З. Салимов
Нефть ва газни қайта ишлаш жараёнлари ва ускуналари
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий ўқув юртлари бакалавриатининг «Нефть ва нефть-газни қайта ишлаш технологияси» йўналиши бўйича таълим оладиган талабалари учун дарслик сифатида тавсия этган
Тошкент
Т а қ р и з ч и л а р:
техника фанлари доктори, профессор Б.И. М у ҳ а м е д о в
техника фанлари доктори И.М. Сайдаҳмедов
кимё фанлари доктори, профессор Г.Р.Нарметова
Ушбу дарсликда талабалар нефть, газ ва бошқа углеводородли хом ашёларни қайта ишлаш жараёнларининг умумий назарий асослари билан таништирилади. Дарсликда гидромеханик, механик, иссиқлик, модда алмашиниш ва кимёвий жараёнларининг назарий ва амалий томонлари, энг муҳим ускуналарнинг тузилиши ва ишлаш принциплари, уларни ҳисоблаш услублари баён этилган.
Китобда экология, модда ва энергияни тежаш, истиқболли жараёнлар ва ускуналардан фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнларини замонавий усуллар билан жадаллаштириш масалаларини ёритишга алоҳида аҳамият берилган. Шу билан бирга, асосий атамаларнинг таърифи, илмий – тадқиқот ишларини олиб бориш учун аниқ мавзулар, тест саволларидан намуналар келтирилган.
Дарслик асосан нефть ва нефть-газни қайта ишлаш технологияси йўналиши бўйича таълим оладиган талабаларга мўлжалланган бўлиб, ундан турдош ихтисосликлар бўйича таҳсил олувчи талабалар, аспирантлар, докторантлар, илмий ходимлар, ўқитувчилар, лойиҳачилар ва муҳандис-техник ходимлар, шунингдек шу соҳага қизиққан барча китобхонлар ҳам фойдаланиши мумкин.
Азизу мукаррам зотларим
Олимжон ва Кароматхон
Салимовларнинг ёрқин
хотирасига бағишлайман
СЎЗ БОШИ
Ўзбекистонда нефть-газни қайта ишлаш саноати яхши ривожланаётган тармоқлардан бири бўлиб, унинг халқ хўжалигидаги салмоғи мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг йилдан йилга ортиб бормоқда. Ушбу соҳага тегишли саноат корхоналари замонавий асбоб-ускуна ва қурилмалар билан жиҳозланган бўлиб, уларда энг илғор технологиялар асосида маҳаллий хом ашёлар қайта ишланиб, тайёр маҳсулотлар (бензин, авиакеросин, авиабензин, дизель ёнилғиси, нефть мойлари, суюлтирилган газ, полиэтилен гранулалари, олтингугурт ва бошқалар) олинмоқда.
Республикамиз кимёгар олимлари ва мутахассислари олдида ҳали ўз ечимини кутаётган улкан муаммолар турибди. Бу муаммолар жумласига қовушоқлиги катта бўлган нефтларнинг оқувчанлигини кўпайтириш, сув-нефть эмульсияларини парчалаш учун самарали деэмульгатоларни синтез қилиш, нефть хом ашёсини бирламчи тозалаш учун янги усулларни излаб топиш, хом ашё ва нефть маҳсулотларини иссиқлик таъсирида қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштириш, нефтни қайта ишлаш даражасини ошириш, гидрогенизацион жараёнларни жадаллаштириш учун ўта фаол катализаторларни яратиш, газ конденсати таркибидан ҳар хил эритувчиларни олишни ташкил этиш, техниканинг турли соҳалари учун маҳаллий хом ашёлар асосида мойлаш материаллари олишни кенгайтириш, нефть маҳсулотларининг сифат кўрсатгичларини яхшилаш мақсадида уларга оз миқдорда қўшиладиган моддаларни синтез қилиш, ишлаб чиқаришда хом ашё сифатида ишлатиладиган табиий газни чуқур ва комплекс тозалаш, чиқиндисиз ва кам энергия талаб қиладиган технологик жараёнларни кашф этиш, табиий газдан суюқ ёнилғи олиш технологиясини яратиш, юқори самарали технологик қурилмаларни ишлаб чиқиш, асбоб-ускуна ва жиҳозларни коррозия ва емирилишдан сақлашнинг самарали йўлларини топиш, ишлаб чиқаришнинг суюқ ва газсимон чиқиндиларини яхши тозалайдиган замонавий ускуналарни таклиф этиш кабиларни киритиш мумкин.
Нефть ва газни қайта ишлаш саноати корхоналарида углеводородли хом ашёларни замонавий технологиялар асосида қайта ишлаб, халқ хўжалиги учун муҳим бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш ҳамда фан ва техника ютуқларидан амалиётда доимо фойдаланиб бориш учун юқори малакали муҳандис кадрлар (бакалавр ва магистрлар) керак, албатта. Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури талабларидан келиб чиққан ҳолда бакалавр ва магистрлар ҳар томонлама билимдон, илғор давлатлар тажрибалари билан таниш, янги илмий ғоялар ва техникавий ечимларни яратиш қобилиятига эга бўлишлари зарур. Кадрлар ўзига хос замонавий тафаккурли, билимли, малакали ва айни пайтда юксак маънавий комиллик сифатларига эга бўлиши, Ўзбекистоннинг келажаги, мустақиллигимиз келажаги учун маъсул, жонкуяр, фидойи инсонлар бўлмоғи керак. Бакалавриат ва магистратура талабаларининг чуқур ва мустаҳкам билим олишларида «Нефть ва газни қайта ишлаш жараёнлари ва ускуналари» фани катта аҳамиятга моликдир.
Олий ўқув юртлари талаблари учун «Нефть ва газни қайта ишлаш жараёнлари ва ускуналари» фани бўйича ҳозирги кунгача ўзбек тилида замонавий дарсликлар яратилгани йўқ. Бу фан талабларга ўз ихтисосликларини чуқур эгаллашга, уларнинг техникавий билимларини мустаҳкамлашга, қандай қилиб ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва технологик ускуналардан унумли ва муқобил режимда фойдаланиш мумкинлигини ўргатади.
Дарслик асосан 5522500-нефть ва нефть-газни қайта ишлаш технологияси йўналиши бўйича таълим оладиган талабаларга мўлжалланган бўлиб, ундан қуйидаги турдаги йўналишлар талабалари ҳам фойдаланиши мумкин :
5520700 – технологик машиналар ва жиҳозлар;
5522400 – кимёвий технология;
5540300 – нефть ва газ иши;
5850100 – атроф муҳит муҳофазаси.
Китобхонга тақдим этилаётган ушбу дарслик муаллифнинг кўп йиллик илмий-педагогик тажрибасидан келиб чиқиб ёзилган бўлсада, айрим камчиликлардан холи бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун китобнинг сифатини яхшилашга қаратилган ўз фикр-мулоҳазаларини айтган ўртоқларга муаллиф олдиндан миннатдорчилик билдиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |