Ниқобсиз юрганлик 1 млн сўмдан ортиқ жаримага сабаб бўлиши мумкин
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси ниқобсиз юрганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қисм билан тўлдирилди.
Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 115 минг сўм) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Карантин шароитида тиббий мажбурлов чораси қўлланиши мумкин
Қонунга мувофиқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида қўллашни назарда тутувчи 29-2-модда билан тўлдирилди.
Унга кўра, карантин шароитида эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузган шахсга нисбатан тиббий мажбурлов чоралари қўлланилиши мумкин.
Тиббий мажбурлов чораси 30 суткагача бўлган муддатда маъмурий жазо тайинлаш билан бирга қўлланилади.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси давлат санитария назорати, ички ишлар ва Миллий гвардия органлари томонидан таъминланади.
КОРОНАВИРУС КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ КУРАШИШ РЕСПУБЛИКА МАХСУС КОМИССИЯСИНИНГ АХБОРОТИ
Мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус касаллигини республика ҳудуди бўйлаб тарқалишини олдини олиш ҳамда назоратдан чиқармасликни таъминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, жорий йил 4 апрель санасида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида бу йўналишда қуйидаги қўшимча чора-тадбирлар белгиланди:
Биринчидан, жорий йил 6 апрелдан эътиборан қуйидагиларни назарда тутган ҳолда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи Нукус ва Тошкент шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида мажбурий равишда жорий этилади:
шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва б.) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланади, иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно;
ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади;
65 ёшдан юқори ёшда бўлган ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилади.
Ушбу талабларни бузган шахслар қонунчиликка мувофиқ тегишли жавобгарликка тортилиши мумкин.
Иккинчидан, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуаларининг (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойлари тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда пирометрлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади.
Бунда ушбу мажмуаларга ташриф буюраётган ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчанади ҳамда 37 С ва ундан юқори бўлганда, мазкур фуқаролар ушбу мажмуаларга киритишга йўл қўйилмайди.
Бунда ушбу фуқароларга зудлик билан тез тиббий ёрдам хизматига мурожаат этиш тавсия этилади.
Шунингдек, марказлашган ҳолда пирометрларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига икки кун муддатда етказиб берилади.
Учинчидан, йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) ҳамда карантин тадбирлари учун ажратилган жойларда дезинфекция ишлари мунтазам равишда мажбурий тартибда амалга ошириб борилади.
Тўртинчидан, карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларини ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида истисно тариқасида ички ишлар органлари йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб турилади.
Бешинчидан, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 2020 йил 6 апрель соат 06-00 дан эътиборан мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланиш карантин даврида вақтинча чекланади.
Бунда фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |