Тумек–кичиджик қабрстони – сўнги неолит даврига оид муҳим ёдгорлик бўлиб, у 1972 йилда Амударёнинг қуйи оқимидан топилган. У ерда тадқиқотлар 1973–1974 йилларда олиб борилди. Қазишмалар вақтида 27 та қабр очиб ўрганилди. Қабрга дафн этилганлар чалқанчасига ётқизилган, бошлари эса, асосан, шимоли–шарққа қаратиб қўйилган ва кийим бошлари билан кўмилган. Склетлар устида тақинчоқлар сақланиб қолган. Тош қуроллар ва сопол буюмларнинг парчалари қўйилган. Қабрдаги суякларда қизил ранг излар мавжуд. Бу уларнинг диний эътиқодлари билан боғлиқ бўлган.
Тадқиқотлар натижасида неолит даврида Зарафшон дарёсининг бешта тармоғи Амударёга қўшилганлиги аниқланди. Мазкур тармоқлар Қизилқум ҳудудида катта, кичик кўлларни ҳосил қилган. Зарафшон дарёсининг йирик тармоғи Мохандарё бўлиб, унинг ҳам оқимида кўллар шаклланган. Бугунги кунда улар шўрланиб, халқ орасида Катта тузкон, Кичик тузкон деб аталиб келинади. Шу қадимги кўл ёқаларида неолит даври аҳолиси истеъқомат қилган. 1950 йилларда Я.Ғ.Ғуломов Мохандарё бўйлаб археологик қидирув ишларини олиб борди. 1960 йилларда эса бу ҳудудда А.Асқаров билан Ў.Исломовлар тадқиқот ишларини олиб бориб, 100 дан ортиқ неолит даври манзилгоҳларини топдилар.
Улар бир–бирига жуда яқин массофада жойлашган. Бу жойлардан қирғичлар, пичоқлар, ўроқ–рандалар, найза учлари, ўроқлар, парма, тешкичлар, ёрғучоқ, қайроқтош, болта ва бошқа буюмлар топилган. Тош қуроллардан ташқари бу ердан, тақинчоқлар, мунчоқлар, сопол идишлари топилган. Сопол идишларнинг катта– кичиклиги, безаги ҳар хил бўлиб, оғзи кенгроқ, ости думалоқ шаклда бўлган. Лекин бу ерда суякдан қуроллар топилмаган. Унинг кўплари мавсумий манзилгоҳлар бўлиб, маданий қатламлар етарли сақланиб қолмаган. Фақатгина Дарвозақир манзилгоҳида маданий қатлам яхши сақланган.
Дарвозақир I макони Бухоро вилоятининг Қоракўл шаҳарчасидан 40–45 км шимоли–ғарбидаги Катта Тузкон кўлидан 600–700 метр масофада жойлашган. У ерда 3та маданий қатлам топилган бўлиб, юқори қатлами бузилиб кетган. Лекин ундан анча бой материаллар тош меҳнат қуроллари – силлиқланган тош болталар, қирғич, тешгич, ўроқ–ранда, парма топилган. Иккинчи қатламдан эса гулхан қолдиқлари ва оз миқдорда қуроллар топилган. Учинчи қатламдан эса, ўчоқлар ва турар жой қолдиқлари, силлиқланган тош болта, бошқа хил тош қуроллар, тўлқинли чизиқлар билан безатилган сопол буюмлар ва ҳайвон суяклари қолдиқлари топилган.
Дарвозақир маданий ёдгорликларига ўхшаш буюмлар Қашқадарёнинг қуйи оқимидан Қумсултон ва Пойкент пасттекисликларидан ҳам топилган. Пойкент маконларидан тош болта, қирғич, тешкич, ўроқ қадамалар ва сопол идишларнинг синиқлари топилган. Тадқиқот натижасида уларнинг мил.авв. IY–III минг йилликларга мансублигини аниқланди.
Неолит даврининг Сазағон маданияти маконлари (Сазағон 1,2, Тепакўл 3) Зарафшон дарёсининг ўрта хавзасида Самарқанддан 30 км жануби–ғарбда жойлашган. Сазағон маконларидан неолит даврига оид кўплаб тош қуроллари ва ҳайвон суяклари топилган. Сазағон маданияти ахолиси тоғли ҳудудларда яшаб, асосан ҳайвон ови билан шуғулланганлар. Шу сабаб маконни қазиш вақтида овчиликкка мослашган меҳнат қуроллари билан биргаликда, унинг юқори қатламларидан ёввоий ва уй ҳайвонларининг суяк қолдиқлари ҳам топилган. Меҳнат қуроллари асосан тош парчалари ва қўпол парақалар асосида ясалган. Унинг тош қуролларининг ишланиш техникаси Марказий Фарғонанинг меҳнат қуролларига ўхшайди. Турли қурол аслаҳалар таркибида силлиқланган тош болталар, қадама тошлар, ёғучоқлар, камон пойконлари бор. Сопол идишлари нақшланган. Шунингдек, макондан энеолит даври қабрлари ҳам топиб ўрганилган. Маълум бўлишича, бу одамлар европоид ирқига мансуб бўлган. Шундай типдаги одамлар ва дафн маросимлари Тожикистондаги Тутковул маконида кузатилган. Макондан топилган тош индустрияси ва бошқа топилмаларнинг умумий хусусияти Сазағон 1 манзилгоҳининг илк неолит даврига тааллуқли эканлигини асослаш билан биргаликда Марказий Фарғонадаги шу типдаги ёдгорликларга ўхшашлигини кўрсатди.
Do'stlaringiz bilan baham: |