Мавҳум қайнаш қатламли қуриткичлар. Бундай қуриткичларда жараён мавҳум қайнаш қатламида олиб борилганлиги сабабли материал заррачалари ва қуритувчи агент ўртасида контакт юзаси кўпаяди, намликнинг материалдан буғланиб чиқиш тезлиги ортади, қуритиш вақти эса анча қисқаради. Ҳозирги кунда мавҳум қайнаш қатламли қуриткичлар сочилувчан донасимон материалдан ташқари, қовушиб қолиш хусусиятига эга бўлган материаллар, пастасимон моддалар, эритмалар, қотишмалар ва суспензияларни сувсизлантириш учун ҳам ишлатилмоқда.
Мавҳум қайнаш қатламли қуритгичларда одатда ўлчами 5 мм гача бўлган донадор материаллар қуритилади. Қуритувчи агент сифатида қиздирилган ҳаво, тутунли газлар, қиздирилган инерт газлар ишлатилади. Бундай қуритгичларда мавҳум қайнаш ҳолати газ фазаси ёрдамида юзага чиқади.
Айрим шароитларда мавҳум қайнаш ҳолати бошқа инерт материал ёрдамида ҳам ҳосил қилиниши мумкин. Бундай шароитда қуритилиши лозим бўлган материал қиздирилган қуритувчи агент оқимида инерт материал билан контактга учрайди.
16.14-расмда суспензия ва эритмаларни инерт материалнинг мавҳум қайнаш ҳолатида сувсизлантиришга мўлжалланган қуритгичнинг схемаси келтирилган. Дастлабки маҳсулот таъминлагич 4 ёрдамида қуритгичнинг ичига жойлаштирилган пневматик форсункага берилади. Форсунка иситиш ускунаси 5 да иситилган ва сиқилган ҳаво ёрдамида дастлабки маҳсулотни сочиб беради. Ускунанинг ичига солиб қўйилган инерт материал (масалан, фторпластнинг майда заррачалари) ёниш камераси 1 да ҳосил бўлган тутунли газлар ёрдамида мавҳум қайнаш ҳолатига келтирилган бўлади. Бу ерда маҳсулотнинг майда томчилари (чанглари) инерт материал гранулаларининг устига ёпишиб қолади. Мавҳум қайнаш ҳолатида гранулаларнинг ўзаро жадал тўқнашуви таъсирида қуриган маҳсулот гранулалардан ажралади ва иссиқлик ташувчи билан биргаликда енгли фильтр 8 га юборилади. Тутунли газлардан ажралган маҳсулот икки қатламли чанг затвори 9 орқали қурилмадан ташқарига чиқарилади. Ишлатилган иссиқлик ташувчи агент енгли фильтрда тозалангандан сўнг атмосферага чиқарилади. Енгли фильтрни регенерация қилиш учун компрессор 7 ёрдамида ресивер 6 орқали ҳавонинг тескари оқимидан (0,04÷0,06 МПа) фойдаланилади.
16.14-расм. Маҳсулотларни инерт материалнинг мавҳум қайнаш ҳолатида сувсизлантирадиган қурилманинг схемаси:
1-табиий газнинг ёниш камераси; 2-ҳаво ҳайдагич; 3-қуритгич; 4-таъминлагич; 5-иссиқлик алмашгич; 6-ресивер; 7-компрессор; 8-енгли фильтр; 9-икки қаватли чанг затвори. Оқимлар: I-табиий газ; II-ҳаво; III-суспензия; IV-сув; V-сиқилган ҳаво; VI-сув буғи; VII-конденсат; VIII-иссиқлик ташувчи ва намлик буғлари; IX-тайёр маҳсулот.
Мавҳум қайнаш қатламли қуритгичларнинг асосий қисми цилиндрсимон, конуссимон ёки цилиндр-конуссимон бўлиши мумкин. Цилиндрсимон қобиқли қуриткичларда баъзан қуритиш жараёни бир меъёрда бормайди, чунки қатламда жадал аралаштириш мавжуд бўлганлиги сабабли айрим заррачаларнинг қуритгичда бўлиш вақти ўртача қийматдан анча фарқ қилади. Шу сабабли ўзгарувчан кесимли (масалан, конуссимон) қуриткичдан фойдаланилади. Бундай конуссимон қуритгичнинг пастки қисмида газнинг ҳаракатланиш тезлиги энг катта заррачанинг чўкиш тезлигидан катта, тепа қисмида эса энг кичик заррачанинг чўкиш тезлигидан кам бўлади. Бундай ҳолатда қаттиқ заррачаларнинг нисбатан тартибли циркуляцияси мавжуд бўлиб, заррачалар қуритгичнинг марказий қисмида кўтарилади, унинг чекка қисмларида эса пастга қараб тушади. Натижада материал бир меъёрда исийди ва камеранинг иш баландлиги камаяди.
Мавҳум қайнаш қатламли қуриткичларнинг самарали ишлаши учун нам материал ва қуритувчи агентни қуритгичнинг кўндаланг кесими бўйича бир меъёрда тарқалишига эришиш керак. Бунинг учун нам материални қуритгичга бериб турадиган таъминлагич, қуритилган материални қуритгичдан чиқариб турадиган ва газ тарқатувчи мосламаларнинг конструкциясини тўғри танлаш зарур.
Do'stlaringiz bilan baham: |