Фалсафий дунёқараш. Милоддан аввалги VII-VI асрларга келиб асосан миф ва дин таъсирида одамлар дунёқараши нафақат кенгайди, балки анча мураккаблашди. У мавхум назарий фикрлаш қобилияти ва (тўпланган билимлар кўринишида) реал асосларга эга бўлиши натижасида ўз ривожланишининг бутунлай янги даражасига кўтарилди. Бунга, ҳеч шубҳасиз, меҳнат тақсимотига олиб келган ривожланган ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, маълум миқдорда ортиқча мавжудлик воситалари, бўш вақтнинг пайдо бўлиши ҳам имконият яратди. Буларнинг барчаси муайян шахслар доирасига интеллектуал фаолият билан профессионал даражада шуғулланиш имконини берди.
Шундай қилиб, тахминан 2500 минг йил муқаддам дунёқарашнинг учинчи шакли –фалсафа пайдо бўлиши учун зарур шарт-шароит Европа ва Осиёда деярли бир вақтда юзага келди. Дунёқарашнинг аввалги шакллари – миф ва диндан фарқли ўлароқ, фалсафа дунёни эътиқод ва туйғуларга таяниб эмас, балки ақл ва билимларга таянган ҳолда тушунтиради.
Фалсафа Ҳиндистон, Хитой, Марказий Осиё ва қадимги Юнонистонда тахминан бир вақтда аввало дунёни оқилона англаш усули сифатида вужудга келди. Бу вақтга келиб миф ва дин ўзларининг тайёр ва узил-кесил жавоблари билан инсоннинг билимга нисбатан тинимсиз кучайиб бораётган қизиқишини қондира олмади. Шунингдек улар сезиларли даражада ўсган ва мураккаблашган тажриба ва билимларни умумлаштириш, тизимга солиш ва авлодларга қолдириш вазифасининг ҳам уддасидан чиқолмай қолди.
Таниқли немис файласуфи Карл Ясперс таъбири билан айтганда, бу даврда (уни файласуф «дунёвий вақт» деб атайди) инсоният ўз ривожланишида катта бурилиш ясаган. Осойишталик ва барқарорлик руҳи билан йўғрилган мифология даври ниҳоясига етди, оқилоналик ва оқилона текширилган тажрибанинг мифга қарши кураши натижасида у аста-секин чекина бошлади. «Жаҳон тарихи ўқини тахминан милоддан аввалги 500, 800 ва 200 йиллар оралиғида юз берган маънавий жараён билан боғлаш ўринли бўлса керак, - деб ёзади К.Ясперс. – Шу даврда тарихда энг катта бурилиш ясалди. Ҳозирги типдаги инсон ва илк файласуфлар пайдо бўлди. Инсон айрим индивидуум сифатида ўз-ўзида таянч излашга журъат этди. Хитой зоҳидлари, Шарқ мутафаккирлари, Ҳиндистон тарки дунёчилари, Юнонистон файласуфлари ва Исроил авлиёлари эътиқоди ўз таълимотининг мазмуни ва ички тузилишига кўра бир-биридан қай даражада фарқ қилмасин, ўз моҳиятига кўра яқиндир. Энди инсон ботиний даражада ўзини дунёга қарши қўйиши мумкин бўлди. Инсон ўзида унга дунёдан ва ўз-ўзидан юксакроқ кўтарилиш имконини берувчи ички салоҳиятни кашф этди».
Аждодлардан мерос қолган «донишмандлик» манбаи саналувчилар, тайёр билимлар ва шак-шубҳасиз ҳақиқатларни эътиқод сифатида қабул қилишга чорловчилардан фарқли ўлароқ, файласуф саволларни таърифлашни ва аввало соғлом фикр ва ўз ақл-заковатининг кучига таяниб, уларга жавоб қидиришни ўргататди.
Дунёни фалсафий идрок этишнинг ўзига хос хусусияти, дунёни билиш, сезиш, кўриш ва тушунишнинг бутунлай янги соҳаси – фалсафа вужудга келишида намоён бўлади. Дарҳақиқат фалсафа – бу нафақат у ёки бу одам дунёқарашининг шакли, балки ижтимоий онг шакли, одамлар борлиғи ва билишининг умумий тамойиллари, уларнинг дунёга муносабати акс этувчи, табиат, жамият, тафаккурнинг энг умумий қонунлари кашф этилувчи ва таърифланувчи маънавий фаолиятдир..
Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, фалсафа, гарчи муайян натижаларга, мукаммал таърифларга, узил-кесил хулосаларга интилса-да, лекин шунинг ўзи билан кифояланмайди. Фалсафани аввало инсон маданияти соҳасида юз бераётган, турли қарама-қаршиликлар ва ўзаро таъсирлар билан узвий боғлиқ ва айни вақтда ўзга соҳаларга ўтиш ва уларда гавдаланиш қобилиятига эга бўлган маънавий жараён сифатида тушуниш лозим.
Do'stlaringiz bilan baham: |