Барабанли роторли вакуум-қуритгичлар. Бундай қуритгичлар портлаш ва ёнғин чиқиш жиҳатдан ҳавфли, заҳарли, сочилувчан ёки пастасимон маҳсулотларни сувсизлантиришга мўлжалланган. Заҳарли препаратлар, гербицидлар, полимер материаллари ва бўёқлар ишлаб чиқаришларда иссиқликка чидамсиз маҳсулотларни сувсизлантириш учун ҳам барабанли роторли вакуум-қуритгичлар кенг ишлатилади.
Бу турдаги контактли қуритгичларда материал секин айланувчи, гороизонтал ҳолда жойлашган тароқли аралаштиргич ёрдамида аралаштирилади, натижада ускуна даврий ишласа ҳам қуритиш тезлиги анча юқори бўлади. Тароқли вакуум-қуриткичлар қўл меҳнатини талаб қилмайди.
Қуриткич горизонтал буғ ғилофли цилиндрсимон қобиқдан ташкил топган (16.15-расм). Ускуна тепасида нам материални юклайдиган, пастки қисмида эса қуриган материални туширадиган туйнуклар бор. Қобиқнинг ичида тароқлари бўлган аралаштиргич жойлаштирилган. Аралаштиргичнинг тароқлари ўқда ўзаро перпендикуляр қилиб ўрнатилган; барабан узунлигининг биринчи ярмида аралаштиргичнинг тароқлари бир томонга эгилган бўлса, иккинчи ярмида эса қарама-қарши томонга эгилган бўлади. Бундан ташқари, аралаштиргич ҳар 5-8 минутда реверсив мослама ёрдамида айланиш йўналишини ўзгартиради. Шу сабабли ускунага тушган материал даврий равишда барабаннинг ички девори яқинидан унинг марказига қараб ва тескари йўналишда ҳаракат қилади. Аралаштиргич ўқининг ичида бўшлиқ бўлиши ҳам мумкин, бундай ҳолда бу бўшлиқ орқали иситувчи агент юборилиб, материал қўшимча равишда қиздирилади. Тароқлар ўртасида эркин ҳаракат қилувчи қувурлар материални тезроқ айлантириш учун хизмат қилади. Қуриткичнинг қобиғи конденсатор вакуум-насос билан туташган.
16.15-расм. Барабанли роторли вакуум-қуритгич:
1-барабан; 2-буғ ғилофи; 3-юклаш учун туйнук; 4-ротор; 5-тароқ; 6-тушириш учун туйнук; 7-узатма. Оқимлар: I-сув буғи; II-конденсат; III-газлар.
Аралаштиргичли вакуум-қуритгичларнинг асосий афзаллиги – бошқа ускуналарга нисбатан қуритиш жараёни паст ҳароратда олиб борилади. Унга хизмат кўрсатиш учун ишчи кучи кам талаб қилинади, бундай қуриткичларда портлаш ҳавфи бўлган ва заҳарли материалларни қуритиш мақсадга мувофиқдир. Бундай ускуналар материал таркибидан сувсиз эритувчиларни ажратиб олиш учун ҳам ишлатилиши мумкин. Қуритилган материалларнинг сифати анча юқори бўлади.
Қуритгич қобиғининг номинал ҳажми 0,16 дан 10 м3 гача ўзгариши мумкин. Цилиндрсимон қобиқни материал билан тўлдириш коэффициенти одатда 50 % ни ташкил этади. Портлаш ҳавфи бўлган материаллар билан ишлаганда, ҳавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳавонинг кириши мумкин бўлган жойлар (роторни зичлантириш, тушириш учун туйнук, фильтр)га паст босим билан азот юборилади. Бундан ташқари барабанга емирилиб кетадиган мембрана ўрнатилади. Буғ-ҳавони материал чангларидан тозалаш учун ускуна фильтрлар билан жиҳозланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |