Иссиқликнинг кириши (Bm): дастлабки эритма билан GбCбtб, бу ерда Сб – бошланғич эритманинг иссиқлик сиғими, Ж/кг·К, tб – унинг ҳарорати, 0С; кристалланиш пайтида ажралади Gкрqкр, бу ерда qкр – кристалланиш иссиқлиги, Ж/кг.
Иссиқликнинг сарфи (Bm): қолдиқ эритма билан GқCқtқ, бу ерда Сқ – қолдиқ эритманинг иссиқлик сиғими, Ж/кг·К, tқ – унинг ҳарорати, 0С; кристалл модда билан GкрСкрtкр, бу ерда Скр – кристалларнинг иссиқлик сиғими, Ж/кг·К, tкр – кристалларнинг ҳарорати, у қолдиқ эритманинг ҳароратига тенг (tкр = tқ); буғланган эритма билан Wi, бу ерда i – эритувчи буғларнинг энтальпияси, Ж/кг; совитувчи агент билан GcCc (t0 – tб), бу ерда Gс – совитувчи агентнинг миқдори, кг/с, Сс – совитувчи агентнинг иссиқлик сиғими, Ж/кг·К, tб ва t0 – совитувчи агентнинг бошланғич ва охирги ҳароратлари, 0С; атроф муҳитга йўқолиши Qй.
Иссиқликнинг кириши ва унинг сарфини бир-бирига тенглаб, қуйидаги иссиқлик баланси тенгламасини ёзамиз:
GбCбtб + Gкрqкр = GқCқtқ + GкрСкрtкр + Wi + GcCc(t0 – tб) + Qй. (17.13)
Ушбу тенглама ёрдамида буғланиш йўли билан ажратиб олинадиган эритувчининг миқдори W (кг/с) ёки эритманинг ҳароратини тегишли қийматгача совитиш учун зарур бўлган совитувчи агентнинг миқдори Gc (кг/с) аниқланади.
Кристаллизаторнинг иссиқлик алмашиниш юзалари 8-бобда келтирилган тенгламалар асосида топилади. Сўнгра кристаллизаторнинг асосий ўлчамлари (диаметри, баландлиги, ҳажми) аниқланади.
ТАЯН СЎЗ ВА ИБОРАЛАР
Кристалланиш, сублимация, десорбция, изотермик ва изогидрик услублар, дастлабки эритма, тўйинган эритма, ўта тўйинган эритма, кристалланиш марказлари, турғун эритма, нотурғун эритма, аддуктив кристалланиш, комплекс бирикма – аддукт, эритманинг номувозанат ва мувозанат ҳолатлари, Клапейрон-Клаузиус тенгламаси, кристалланиш иссиқлиги, модданинг солиштирма ҳажми, фазавий ўзгаришида юз берадиган босим, бинар ва кўп компонентли системалар, кристалланиш тезлиги, кристалларнинг ҳосил бўлиш механизми, кристалланишнинг молекуляр ва кинетик босқичлари, диффузия коэффициенти, ўсаётган кристалларни қоплаб турган диффузион чегара қатламнинг қалинлиги, концентрациялар айирмаси, ўта тўйинган эритманинг концентрацияси, чегара қатламдаги тўйинган эритманинг концентрацияси, фазавий ўзгариш тезлигининг доимийлиги, П.М. Силин тенгламаси, кристалларнинг юзаси, муҳитнинг қовушоқлиги, эритманинг абсолют ҳарорати, кристаллизаторларнинг тузилиши, барабанли кристализатор, вакуум-кристаллизатор, мавҳум қайнаш қатламли кристаллизатор, дискли кристаллизатор, контактли кристаллизатор, колоннали кристаллизаторлар, кўп корпусли вакуум-кристаллизатор, кристаллизаторларнинг моддий баланси, кристаллизаторларнинг иссиқлик баланси.
Do'stlaringiz bilan baham: |