Қарилик ва баъзи патологик ҳолатларда бириктирувчи тўқималардаги биокимёвий ўзгаришлар Қариликда бириктирувчи тўқимада сув ва асосий модданинг толага нисбати камаяди. Бу коэффициентнинг пасайиши коллаген миқдорининг ортиши ва гликопротеинлар концентрациясининг пасайиши ҳисобига бўлади. Биринчи навбатда гиалурон кислота миқдори камаяди. Коллагеннинг физик-кимёвий хусусиятлари ўзгаради (коллаген эрувчи фракциялари пасаяди, молекулалар ичидаги кўндаланг боғлари сони ва мустаҳкамлиги ортади, эластиклиги ва бўкиш хусусияти пасаяди, коллагеназага резистентлиги ривожланади ва ҳ.к.). Коллаген олаларнинг структур стабиллиги, яъни бирик тўқима фибриллаларининг етилиш жараёни кучаяди. Қариликда метаболик жараёнларни ўзгариши натижасида коллагеннинг молекуляр структураси ўзгаради.
Бириктирувчи тўқиманинг кўп ўзгаришлари орасида коллагенозлар асосий ўринни эгаллайди. Улар учун бириктирувчи тўқима структур таркибий қисмларининг ўзгариши ўзига хос бўлиб ҳисобланади (тола, хужайра, хужайра аро асосий модда). Коллагенозларга ревматизм, ревматоид артрит, системали қизил бўрича, системали склеродермия, дерматомиозит ва тугунчали переартрит киради. Коллагенозларнинг келиб чиқишида асосий бўлиб инфекцион-аллергик назария ҳисобланади. Ревматоид артритли касалларда яллиғланиш жараёнининг фаолигини аниқлаш учун қон зардобида гликопротеинлар миқдорини аниқлашдан кенг фойдаланилади.
Ревматик артрит бириктирувчи тўқиманинг системали касаллиги бўлиб, коллаген ва протеогликанлар алмашинувининг ўзгариши билан кечади. Шунинг учун гликозаминлар миқдорини қон зардобида аниқлаш муҳим диагностик аҳамиятга эгадир. Бу мақсадда қон зардобида ДНК ва РНК миқдори ҳам аниқланади. Колалгенозларда интерфибрилляр модда – протеогликан ва коллаген бўлмаган оқсилларнинг метаболизми кескин ўзгаради. Гексозамин ва гиалурон кислоталар миқдори ортади, коллаген бўлмаган оқсиллар тўпланади. Коллаген толаларнинг парчаланиши кучайиши кузатилади. Фаол ревматик жараёнда коллаген фибрилалари деструкциясининг ортиши коллаген ва оксипролин сақловчи йирик пептидларнинг қон зардобида пайдо бўлишига олиб келади. Натижада коллагенозда эркин оксипролин ва кичик пептидлар билан боғланган пептидларнинг экскрецияси кузтилади (оксипролиннинг сийдик меёрда ажралиши 15 мг\сутка). Унинг миқдорининг ортиши ревматик жараён фаоллигига тўғри пропорционал ва унинг мезони бўлиши мумкин.
Оксипролиннинг коллагенозлардаги экскрецияси глюкокортикостероид препаратлари билан меёрланади.
Биокимё йўналишининг мушаклардаги қисқариш жараёнларини ўрганишга бўлган қизиқиши фақатгина у билан боғлиқ касалликларни ўрганиш билан ифодаланмай, балки ундан хам мухим бўлган кимёвий энергияни механик энергияга айланиш механизмларини ўрганиш билан тушунтирилади.
Қисқарувчи мушакдаги биокимёвий жараён ва унинг механизмларини тушуниш учун мушак толасининг тузилишини билиш мухим. Мушак тўқимаси тана массасининг 40-42% ташкил қилади. Мушакларнинг динамик ҳолати қисқариш ва бўшашиш жараёнлари орқали таъминланади.Асосан 3 турдаги мушак тўқимаси тафовут қилинади: скелет мушаги, юрак мушаги ва силлик мушаклар.