2003-2005 йилги илмий-тадқиқотлар натижасида ишлаб чиқилган 3 та стандарт лойиҳалари 20 дан зиёд давлат корхона ва ташкилотларига тақризлар учун юборилди ва улардан ижобий тақризлар олинди. Шундай қилиб, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари ичида Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб миллий алгоритмларга асосланган O’z DSt 1092:2005 “Ахборот технологияси. Ахборотнинг криптографик муҳофазаси. Электрон рақамли имзони шакллантириш ва текшириш жараёнлари”, O’z DSt 1105:2006 “Ахборот технологияси. Ахборотнинг криптографик муҳофазаси. Маълумотларни шифрлаш алгоритми” ва O’z DSt 1106:2006 “Ахборот технологияси. Ахборотнинг криптографик муҳофазаси. Хэшлаш функцияси” давлат стандартлари ”Ўзстандарт” агентлиги томонидан тасдиқланди ва амалиётга жорий этилди.
“Ахборотни ҳимоя қилиш” илмий-тадқиқот бўлими ходимларининг криптография соҳасидаги илмий-тадқиқот ишлари натижалари нафақат республикамизда, балки хорижда шу жумладан, 2005 ва 2008 йилларда Санкт-Петербургда ўтказилган PKI Forum-2005, PKI Forum-2006, PKI Forum-2007, PKI Forum-2008 халқаро илмий-амалий конференцияларда маъруза қилинди.
Мустақиллик йилларида криптология йўналишини ривожлантиришга давлатимиз томонидан катта аҳамият берилмоқда.
ЎзРга кириб келаётган барча хорижий воситаларни ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини текшириш, давлат аҳамиятига эга бўлган жойларда эса, фақатгина республикамизда ишлаб чиқарилган криптографик воситалардан фойдаланиш ва миллий тизимлар яратиш ЎзР Президентининг 2007 йил 3 апрелдаги «ЎзРда ахборотнинг криптографик муҳофазасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-614–сон қарорининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 3 апрелда қабул қилган “Ўзбекистон Республикасида ахборотнинг криптографик ҳимоясини ташкил этиш чора-тадбирлари” тўғрисидаги қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида 2008 йилнинг 16 майида Агентлик Бош директори Арипов Абдулла Нигматович томонидан имзоланган буйруққа асосан Марказимизда Республикада биринчи бўлиб “Ахборот хавфсизлиги ва криптология” илмий-тадқиқот депаратаменти ташкил этилди ва унга Марказ директор ўринбосари Хасанов Хислат Пўлатович бевосита раҳбар этиб тайинланди. “Ахборот хавфсизлиги ва Криптология” илмий-тадқиқот департаменти алоқа ва ахборот технологиялари соҳасида ахборот хавфсизлиги ҳамда ахборот муҳофазасини таъминлаш, ахборот хавфсизлигини таъминлашнинг аппарат-дастурий, аппаратли воситаларини ишлаб чиқиш ҳамда криптология ва криптотаҳлил йўналишларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ва амалий ишларни янада ривожлантириш мақсадида “Ахборот хавфсизлиги ва криптология” илмий-тадқиқот бўлими асосида ташкил этилди. Ушбу департамент 3 та илмий-тадқиқот бўлими ва 2 та лабораториядан ташкил топди.