Корнелнинг бошқа асарлари. «Цинна ёки Август марҳамати» (1639) трагедиясининг сюжетини Корнель қадимги Рим бошқа асарлари тарихидан олади. Асарнинг бош қаҳрамони қонли курашлар натижасида Римни ўзига қаратиб, ҳукмрон бўлган Августдир.
Эмилия отасининг қотили Августни кўролмайди ва, қандай бўлмасин, ундан қасос олишни ўйлайди. Бу ишга ўзини севадиган йигит Циннани ундайди. Цинна билан Эмилиянинг муҳаббатини кўролмаган Максим уюштирилаётган фитна ҳақида Августни огоҳлантиради. Август Циннани қамоққа олади. Лекин ўзига яқин турган кишилар фитна кўтармоқчи бўлганидан қаттиқ азоб чекади. Ниҳоят, Август қалбида раҳмдиллик ҳисси туғилади. Циннани ҳузурига чақириб осойишталик билан унинг хатоларини кўрсатади ва гуноҳларини кечириб, уларни бўшатиб юборади.
Корнель бу сиёсий трагедиясида ҳам мустаҳкам давлат ҳокимияти тарафдори сифатида чиқади. Ўзаро диний урушлар ва аристократлар фитнаси кучайиб кетган, бутун оғирлик омма устига тушаётган вақтда оддий халқ ҳам «тартибсизлик ичида тартиб вакили» бўлган ягона марказлашган ҳокимиятни ҳимоя қилар эди. Цинна ва Максим образларида ёзувчи халқ норозилигидан ўз манфаати учун фойдаланишга интилган феодал оппозициясининг вакилларини қоралайди. Шунинг учун ёзувчи пьесани монархнинг тантанасини тасвирлаш билан тугатади.
Трагедияда сиёсий тўқнашувлар, ўткир конфликтлар йўқ, Цинна билан Август ўртасидаги «можаро» бир англашилмовчиликдир. Чунки Цинна севгилиси Эмилиянинг талаби билан Августга қарши қўл кўтармоқчи бўлади. Ёзувчи дунёқарашида юз берган ўзгариш – классицизм принципларига қаттиқ риоя қилиш «Цинна» трагедиясининг ҳам мазмуни, ҳам бадиий қимматига путур етказмай қолмади.
Корнель француз трагедиясининггина эмас, балки француз характерлар комедиясининг асосчиси ҳамдир. «Қаллоб» (1643) комедиясида Корнель аристократия вакилининг сохта ва иллюзияли ҳаётини масхара қилади. Классицизм назарияси руҳида ёзилган бу асарда аристократияни замонга қараб иш тутишга даъват этади. «Сид» трагедияси каби бу асарини яратишда ҳам у испан адабиётига мурожаат этади ва испаниялик Аларконнинг «Шубҳали ҳақиқат» комедиясидан фойдаланади. Йирик комедиограф Мольер хатларидан бирида Корнелнинг «Қаллоб» комедиясидан кўп нарса ўрганганини эътироф қилган эди.
Франциядаги сиёсий воқеалар, феодал реакцияси билан халқ оммаси ўртасидаги қарама-қаршиликнинг кучайиши ёзувчига салбий таъсир этмай қолмади. Корнель илгариги асарларида кишининг хизмати унинг фазилатларини белгилайди, деб гуманистик ғояларни ҳимоя қилган бўлса, энди у, кишининг қимматини унинг жамиятда тутган ўрни, насл-насаби белгилайди, деган консерватив фикрни илгари сурди. «Родогунда» (1644), «Ираклия» (1647) трагедияларида ёзувчи давлат низоларини тасвирлаб, қонуний монархия давлати ва жамиятнинг табақага асосланган негизларини ёқлади.
XВИИ асрнинг 60-70-йилларида ёзган баъзи трагедияларида («Сертория», «Софонисби») Корнель Фронде ҳаракатида қатнашган принц Конде каби феодал-зодагонларни оқлайди. У бошқа бир қанча пьесаларида («Оттон», «Тит ва Береника», «Пульхерия») сарой зодагонлари ва уларнинг эгоистик интилишларидан кулади. Бироқ у абсолют ҳокимиятни сақлаб қолишга қобилиятли бўлган кучли ва шафқатсиз ҳоким идеалини илгари суради. Гуманистик ғоялардан маҳрум ва классицизм эстетикаси руҳида ёзилган Корнелнинг бу асарлари «Сид» ва «Гораций» трагедиялари даражасида юқори бадиий умумлашмага кўтарила олмади ва саҳнада ҳам муваффақият қозонмади.
Do'stlaringiz bilan baham: |