Азеотроп ректификациялаш. Ажратилиши зарур бўлган икки компонентли азеотроп аралашмага учинчи компонент қўшилади. Бунда учинчи компонент аралашма компонентларининг бирортаси билан янги азеотроп аралашма ҳосил қилади. Ушбу азеотроп аралашма даслабки аралашмага нисбатан яхшироқ учувчан бўлади.
11.14-расмда азетроп ректификациялаш қурилмасининг битта варианти тасвирланган. Колонна 1 га суюқ азеотроп аралашма (А+В) берилади.
11.14-расм. Азеотроп ректификациялаш қурилмаси:
1-колонна; 2-дефлегматор; 3-чўктириш ускунаси.
Колоннанинг юқориги қисмига учинчи компонент С юборилади. Колоннада янги азеотроп аралашма (В+С) ҳосил бўлади, ушбу аралашма компонентлари
суюқ ҳолатда амалий жиҳатдан бир-биридан ўзаро эримайдли. Шу сабабдан дистиллят дефлегматор 2 да совитилгандан сўнг чўктириш ускунаси 3 да В ва С компонентларига ажратилади. В компоненти узатилади. С компоненти эса колоннага қайтарилади. А компоненти колоннанинг пастки қисмидан қолдиқ маҳсулот сифатида ажратилади.
Азетороп ректификациялаш жараёни даврий ва узлуксиз режимларда олиб борилиши мумкин. Кўпчилик шароитларда азеотроп ректификациялаш учун экстрактив ректификациялашга нисбатан кўпроқ иссиқлик сарфи талаб қилинади. Бундан ташқари азеотроп ректификациялаш жараёни учун тегишли ажратувчи агентни танлаш анча қийин вазифа ҳисобланади.
Экстрактив ректификациялаш. Компонентларнинг қайнаш ҳароратлари бир-бирига жуда яқин бўлган суюқ аралашмаларни ажратиш жуда қийин вазифа ҳисобланади. Бундай аралашмаларнинг фазавий мувозанат эгри чизиқлари у-х диаграммасининг диагонал чизиғига жуда яқин келади, шу сабабдан флегманинг кўпроқ олинишини ҳисобга олувчи коэффициентнинг қиймати катта бўлган шароитда ҳам ректификацион колоннадаги зарур бўлган тарелкаларнинг сони анча ортиб кетади. Бундай аралашмаларни ажратиш жараёни асосий компонентларнинг учувчанлигини анча орттириб юборадиган учинчи компонент (ажратувчи агент) дан фойдаланишга асосланган. Учинчи компонент аралашманинг иккала компонентларига нисбатан кам учувчан ва аралашмада ёмон учувчан компонентни яхши эритиб юборадиган бўлиши керак. Масалан, н-бутан (tқай=0,50С) ва псевдобутилен (tқай=0,30С) аралашмасига ацетон (tқай=560С) қўшилади. Ацетон псевдобутиленни яхши эритади, н-бутанни эса эритмайди. Шундай қилиб, суюқ аралашмаларни ажратувчи агент ёрдамида компонентларга ажратиш экстрактив ректификациялаш дейилади.
Экстрактив ректификациялашнинг схемаси 11.15-расмда тасвирланган. Бундай қурилма иккита ректификацион колоннадан иборат бўлиб, биринчисига А ва В компонентлардан ташкил топган аралашма берилади. Биринчи колоннанинг юқориги қисмидаги тарелкалардан биттасига ажратувчи агент С юборилади. В компоненти ажратувчи агент С да яхши эрийди, бироқ А ва С компонентлари ўзаро эримайди (ёки қисман эрийди). В компоненти нисбатан юқори ҳароратда қайнайди. С компоненти суюқ ва буғ фазалари таркибидаги В компонентни экстракциялайди. Биринчи колоннадан В+С аралашмаси колдиқ маҳсулот сифатида ажралади, дистиллят эса амалий жиҳатдан тоза бўлган А компонентидан иборат бўлади.
11.15-расм. Экстрактив ректификациялаш қурилмасининг схемаси:
1,2-колонналар; А,В-аралашманинг асосий компонентлари; С-ажратувчи агент.
Экстрактив ректификациялашдан сўнг В+С аралашмаси иккинчи колоннага юборилиб, у ерда бир-биридан ажратилади. Ушбу колоннадан В компоненти дистиллят сифатида ажратиб олинади. Қолдиқ маҳсулот ҳолатида ажралган С компоненти қайтадан ишлатиш учун биринчи колоннага қайтарилади. Экстрактив ректификациялаш фақат узлусиз режимда олиб борилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |