Дунёни сезиш– бу ўзини қуршаган дунёни сезгилар ёрдамида ҳиссий идрок этишдир. Бунда туйғулар, кайфият дунёни гўёки рангларга бўяйди, унинг образини субъектив, соф индивидуал сезгилар орқали акс эттиради. Масалан, бемор одамга ҳаддан ташқари ёруғ бўлиб туюлиши мумкин бўлган нур, соғлом одам учун нормал бўлади; далтоник ранглар гаммасини, кўриш қобилияти нормал бўлган одамга қараганда бутунлай бошқача идрок этади. Бундан дунёни сезишнинг ҳар хил, хусусан оптимистик, пессимистик, фожеавий типлари келиб чиқади.
Дунёни идрок этиш – бу атроф борлиқни идеал образларда тасаввур қилишдир. Дунёни идрок этиш тўғри ёки нотўғри бўлиши, яъни борлиққа мос келмаслиги мумкин. Бу ҳолда борлиқ нотўғри тасаввур қилинади ёки иллюзиялар, сув парилари, алвастилар, кентаврлар ҳақидаги тасаввурларга ўхшаш фантазиялар пайдо бўлади.
Дунёни тушуниш – инсоннинг ва уни қуршаган дунёнинг моҳиятини аниқлаш, шунингдек табиатда юз берувчи воқеа ва жараёнларнинг ўзаро алоқаларини тушунишга қаратилган ақлий-билиш фаолиятидир.
Дунёни сезиш ва қисман (элементар шаклларда) дунёни идрок этиш нафақат инсонга, балки ҳайвонларга ҳам хос бўлса, дунёни тушуниш эса фақат одамларга хос хусусиятдир.
5. Mifologik dunyoqarash.
Мифологик дунёқараш. «Миф» тушунчаси юнонча мйтҳос сўзидан келиб чиққан бўлиб, афсона, ривоят деган маънони англатади. Миф –турли халқларнинг дунёнинг келиб чиқиши, табиат ҳодисалари, фантастик мавжудотлар, худолар ва қаҳрамонларнинг ишлари ҳақидаги тасаввурини ифодаловчи муайян тарзда тизимга солинган дунёқарашдир.
Эпос, эртаклар, афсоналар, ривоятлар бўлиб, мифлар аввало улар орқали ифодаланади. Шу тариқа тўпланган билимлар ва тажриба кейинги авлодларга ўтиши ҳам таъминланади.
Миф, инсоният тарихининг илк босқичларида, одамлар хулқ-атвори ва ўзаро муносабатларини тартибга солиш функциясини бажарган, чунки унда ахлоқий қарашлар, инсоннинг борлиққа эстетик муносабати ўз ифодасини топган. Мифологияга шу нарса хоски, унда ҳамма нарса бир, яхлит, ажралмасдир; табиат нарсалари ва ҳодисалари инсон билан айни бир қонунларга мувофиқ яшайди, инсон билан бир хил сезгилар, истаклар, майлларга эга бўлади.
Шундай қилиб, миф кимнингдир уйдирмаси ёки «ўтмиш сарқити» эмас, балки шундай бир ўзига хос тилки, инсон унинг ёрдамида қадим замонларданоқ дунёни тавсифлаган, ўзининг ўсиб бораётган тарқоқ билимларини умумлаштирган, талқин қилган, таснифлаган ва муайян тизимга солган.
Мифда ота, оқсоқол ҳукми ва қарор топган анъаналар муҳим рол ўйнайди. Ривоят ва унинг мазмунига нисбатан бундай муносабат замирида эътиқод, борлиқни бевосита, эмоционал идрок этиш ётади.Мифологик дунёқараш дунёни яхлит тушуниш бўлиб, унда шубҳага ўрин йўқдир.
Мифология (мифлар мажмуи сифатида) қадимги одамлар дунёқараши билангина узвий боғлиқ эмас. Оддий онгда яшайдиган дин, фалсафа, сиёсат, санъатда аниқ-равшан ёки пардаланган кўринишда мавжуд бўлган мифлар бугунги кунда ҳам (ким учундир кўпроқ, ким учундир камроқ даражада) одамлар ҳаёти ва ижодида фаол рол ўйнаб, ҳар қандай инсон дунёқарашининг таркибий қисми бўлиб қолмоқда. Жамиятнинг ахборотлашуви жадал суръатларда ўсиб бораётган шароитда миф телевидение, радио, вақтли матбуот, ҳозирги сайлов технологиялари воситасида баъзан ижтимоий онг билан манипуляция қилиш, олдиндан белгиланган жамоатчилик фикрини шакллантириш воситаси сифатида қўлланилмоқда.
6. Diniy dunyoqarash.
Do'stlaringiz bilan baham: |