат ўқитиладиган курсларни, балки барча ўқув ишларини ҳисобга олиш учун кредит формулаларидан фойдаланади.
• Кредитлар ўқув ва ўқиш тўловларининг миқдорини аниқлаш ва талабалар ҳолатини аниқлаш учун қулай усулдир. Илмий раҳбари бўлмаган докторантлар ҳам талаба сифатида рўйхатдан ўтишлари ва ўқув тўловларини тўлашлари шарт.
Талабаларнинг расмий мақоми жорий семестрда ёки чоракда рўйхатдан ўтиши билан бошланади ва ҳар қандай тан олинган ва талаб қилинадиган академик фаолият учун берилган минимал кредит соатлари сони белгиланади. Ўқув тўловлари одатда ҳар бир маъруза кредит соатига нарх асосида ҳисобланади.
Кўпгина Америка ўқув юртлари ўқув йилини 15-16 ҳафталик икки тенг семестрга ажратадилар, ўқиш даври 2-3 ҳафта қишки таътил ва 10-12 ҳафта ёзги машғулотлар, шунингдек қўшимча қисқа танаффуслардан иборат [6].
Бир семестрдаги кредит соати учун ўқув ишларининг ҳақиқий миқдори қуйидагича ҳисобланади:
Маърузалар ёки семинарлар учун битта кредит соати режалаштирилган дарснинг 1 соатига (маъруза-семинар) ва ҳафтасига 2 соат талабанинг ўз устида ишлашига тенг. Кўпгина маърузалар ва семинарлар 3 та кредит соатидан иборат. Бутун семестр давомида ушбу формулада камида 45 соат аудитория машғулотлари ва 90 соатлик талабаларнинг мустақил ишлашлари ҳисоблаб чиқилган.
Битта лаборатория кредит соати 1 соат маъруза ёки семинар машғулотларига, шунингдек 1-2 соатлик режали назорат ёки ўз-ўзини бошқариш ишларига ва 2 соат талабаларнинг тайёргарлик вақтига тўғри келади. Кўпгина лаборатория курслари 4 соатгача давом этади. Ушбу ҳисоб-китоблар натижасида бир семестрда жами камида 45 соат аудитория машғулотлари, 45-90 соат лаборатория ишлари ва 90 соат талабаларнинг ўз-ўзини ўрганиш ишлари учун берилади.
1 амалий кредит соати (шифохонадаги навбатчилик, театр ёки тасвирий санъат студиясининг иши, ўқитувчи раҳбарлигидаги талабаларни ўқитиш, дала ишлари ва бошқалар) 3-4 соатлик назорат қилинадиган ёки ўз-ўзини бошқариш фаолиятига тенгдир. Бу ўз навбатида, бир семестрда 45-60 соатлик амалиётга тенг. Студия ёки амалий ишларни назарда тутадиган 3 та амалий кредит соати блоки семестрда 135-180 соатлик ўқув ишига тенг.
Ўз-ўзини ўрганиш учун (тезис ёки диссертация ёзиш) битта кредит соати амалий кредит соатлари сингари ҳисобга олинади.
Амалиёт ёки иш стажи учун кредит соатлари факультет раҳбарияти ва иш берувчи ўртасида келишув асосида белгиланади, улар талаба ишининг турли жиҳатларини биргаликда баҳолашлари шарт. Кредит формуласи амалиёт учун қарзларни ҳисоблашда ишлатиладиган формулага ўхшайди.
Қўшма Штатлар университетидаги семестрга асосланган одатий бакалавр академик дастури талабадан камида 120 кредит соат ишлашини талаб қилади. Ўртача кундузги талаба одатда семестрда 15 кредит соат ёки йилига 30 кредит соат олади (ўртадаги фарқ ёзги машғулотлар ёки ўз-ўзини ўрганиш пайтида қопланиши мумкин). Бу тахминан 30-40 курсни ташкил этади (профил мавзусига ва олинган кредит соатлари нисбатига қараб) ва ҳар қандай мутахассислик бўйича камида 5400 ва ундан ҳам кўп бўлган интенсив академик иш соатларига тенг [8].
Америка Қўшма Штатларининг олий таълим муассасаларидаги кредит-модул тизими мамлакатимизда жорий қилиниши кутилаётган тизимга асос, пойдевор бўлиб хизмат қилади. Лекин, мамлакатимизда амалдаги олий таълим тизимида ўқитувчилар иш юкламаси фақат аудитория соатларидан иборат қилиб тузилган. Бу тизимни маҳаллийлаштириш учун кўпгина муаммолар, ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар талайгина.
Хулоса қилиб шуни таъкидлашимиз мумкинки, мамлакатимиз раҳбари томонидан олий таълим муассасаларида таълим жараёнини ташкил этиш билан боғлиқ тизимни такомиллаштиришга қаратилаётган эътибори туфайли бир қатор қарор ва ҳужжатлар қабул қилиниб, кредит-модул тизимини жорий этиш бўйича илк ҳуқуқий қадамлар қўйилмоқда.
Бугунги кунда олий таълим муассасаларида янги авлодли кредит-модул тизимини жорий этиш давр талабига айланиб бормоқда. Бу тизим олий таълим муассасалари битирувчиларининг академик ва касбий ҳаракатчанлиги, ўқув курслари ва фанларнинг меҳнат зичлиги, ортиқча юклама ва билимларни ўзлаштиришнинг интенсив усулларини жорий қилишни назарда тутади.
Ушбу тизим шунингдек, таълимнинг лойиҳавий шакли – шахсни ривожлантиришга қаратилган бўлади, асосан талабаларнинг қобилияти, шунингдек ижодкорлигини очиб беришга хизмат қилади. Бугунги замонавий шароитда, яъни техника ривожланган даврда талабчан, компонентлик ва креатив хусусиятга эга шахсни ўқитишга имкон берадиган тизим ҳисобланади.
Юқорида таъкидлаганимиздек кредит - модул тизимига ўтиш ҳар бир ОТМдан ўқув дастурини яратишдан бошлаб, профессор-ўқитувчиларнинг ўз дарсларини ташкил қилиши бўйича ижодий ёндашувларни талаб қилади. Агар ОТМда кредит-модул тизими тўғри ва тўлиқ жорий этилса, у мамлакатимиз олий таълим тизимига жуда катта ижобий хусусиятларни олиб кириши мумкин. Жумладан, у мамлакатимиз олий таълим тизимига дунё тан олган ўлчов бирлигининг олиб кирилиши, ОТМларда таълим жараёнининг шаффоф ва адолатли ташкил этилиши, ўқув дастурлари иқтисодиёт, меҳнат бозори ва талабалар эҳтиёжлари асосида шаклланиши, дарсларнинг сифати яхшиланиши ва ниҳоят ҳар бир талаба, маълум маънода ўзининг мустақил ўқув дастурига эга бўлишига хизмат қилади [6].
Do'stlaringiz bilan baham: |