84. Шимоли-ғарбий Хитойдаги сунъий зоналар (террасалар).
Жунғория ҳайвонот дунёси ҳаммадан яхши сақланган. Бу ерда ёввойи туя ва Марказий Осиёнинг бошқа жойларида деярли бутунлай қириб битирилган Пржевальс-кий ёввойи оти ҳали ҳам сақланиб қолган. Текислик ерларда ёввойи эшак, жайрон тез-тез учраб туради. Жунғориянинг дарёлари бўйларидаги бутазорларда йўлбарс сақланиб қолган, тоғларда Гоби айиғи учрайди, қизил бўри кўп. Шунингдек, тоғларда яна Сибирь буғусимарал (Gervus elaphus sibiricus), тоғ эчкиси (Capra sibirica), тоғ қўйи (Ovis аттоп), тўнғиз, қоплой яшайди. Тоғ ўрмонларида қур, карқур, каклик, улар, тустовуқ бор. Дарёлар ўзанлари бўйлаб чўзилган тўқайларда ўрдак, ғоз, оққуш, турна, қўтон яшайди. Кўп ҳайвонлар овчилик аҳамиятига эга. Сув ҳавзаларида балиқ кўп.
БАЛАНД ОСИЁ
Марказий Осиёнинг чўлдан иборат ясси тоғликларидан жанубда, улар билан Ганг ва Ҳинд пасттекислиги оралиғида Ер шаридаги жуда баланд тоғ ва тоғликлар системаси жойлашган, уларнинг ўртача баландлиги 5000 м дан ошади. Бу тоғлар системасига ғарбда Помир, Ҳиндиқуш ва Қорақурум тоғ тугунидан шарқда Тибет тоғлигининг шарқий чеккасигача бўлган ерлар. киради. Бутун Тибет тоғлиги, Куньлунь ва Наньшань шу ўлкага киради.
Илгари Ҳимолай тоғлари системасини Ўрта денгиз бурмаланиш минтақасига киритилар эди, лекин янги маълумотларга кўра у Ҳиндистон платформасининг неогенга қадар ривожланишнинг платформа типида бўлган, активлашган чекка қисмидан иборатдир. Буни ва шунингдек, Ҳимолай тоғлари иқлимининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиб, биз бу тоғларни-Баланд Осиё билан эмас, балки Жанубий Осиё таркибида кўриб чиқамиз.
Турли ёшдаги бурмали ҳосилалардан иборат бўлган Баланд Осиё неоген охирида антропогенда кўтарилган, бу кўтарилиш ҳали ҳам давом зтаётган бўлиб, дунёда баландлигига кўра ҳам, эгаллаган майдонига кўра энг катта баландликнинг шаклланишига олиб келган.
Баланд Осиёнинг мавжудлиги унинг ўзида баланд тоғ ландшафтлари ва баландлик минтақаланиши турли типларининг кенг ривожланишига сабаб бўлиб қолмасдан Осиёнинг бошқа қисмлари табиий шароитининг шаклланишига ҳам жуда катта таъсир кўрсатади. Атмосфера умумий циркуляциясига кирувчи ҳаво оқимлари йўлида дунёда энг катта орографик тўсиқ бўлган Баланд Осиё Осиё максимумининг кучайишига ёрдам беради, материк ички қисмига Ҳинд ва Тинч океанлардан ҳаво оқимларининг киришига тўсқинлик қилади ва ғарбий шамолларнинг тарқалишига таъсир кўрсатади.
Осиёдаги ҳамма энг катта дарёлар Баланд Осиёдан бошлана,ди ва то қуйилиш жойигача унинг таъсири остида бўлади.
Буларнинг ҳаммаси Баланд Осиёнинг Евросиё материгининг мустақил йирик қисми сифатида ажратишга имкон беради.
ҲИНДИҚУШ ВА ҚОРАҚУРУМ
Ҳиндиқуш ва Қорақурум баланд тоғ ўлкаси Помир билан биргаликда Эрон тоғлигини Тибет тоғлигига боғловчи қудратли тоғ тугунини ҳосил қилади. Бу тоғ тугуни Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва Совет Иттифоқи территорияси туташган ерда жойлашган.
Ҳиндиқуш ва Қорақурум системаси Ер шаридаги энг баланд кўтарилмалар қаторига киради.
Ҳиндиқуш кўпинча Эрон тоғлигининг шимолий чекка тизмалари билан бирга ўрганилади. Лекин уларни бундай бирлаштириш фақат орографик ва тектоник жиҳатдан қарагандагина тўғри бўлади. Ҳиндиқуш ландшафтлари характерига кўра Эрон тоғлигининг чеккадаги тоғларидан, хусусан унга қўшни бўлган Паропомиздан каттагина фарқ қилади. Паропомизни Ўрта Афғон тоғлари билан боғлаб турувчи Кўҳи Бобо тизмаси Ҳиндиқуш системасига киради. Бу тизма билан Ҳиндиқуш тоғлари Ҳинд-океани билан Ўрта Осиёнинг ички оқими ўлкалари орасида сувайирғичдир.
Ҳиндиқуш умуман ғарб-жануби-ғарбдан шарқ-шимоли-шарққа томон чўзилган. Тоғ тизмаларининг асосий йўналишига перпендикуляр ҳолда ундан бир қанча тармоқлар тарқалади. Улар шимолда Афғонистон Бадахшони тоғли районини, жанубда Кофиристонни ҳосил қилади. Тоғ ва довонлар ғарбдан шарққа томон баландлашиб, уларга чиқиш қийинлашиб боради. Кўҳи Бобо тоғлари 5143 м га етади ва уларда довонлар 3000 м га яқин баландликда жойлашган. Кўҳи Бобо тизмаси билан Ғарбий Ҳиндиқуш оралиғида Шнбор довони жойлашган (2987 м), бу довон орқали Қобулни Мозори Шариф билан боғловчи Трансҳиндиқуш автомобиль йўли ўтказилган. Ғарбий Ҳинди-қушдаги баландликлар 4000-5000 метрдан ошади, Шарқий Ҳиндиқушда эса 6000-7000 м га етади. Энг баланд Тиричмир чўққиси 7690 м га тенг. Ҳиндиқуш тоғларининг тузилишида палеозойнинг кристалл жинслари ва мезозойнинг кучли даражада бурмаланган турли хил таркибли чўкинди ётқизиқлари қатна-шади. Рельефи учун эса катта баландликда жойлашган, ёнбағирлари тик, чуқур даралар кесиб ўтган бир қанча текисланган юзалар-билан алоҳида кўтарилиб турган альп типидаги ўткир қиррали тизмаларнинг бирга учраши хосдир.
Ҳиндиқушдан шимолда, Панж водийсидан нариги томонда Помир тоғлиги кўтарилган. Шарқий Ҳиндиқушдан Карамбар дарёси водийси орқали ажралган янада қудратлироқ тоғ тизмаси-Қорақурум жануби-шарққа томон чўзилган. У баландлигига кўра дунёда Ҳимолайдан кейин иккинчи ўринда туради. Унинг ўртача баландлиги деярли 6000 м га тенг, кўп чўққилари 6000 м дан баланд, учта чўққиси 8000 м дан баланд кўтарилган. Улардан энг баланди Чогори (Годуин Остен) баландлиги (8611 м) жиҳатидан дунёда иккинчи ўринда туради.
Қорақурумда тоғ ҳосил бўлиши асосан триас даврида ва ундан кенинги даврда рўй берган. Энг янги ёрилишлар ва кўтарилишлар рельефни ёшартирди, ҳозирги баландликка кўтарди ва жуда парчалаб юборди. Еш тектоника, тўртламчи даврнинг муз босишлари ва ҳозирги музликлар, эрозия таъсирида Қорақурумнинг кескин, типик альп рельефи вужудга келган. Довонлар 5000 м атрофида ва ундан ҳам баландда жойлашган, уларнинг кўпчилигига ҳатто ёз вақтида ҳам чиқиш қийин, қишда эса тизма орқали ҳамма вақт ҳам ўтиб бўлавермайди.
Қорақурумнинг, айниқса Ҳиндиқушнинг ер бағри турли хил фойдали қазилмаларга бой. У ерда кўмир, турли хил металл рудалари, графит конлари бор, улар жуда кам текширилган ва жуда оз қазиб чиқарилади.
Ҳ ар иккала тоғ системаси иқлим шароитининг таркиб топишида тоғ рельефи ва катта сув ҳавзаларидан узоқда жойлашганлиги асосий роль ўйнайди. Шу билан бирга тоғ тизмаларининг Осиёнинг табиий шароити турлича бўлган қисмлари орали
Do'stlaringiz bilan baham: |