Протеогликанлар
Бириктирувчи тўқима хужайрадан ташқари моддасини протеогликанлар ҳосил қилади ва тўқима қуруқ массасининг 30% ни ташкил этади. Булар юқори молекуляр оғирликга эга бўлган полианион моддалар бўлиб, катта миқдорда турли гетерополисахарид ён занжирларини тутади. Полипептид ўзан билан ковалент боғланган. Оддий гликопротеидлардан фарқли равишда протеогликанлар 95% гача углеводларни сақлайди. Ўз хусусиятлари бўйича оқсиллардан кўра полисахаридларга кўпроқ ўхшайди. Протеогликанлар полисахарид гуруҳларини протеолитик фермент таъсир этиб ажратиб олиш мумкин. Бу гуруҳларни аввал мукополисахаридлар деб аталар эди. Ҳозир уларни гликозаминогликанлар дейилади, чунки уларни ҳаммаси глюкозамин ёки галактозаминни сақлайди.
Протеогликанлар функцияси
Турли протеогликанлар поливалент анионлар бўлиб, ўзига катионларни тортади ва боғлаб олади. К+ ва Na+ ионлари ҳам мустаҳкам боғланганлиги учун уларнинг ион хусусиятлари намоён бўлмайди. Барча протеогликанлар агрегацияга мойил, бу жараён поливалент катоинлар, масалан Са+2 таъсирида кучаяди. Узун занжирлар, айниқса гиалурон кислота занжирлари, бетартиб ўралиб, катта масофани эгаллайди ва улар асосан сув билан тўлдирилган. Бу жойга паст молекулалар ёки ионлар кириши мумкин, лекин катта молекулалар (масалан, альбумин) кира олмайди.
Гиалурон кислота эритмалари юқори ёпишқоқлик хусусиятига эга бўлиб, бўғимларда сурковчи модда вазифасини бажаради. Ревматик касалларда бўғим суюқлиги ёпишқоқлигининг ўзгариши протеогликанлар структурасида ўзгариш натижасидир. Протеогликанлар ташқи босим таъсирида сувнинг ҳаракатланишига қаршилик кўрсатади ва тўқималарга эластиклик, сиқилишга нисбатан чидамлилик беради. Улар молекуляр элаклар сифатида функцияланади, йирик ионларни ҳаракатланишини чегаралайди, протеогликан доменлари орасига альбумин ва иммуноглобулин ҳажмига эга бўлган молекулаларнинг киришига қаршилик кўрсатади.
Гиалурон кислота морфогенезда иштирок этиб, эмбриогенезда мезенхимал хужайраларнинг агрегациясини бошқаради. Ёшга боғлиқ ҳолда хужайраларда протеогликанлар таркиби ўзгаради. Тўқималарда кератансульфатлар концентрацияси ҳаёт давомида ортади, лекин тоғай ва умуртқалар аро дискларда хондроитин сульфат, шунингдек терида гиалурон кислота миқдори камаяди. Турли ёшларда организмга ўсиш гормони киритилса, протеогликанлар синтези ва уларнинг таркиби ёш организмникидек бўлади. Ўсиш гормонининг таъсири соматомедин орқали амалга оширилади ва бунда тоғай хужайраларининг пролиферацияси тезлашади ва протеогликанларга сульфатларнинг киритилиши стимулланади. Тестостерон таъсирида қатор тўкималарда (юрак клапани, тери) гиалурон кислота синтези тезлашади. Ревматизм ёки артрит билан жароҳатланган бўғим синовиал суюқлигида гиалурон кислотанинг миқдори меёридан кўп, лекин деполимер киритилганда гиалурон кислотанинг реполимерланиши кузатилади ва унинг de novo синтези кескин пасаяди. Қандли диабетда инфекцияларга мойиллик, яралар битишининг пасайиши, томирлар дегенерациясининг тезлаши организмнинг мукополисахаридларни синтезлаш қобилиятининг пасайиши билан боғлиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |