Намликнинг материал ичида силжиши. Материал ташқи юзасидан намликнинг буғланиши натижасида унинг ичида намлик градиенти пайдо бўлади; ушбу градиент таъсирида материалнинг ички қатламларидан унинг юзасига қараб намликнинг ҳаракати ички диффузия деб аталади. Қуритишнинг биринчи даврида (қуритиш тезлиги ўзгармас бўлганда) материал ичидаги намликнинг ўзгариши катта бўлади, бунда қуритиш тезлигига асосан материал юзасидан намликнинг буғланиш тезлиги (яъни ташқи диффузия) таъсир қилади. Бироқ материал юзасидаги намлик камайиб бориб гигроскопик намликка етганда ва ундан кейин ҳам камайиши давом этса, яъни қуритишнинг иккинчи даврида, жараённинг тезлигига асосан ички диффузия таъсир қилади. Қуритишнинг иккинчи даврида жараённинг тезлиги доим камайиб боради.
Қуритишнинг биринчи даврида материал ичидаги намлик (капиллярлардаги намлик ва осмотик бириккан намлик) суюқлик ҳолатида тарқалади. Иккинчи даврнинг бошланишида материал юзасининг айрим жойларида ҳар хил шаклдаги чуқур зоналар пайдо бўлади ва материалнинг ичида буғланиш юз беради. Бунда капиллярлардаги намлик ва адсорбцион бириккан намликнинг бир қисми материалнинг ичида буғ ҳолида силжийди. Кейинчалик материалнинг юза қатлами тўла қуриб бўлгандан сўнг, буғланишнинг ташқи юзаси борган сари материалнинг геометрик юзасидан камайиб кетади. Бундай шароитда намликнинг ички диффузия ёрдамида силжишининг аҳамияти ортади. Иккинчи даврнинг қуритиш тезлиги турлича камаядиган босқичида материал билан мустаҳкам боғланган адсорбцион намлик қаттиқ фаза ичидан фақат буғ ҳолида тарқалади.
Намликнинг қаттиқ материал ичида тарқалиш ҳодисаси намлик ўтказувчанлик деб аталади. Намлик ўтказувчанликнинг тезлиги ёки намлик оқимининг зичлиги намлик концентрацияси градиентига мутаносибдир:
, (16.8)
бу ерда – намлик ўтказувчанлик коэффициенти.
Бу ифоданинг ўнг томонидаги минус ишора намликнинг концентрацияси катта бўлган қатламдан концентрацияси кичик бўлган қатламга қараб силжишини кўрсатади. Намлик ўтказувчанлик коэффициенти нинг (м2/с) физик маъноси намликнинг материалдаги ички диффузия коэффициентини ифодалайди ва иссиқлик ўтказиш жараёнидаги ҳарорат ўтказувчанлик коэффициентига ўхшайди. Намлик ўтказувчанлик коэффициентининг қиймати намликнинг материал билан бирикиш турига, қуритиш ҳароратига, материалнинг намлигига боғлиқ бўлиб, фақат тажриба йўли билан аниқланади.
Қуритишнинг баъзи турларида (масалан, контакли, радиацияли ёки диэлектрик усуллар ишлатилганда) материал қатламида намлик градиентидан ташқари ҳарорат градиенти ҳам пайдо бўлади. Ҳарорат градиенти таъсирида материал ичида иссиқлик оқимига параллел бўлган намлик оқими ҳосил бўлади. Бу ҳодиса иссиқлик таъсирида намлик ўтказувчанлик деб аталади. Ушбу ходисанинг тезлиги иссиқлик таъсирида намлик ўтказувчанлик коэфициенти δ орқали белгиланади. Намлик ва ҳарорат градиентлари таъсирида материалнинг ичидан ўтаётган намлик оқимлари бир-бирига қарама-қарши йўналган бўлади. Конвектив қуритиш жараёнига иссиқлик таъсирида намлик ўтказувчанлик ҳодисасининг аҳамияти сезиларли эмас.