4-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ҳуқуқлари
47. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати қуйидаги ҳуқуқларга эга:
корхонанинг барча таркибий бўлинмаларида ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар, меъёрлар, йўриқномалар ва бошқа локал норматив ҳужжатларига риоя этишини текшириш;
корхонанинг барча таркибий бўлинмалар раҳбарларига, корхонанинг бошқа мансабдор шахсларига текширувларда аниқланган меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисида бажариш мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш, уларнинг бажарилишини назорат қилиш;
бўлинмалар раҳбарларидан бундай турдаги ишни бажаришга рухсати бўлмаган, дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтмаган, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома берилмаган, ўз ишида тақдим этилган шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланмайдиган, шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузадиган шахсларни ишдан четлатишни талаб қилиш;
корхона таркибий бўлинмаларининг раҳбарларидан меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига доир зарур маълумот, ахборот ва материалларни сўраш ва олиш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрларини бузган, хавфсиз меҳнат усулларини қўллашга доир йўриқномаларга риоя қилмаган шахслардан ёзма тушунтиришлар талаб қилиш;
меҳнатни муҳофаза қилишни техник тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талаблари бузилиши юзасидан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиш.
48. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
4-боб. Корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишларни
ташкил этиш
49. Корхонада, ҳар бир иш жойида иш шароитлари меҳнатни муҳофаза қилиш стандартлари, қоида ва меъёрлари талабларига жавоб бериши керак.
50. Ҳар бир иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш учун зарур бўлган маблағларни қонун ҳужжатларида, жамоа шартномасида, шунингдек жамоа келишувларида ёки бошқа ички норматив ҳужжатларда белгиланадиган миқдорда ажратади. Ходимлар ана шу мақсадлар учун бирор-бир чиқим қилмайдилар.
51. Корхоналар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича жамғармани ўзининг тижорат фаолияти ва бошқа фаолиятидан олинадиган фойда (даромадлар), шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ташкил этишга ҳақлидир.
Меҳнатни муҳофаза қилишга мўлжалланган маблағлардан бошқа мақсадлар учун фойдаланилиши мумкин эмас.
52. Меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини молиялаштириш учун ажратилган маблағлардан бошқа мақсадларда, шу жумладан солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни, бошқа кредитор қарздорликни қайтариш учун фойдаланилиши мумкин эмас.
53. Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича талабларни таъминламаганлик учун корхоналар вақти-вақти билан меҳнат шароитлари, хавфлилик, зарарлилик ва бажариладиган ишларнинг оғирлиги ҳолатига боғлиқ равишда қайта кўрилиб турувчи юқори тарифлар бўйича ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий суғурта қилиш мақсадларига маблағлар ажратади.
54. Корхона ходимлари Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги назарда тутган тартибда ва шартларда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий тарзда суғурта қилинадилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |