III боб бўйича хулоса
Ўзбекистонда кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солиш ва ишбилармонлик муҳитининг ривожига доир таҳлиллар натижаси: соҳада малакали мутахассисларнинг етишмаслиги; замонавий техника-технологияларни амалиётга жорий этишда ўзига хос муаммолар борлиги; айрим кичик бизнес субъектларининг бозор иқтисодиёти шароитларига тажрибаси етарли эмаслиги; тадбиркорлик тамойилларига тўлиқ амал қилмаслик, масалан, инновацияни қўллай олмаслик, таваккалчилик ёки мулкдан фойдаланишда тажрибанинг етарли эмаслиги, кабилар билан изоҳланади. Шунинг учун миллий иқтисодиётнинг соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш, ахборот ва алоқа, ташиш ва сақлаш каби соҳаларида кичик бизнес субъектлари сони сезиларли ошмаяпти.
Тадқиқотларимиз натижаларига кўра, кичик бизнес субъектларининг асосий муаммолари ташқи муҳит билан боғлиқ бўлиб, ҳамон асоссиз тўсиқларнинг мавжудлиги, инфратузилма фаолиятининг сустлиги, кредит ҳажмининг чекланганлиги (кредит фоизларининг катталиги) билан изоҳ-ланади. Шунингдек, солиқлар ва мажбурий тўловларнинг кўплиги, лицензиялар олишдаги қийинчиликлар, кредит олишда кафолат тартибот-ларининг амалда соддалашмаганлигига доир муаммолар устуворлигича қолмоқда. Бизнесни юритишда маҳаллий бошқарув органлари томонидан турли «хомийлик»ларга жалб этиш тарзидаги муаммолар ҳам учраб турибди. Ушбу муаммолар мамлакатда ишбилармонлик муҳитини фаол ишлашига халақит бераётганлиги респондентлар томонидан алоҳида қайд этилди.
Бугунги кунда мамлакатда кичик бизнес субъектларига хизмат кўрсатувчи инфратузилмалар фаолиятини ижобий баҳолаб бўлмайди. Улар ўртасида рақобат сезилмайди. Қолаверса, статистика жиҳатидан уларнинг сонини белгилайдиган пресс-релизлар ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун кичик бизнесни давлат томонидан тартибга солишда маҳаллий бозор инфратузилмалари фаолиятини кучайтиришга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга жорий этиш лозим. Масалан, маҳаллий банклар фаолиятини ошириш, яъни, уларнинг марказий идораларига мурожаатсиз кредит бериш ваколатига эга бўлиш механизмини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Худди шундай бошқа турдаги бозор инфратузилмалари фаолиятида «юқорини кутиб туриш» таомилини чеклаб борилиши тенденцияларини кучайтириш зарур. Масалан, маҳаллий банклар фаолиятини ошириш, яъни, уларнинг марказий идораларига мурожаатсиз кредит бериш ваколатига эришиш чораларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.
Фикримизча, худуд ва чекка туманларда кичик бизнес субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, шунингдек, маҳаллий бошқарув органлари ходимларига ишбилармонлик муҳити билан боғлиқ тарғибот ишларини ташкил этиш лозим. Бу эса бозор иқтисодиётида барча иштирок этувчи субъектлар ўз фаолиятларини, ишбилармонлик муҳитининг асл моҳиятини тушуниб, кучайтиришларига замин яратади.
Шунингдек, мамлакатда фаолият кўрсатаётган статистика идоралари томонидан ҳудудий кесимларда бозор инфратузилмаси, инфляция, жиноятчилик, бизнесни рентабеллиги каби умумий шароитларни ҳисобга олувчи кўрсаткичларни мустақил ҳисобини юритишни ташкил этиш мақсадга мувофиқдир.
Умуман олганда кичик бизнесни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини қулайлаштириш мақсадида бозор инфратузилмалари фаолиятини яхшилаш бўйича қатор жиддий чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:
давлат бошқарув идоралари раҳбар ходимларини функционал вазифаларини бозор муносабатларини ривожлантиришга йўналтириш керак;
бозор инфратузилмалари фаолиятини яхшилаш ва уларнинг хизмат кўрсатишдаги сифатини ошириш мақсадида маркетингни ривожлантириш ва бу борада кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш керак;
ишбилармонлик муҳитини (ҳудудлар кесимида) доимий мониторингини бюллетенлар ва пресс-релизлар чоп этиш асосида давлат хизмат кўрсатувчи органларига, тадбиркорларга, қолаверса оммага маълум қилиш муҳимдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |