2 8. Альп тоғларидаги Мажоре кўли.
Баъзи кўллар музликлар охирида (чеккасида) водийларни охирги мореналар тўсиб қўйиши натижасида ҳосил бўлган. Альп тоғларидаги кўллардан Женева, Боден, Цюриҳ Мажоре, Комо, Гарда энг машҳурдир. Евросиёнинг музлик таъсирида бўлган барча тоғ системаларининг юқори қисмларида кар кўллари бор.
Материкнинг турли районларида пайдо бўлиши асосан неоген-антропоген даврларининг тектоник ҳаракатлари билан боғлиқ бўлган кўллар бор. Бу кўлларнинг ўрни (котловинаси) ер ёриқлари зонасидан, ёки мураккаб ва жуда катта тектоник ботиқлардан иборат. Улар турлича баландликда жойлашган бўлиб, чуқурлиги ва катталиги ҳар хилдир. Евросиёнинг тектоник кўллари ҳозирги шароитга қараб ҳам оқимли, ҳам оқимсиз шўр кўлларга киради.
Европадаги энг катта ва энг ёш тектоник кўл-музланиш давридан кейин саёзроқ грабенда ҳосил бўлган Балатон (Венгрияда) кўлидир.
Байкал, Хубсугул, Буйр-Нур кўллари рифт зонасида жойлашган. Бу оқимли кўллар чучук сувли ва органик ҳаётга бой ҳамда анча чуқурдир. Ажойиб кўл-Ўлик денгиз ҳам рифт зонаси билан боғлиқдир; у Арабистон платформаси ёриқлари зонасида океан сатҳидан деярли 400 м пастда жойлашган бўлиб, ўртача шўрлиги 260‰ га тенг.
Марказий Осиёнинг ясси тоғликлари ва тоғ тизмаларида ҳамда Олд Осиё тоғларида тектоник йўл билан пайдо бўлган кўплаб қолдиқ шўр кўллар бор; уларнинг ҳозирги хусусиятлари бу регион иқлимининг анча тебраниб турганлиги ва сув режимининг ўзгариб турганлигидан далолат беради. Монголия ва Тибет кўллари (Убсу Нур, Хиргис-Нур, Намцо, Кукунор) шундай кўллар жумласига киради. Арманистон тоғлигидаги баланд тоғ оқимсиз кўлларининг-(Ван Ризайе) пайдо бўлишида тектоникадан ташқари, вулканизм процесслари ҳам роль ўйнаган. Марказий Осиё текисликлари учун шунингдек Лобнор кўли каби ўз ўрнини ўзгартириб турувчи кўллар ҳам характерлидир.
Оҳактошлар кенг тарқалган областларда карст кўллари кўп. Бу жиҳатдан Марказий Апеннин тоғлари, Болқон ярим оролининг ғарбий қисми, Тавр тоғлари, Ҳиндихитойдаги Шань тоғлари алоҳида ажралиб туради. Альп типидаги тоғлардан ташқаридаги районлардан Ўрта Ирландия текислиги карст кўлларига бойдир.
Евросиёнинг кўпгина йирик кўлларида кема қатнайди. Деярли барча чучук кўллар сув таъминотида муҳим роль ўйнайди, шўр кўллардан баъзилари эса химия хом ашёсининг муҳим манбаидир.
Баъзи кўллар ландшафтга гўзал манзара бериши туфайли катта қимматга эга ва улар курортлар қурилиши ҳамда туризмда муҳим роль ўйнайди.
ТУПРОҚ ВА ЎСИМЛИКЛАРИ
Евросиёнинг Голарктика ва Палеотропик флора областларида жойлашганлиги материк шимолий ва жанубий қисмлари флорасининг таркиб топиш тарихидаги тафовутларни акс эттиради, бу тафовутлар, бир томондан, материкнинт жануби ва жануби-шарқий ороллардаги флора ривожланишининг бутун кайнозой эраси давомида тўхтовсиз ривожланганлиги, иккинчи томондан эса, иқлим шароити кескин ўзгариб турганлиги сабабли материк шимолий қисми флорасининг нисбатан ёш эканлиги ва унинг мураккаб генезиси билан боғлиқдир.
Евросиёнинг Голарктика флораси таркибида қадимий иссиқсевар ўрмон флораси элементлари бор; бу флора элементлари материк территориясида кайнозой эрасининг биринчи ярмидаги музлик қопламларини ҳосил қилган умумий совиш даврига қадар таркиб топган. Ўрмон флораси злементлари асосан океан бўйидаги икки секторда-Атлантика бўйи ва Тинч океан бўйи секторида сақланиб қолган. Материк ички районлари флораси ва тупроқ-ўсимлик қоплайининг неотектоник шаклланишида материкнинг жанубидаги тоғ системаларининг неоктектоник кўтарилиши натижасида иқлимнинг совиб кетиши ва кейинчалик қуруқлаша бориши катта аҳамиятта эга бўлган.
Do'stlaringiz bilan baham: |