Вегетатив нерв системаси
Вегетатив нерв системасини нерв тугунлари ва бу нерв тугунларини орқа миядаги ҳамда орқа миядан ташқаридаги маҳсус бирикма ва чатишмалари ташкил этади. Вегетатив нерв системасидаги нерв ҳужайраларининг ва нерв тугунларининг айрим бирикмалари ҳазм органларида, қон айланиш, нафас олиш органларида ва шунга ўхшаш органларда бўлади.
Вегетатив нерв системаси марказий нерв системаси билан боғланган: вегетатив нерв системасининг нерв тугунлари бош миянинг гипоталамус (кўрув думбоқларинииг пастки қисми), тўрт тепалик ва узунчоқ, мия соҳасида, шунингдек, орқа миянинг кўкрак, юқори бел ва думғаза бўлимларида жойлашган.
Катта ярим шарлар пўстининг пешона қисмларида периферик нерв системасининг ҳам, вегетатив нерв системасининг ҳам функцияларини бирлаштирадиган юксак марказлари бор. Бош мия пўстидан периферик нерв системасига ҳам, вегетатив нерв системасига ҳам импульслар келиб туради. Бинобарин, вегетатив нерв системасини, шунингдек, бошқа қисм ва марказларни бош мия пўсти идора этади.
Вегетатив нерв системаси умумий нерв системасининг бир қисми бўлиб, ички органлар ҳазм, нафас, қон айланиш органларининг ишларини ва ички секреция безларининг фаолиятини идора қилади. Вегетатив нерв системаси организмнинг умуман ҳамма ҳаётий жараёнларини идора этади. Организм жараёнларининг шу тариқа вегетатив нерв системаси томонидан идора этилиши органлар фаолиятининг кучайиши ва сусайишида, ортиши ва камайишида кўринади.
Вегетатив нерв системаси ички органлар билангина боғланиб қолмай, балки организмнинг бошқа ҳамма қисмлари билан ҳам боғлангандир. Вегетатив нерв системасининг марказдан қочувчи толалари ҳамма сезги органларида ва тери ҳужайраларида бор. Вегетатив нерв системаси ўша толалар орқали сезги органларига таъсир этиб, уларнинг фаолиятини кучайтиради ёки сусайтиради. Жумладан, вегетатив нерв системаси сезги органларининг адаптациясига (яъни мосланишига) анча ёрдам берар экан. Вегетатив нерв системаси марказий нерв системасининг турли қисмларига, жумладан, бош мия пўстига ҳам таъсир этади. Шунинг учун ҳам вегетатив нерв системасининг таъсири психик жараёнларда ҳам кўринади.
Вегетатив нерв системаси икки бўлакдан: симпатик нерв системаси ва парасимпатик нерв системасидан иборат.
Симпатик нерв системасининг марказлари гипоталамусда, орқа миянинг кўкрак ва юқори бел бўлимларидадир. Симпатик нерв системасининг толалари танадаги ҳамма органларга ёйилади.
Парасимпатик нерв системасининг марказлари тўрт тепаликда, ўрта мияда (Варолий кўприги), узунчоқ, мияда ва орқа миянинг думғаза бўлимидадир.
Симпатик ва парасимпатик нерв системалари ички органлар фаолиятини идора этишда «антагонистлар» ролини белгилайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |