1.Диннинг психологик илдизи аввало инсон табиатида мавжуд бўлиб, у инсон интеллектининг ривожланиш даражаси ва танқидий фикрлаш қобилиятидан қатъий назар, нафақат тушуниш, англаш, балки эътиқод қилиш истаги ва ҳаттоки эҳтиёжининг ҳамиша намоён бўлишидир.
2.Диннинг гносеологик илдизлари оқилона билим нуқтаи назаридан дунё ўз ранг-баранглигида инсонга чексиз мураккаб бўлиб туюлишида намоён бўлади. Форобий фикрича “Дин назарий ва амалий қонунлар тузилган пайтдагина одамлар эътиқоди, таълими тарбияси йўллари ишлаб чиқилгандагина пайдо бўлади ва мустаҳкамланади. Ана шундай дин туфайли омма бахт саодат учун етарли билим олиши мумкин”. Психологлар қайд этганидек, «ўта мушкул вазифа ақлни ўтмаслаштиради», инсон ечимсиз муаммолар қаршисида ўзини ожиз ҳис қилади ва ақл далилларини уйдирма, ғайритабиий нарсалар билан осонгина тўлдиради. Ана шунда динга мурожаат қилади.
3.Диннинг ижтимоий илдизлари жамиятда доимо мавжуд бўлган тенгсизлик, қашшоқлик ва адолатсизликни, одамлар қанча уринмасин ўзгартира ёки енга олмаганлиги билан боғлиқ. Адолатсизлик ва фоний дунёнинг номукаммаллиги туйғуси чорасизлик ва умидсизликни юзага келтиради, сўнгги зикр этилган туйғулар осонгина у дунёда ҳаётнинг мавжудлигига бўлган ишончга айланади. Ваҳоланки, ҳар қандай дин ҳақиқий ҳаёт у дунёдадир, деб ўргатади. Муаммолар, қийинчиликларга дуч келган ва реал ҳаётда ўзига таянч топа олмаган инсон ғайритабиий кучларга умид боғлаб, нариги дунёга мурожаат этади. Уларга эътиқод қилиб, одамзот таскин, тасалли топади ва охир-оқибатда тақдирга тан беради.
4.Динннинг сиёсий илдизлари турли сиёсий кучларнинг диндан ўз манфаатларида фойдаланиш имконияти ва шу тариқа уни бевосита ёки билвосита қўллаб-қувватлаши орқали, унинг жамиятдаги роли ва таъсирини кучайтиришида намоён бўлади. Шу маънода дин ва сиёсат ўртасида ҳам узвий ва доимий алоқа мавжуд.
Диннинг яшовчанлиги шу даражада мустаҳкамки, ҳатто ҳозирги замон фанининг муҳим ютуқлари ҳам унинг негизига путур етказа олгани йўқ, илмий билимнинг ўсиши эса ҳатто олимлар орасида ҳам диндорлар ва Худога ишонмайдиганларнинг фоиз нисбатини деярли ўзгартирмайди. Масалан, табиатшунослик инсониятга дунёни билиш борасида чексиз имкониятлар яратаётгани кенг эътироф этилган 1916 йилда Жеймс Люба ўз тадқиқотларида АҚШ олимларининг 40% Худога ишонишини асослаган. 90-йилларнинг охирида америкалик тарихчилар Э.Ларсон ва И.Уитхем томонидан ўтказилган янги тадқиқот- ларда ХХ асрда амалга оширилган буюк кашфиётлар ва фан ютуқлари таъсирида олимлар дунёқараши қай даражада ўзгарганини аниқлашга қарор қилдилар. Шу боис уларнинг АҚШда тасодифий танланган ижтимоий фанлар намояндалари ва табиатшунослик вакиллари орасида ўтказган сўрови олимларнинг 40% аввалгидек Худога ва нариги дунёда ҳаёт мавжудлигига ишонишини кўрсатди. Бунда Худога ишонмайдиганлар ва атеистлар (Худонинг борлигини инкор этувчилар) сони ҳам деярли ўзгарган эмас ва бугунги кунда, аввалгидек, тахминан 45 ва 15% ни ташкил этади.
Давр, мамлакатлар ва қитъалардан қатъий назар, диний дунёқарашнинг яшовчанлиги ҳақидаги умумий хулоса Ўзбекистонда ҳам мавжуд. ХХ асрда қарийб 80 йил динни «фош қилиш» учун мавжуд барча далиллардан фойдаланган курашчан атеизм шароитида яшаган Ўзбекистонликлар орасида мамлакат аҳолисининг учдан икки қисми ўзини диндор деб ҳисоблаган.
Do'stlaringiz bilan baham: |