4. МУСТАҚИЛЛИК САРИ ДАДИЛ ҚАДАМЛАР
80-йиллар ўрталарига келиб Совет иттифоқида кучайган танглик ҳолати мамлакат ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олди. КПССнинг кутилаётган натижаларни бермаётган иқтисодий сиёсати бутун ижтимоий-сиёсий тизимнинг инқирозига сабаб бўлди. Халқ хўжалигидаги танглик ҳолатларининг кескин суратда ва шитоб билан кучайиб бориши социалистик тузумнинг таянч негизларига таҳдид солувчи хатарли сиёсий тангликка ўсиб ўтди. Бутун жамиятда кескин, туб ўзгаришлар қилиш зарурати пайдо бўлди. Кириб қолинган боши берк кўчадан чиқиб кетиш йўллари изланди.
Ҳукмрон партиянинг қайта қуриш сиёсати ҳам қуруқ риторика ва декларация асосида бўлиб, ҳеч қандай амалий натижа бермади. Аксинча, улар совет жамиятининг туб асослари адолатсизлик негизига қурилганини, ривожланишга ноқобил эканини ошкор этиб қўйди.
Иттифоқ таркибига кирган республикаларда ўзликни англаш, тил, маданият, тарих ва келажакка теран назар солиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар нарсадан устун қўйишга бўлган интилиш кучайиб борди. Хусусан, Ўзбекистонда кенг мунозараларга сабаб бўлган муаммолардан бири – ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш масаласи эди. Бу муаммо юзасидан бошланган ҳаракат қудратли тус олди, унда зиёлилар, талабалар ва ёшлар фаол иштирок этди. И.А.Каримов бошчилигидаги янги раҳбарият бу масалани амалий ҳал қилишга жасорат билан киришди. Натижада ўн биринчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг ўн биринчи сессиясида (1989 йил 21 октабрь) “Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинди9. Қонуннинг 1-моддаси, 1-қисмида “Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир”,10 деб ёзиб қўйилди. Шундай қилиб, ўзбек тили давлат тили мақомини олди.
“Ўзбекистон ССРнинг Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг 4-моддасининг 1-қисмида: “Ўзбекистон ССРда ишловчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун республика давлат тилини етарли даражада билишлари шарт”, деб белгиланди. Қонуннинг 5-моддаси (1-қисм)да қуйидаги ҳуқуқий норма мустаҳкамлаб қўйилди: “Ўзбекистон ССР давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятида съезд, пленум, қурултой, сессия, конференция, мажлис ва кенгашлар республиканинг давлат тилида олиб борилади ва айнан таржимаси таъминланади”11. Қонундан келтирилган ана шу моддалар (уларнинг қисмлари)да Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органлари ўз фаолиятини давлат тилида юритишлари лозимлиги кўрсатилган.
“Давлат тили тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан сўнг, миллий ўзликни англаш, миллий давлатчиликни тиклаш йўлида республикада яна бир тарихий аҳамиятга эга бўлган муҳим сиёсий қадам қўйилди. Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг биринчи сессияси муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатни – Ўзбекистонда президентлик бошқарувини таъсис этиш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Шундай қилиб, Ўзбекистонда Президент лавозими 1990 йил 24 мартда Олий Кенгашнинг биринчи сессиясида таъсис этилди. Ўша куни Ўзбекистон ССР Олий Советининг депутатлари республика Компартияси Марказий Қўмитасининг Биринчи котиби Ислом Абдуғаниевич Каримовни Ўзбекистон ССРнинг Президенти этиб сайлади. Совет иттифоқи республикалари ичида биринчи бўлиб
Ўзбекистонда президентлик бошқаруви жорий этилди. Бу вақтда иттифоқ ҳудудида фақат СССР Президенти лавозими мавжуд эди12.
И.А.Каримов КПСС Марказий Комитетининг 1990 йил февраль ва март пленумларининг якунлари ҳамда КПСС ХХVIII съездига ва Ўзбекистон Компартияси ХХII сйездига тайёргарлик кўриш юзасидан республика партия ташкилотларининг вазифалари тўғрисида қилган маърузасида “Энг муҳими шундан иборатки, Президент институтининг жорий этилиши – республикамиз учун суверенитет ва давлатчиликда принцип жиҳатдан янги босқичга ўтилишини билдиради”13, деб таъкидлади. Ислом Каримов ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Советининг 1990 йил 24 мартда бўлиб ўтган биринчи сессиясида сўзлаган нутқида ҳам Президент бошқарувининг жорий этилиши ҳаёт тақозоси эканини уқтириб: “Президент бошқарувини ҳаётнинг ўзи, қайта қуришнинг мантиқи, моҳияти, унинг мураккаб ва зиддиятли жараёнлари тақозо этяпти”14, деган эди.
Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, мамлакатда давлатни идора этишнинг замонавий ва самарали шакли – президентлик тизими қарор топа бошлади. Дунё давлатчилиги тараққиётида давлат бошқарувининг асосан икки шакли – монархия ва республика шакллари мавжуд. Республика, ўз навбатида, парламентар республика ва президентлик республикаси кўринишларига эга. Президентлик республикаси ҳозирги кунда энг кўп тарқалган давлат бошқаруви шаклидир. БМТга аъзо 192 давлатдан 142 тасида Президент15 лавозими мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти президентлик республикасидир16.
Мустақиллик йўлидаги учинчи муҳим қадам, мамлакат ва халқ тарихий тақдирида улкан аҳамиятга эга бўлган ҳужжат – “Ўзбекистон Респуб- ликаси давлат суверенитети тўғрисида Декларация” (Мустақиллик декларацияси)нинг қабул қилиниши бўлди. Ушбу Декларация Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг ХII чақириқ иккинчи сессияси (1990 йил 20 июнь)да қабул қилинди. Бу ҳужжатда ҳар бир миллат ўз тақдирини ўзи белгилаши, Декларация қоидаси билан кафолатланиши таъкидланди. Декларациянинг кириш қисмида ўзбек халқининг асрлар давомида қўлга киритган давлат қурилиши ва маданий тараққиёт борасидаги бой тарихий тажрибаси ва анъаналари ҳисобга олинди. Декларация 12 моддадан иборат бўлиб, унинг 1-моддасида “Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларини белгилашда ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлигидир”, деб ёзиб қўйилган. Сессия қабул қилган бу “Мустақиллик Декларацияси” ўзбек халқи томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.
Айнан шу кундан бошлаб республиканинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётига доир масалалар мустақил тарзда ҳал қилина бошланди.
Давлат раҳбари “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” номли асарида буюк Амир Темурга ўз ҳурматини билдириб, қуйидаги ибратли ривоятни ўқиганини эслайди:
“Эмишки, Амир Темур ярим жаҳонни забт этиб, олис ўрмон қабилаларига бориб етибди, хуллас, уларни ҳам ўзига бўйсундирибди. Қайсар ва жангари, озод ва самимий бу қабила бошлиғи чорасизлик туфайли, Темурга қуролларини топширар экан, қуйидаги гапларни айтибди: “Эй, Амир! Сен бизни қурол кучи билан енга олдинг. Бироқ, сенга айтадиган шартларимиз бор. Агар сен қассоб бўлсанг, бизни сўйиб ташла, агар сен савдогар бўлсанг, сотиб юбор, агар подшо бўлиб келган бўлсанг – бизга бахт ато эт!”.
И.Каримов бу ҳикоятда ажойиб бир ҳикмат барқ уриб турганлигини таъкидлаб, қуйидагича хулоса қилади: “Яъни, элга пешвоман, деб ўртага чиқдингми, унинг ишончини қозондингми – бу ишончни энди асл виждон билан, покиза фаолият билан оқламоқ керак бўлади. Бу талабни эскичасига айтсами, янгичасигами – барибир, моҳияти бир хил бўлиб қолаверади. Яъни, халқ вакили халқнинг посбони, халқ раҳбари бўлиб, халқнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлғувчи сирдошига айланиши шарт”17.
Юртбошининг бу ривоятга амал қилган ҳолда халқ посбони бўлишга чин мардлик билан фаолият юритганини ўша таҳликали даврда Ўзбекистон мудофааси ва ички тартибини ташкил этиш борасида кўрган тадбирларидан ҳам кўриш ўринли ҳисобланади.
ХХ асрнинг 80-йиллар охири 90-йилларнинг бошларида ҳали Совет Иттифоқи мавжуд бўлган ва Марказда қандай бўлмасин иттифоқни сақлаб қолишга ҳаракат кетаётган бир вақтда бунинг энг кучли воситаларидан бири – совет ҳарбий кучлари ҳисобланар эди. Ўша даврларда 1990 йилда маҳаллий зобитлар ҳарбий кадрларнинг бор-йўғи 0,6 фоизини ташкил қилган бўлса, иттифоқ бўйича энг кўп ҳарбийга чақириладиган йигитлар айни Ўзбекистондан, ҳар йили 320 минг нафарга яқин йигитлар совет қуролли кучларига хизматга чақирилар эди. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки, ўша даврларда ўзбек йигитлари нафақат ҳаётнинг бошқа жабҳаларида, балки қуролли кучлар сафида ҳам камситилар эди. Яъни, ўзбек йигитларининг аксарият қисми ҳарбий хизматга чақирилиш баҳонасида қурилиш батальонларига жалб этиларди. Улар икки йил давомида ҳарбий техникани кўрмай, қуролни бир марта бўлса-да қўлида тутмай, мардикорлик билан шуғулланиб қайтар эди.
Бу сиёсат аслида Биринчи жаҳон уруши давридаги чор Россияси қўллаган мардикор олиш сиёсатининг давоми эди. Чор Россияси фақат уруш вақтида мардикорликка сафарбар этган бўлса, шўролар давлати тинч даврда ҳам ҳарбий хизмат баҳонасида йигитлардан текин ишчи кучи сифатида фойдаланиб келди.
Афғонистондаги урушга сафарбар қилинган аскарларнинг кўпчилигини ўзбек йигитлари ташкил этган.
Таниқли олим А.Азизхўжаевнинг ёзишича “Афғон уруши даврида энг кўп темир тобутлар Ўзбекистонга келган эди. Уруш, табиийки, қурбонсиз бўлмайди. Лекин, ачинарлиси шундаки, афғон уруши тамом бўлса-да, тинч даврда ҳам Ўзбекистонга келаётган темир тобутларнинг оқими тўхтамади. Фақат 1989 йилнинг ўзида Ўзбекистонга 430 та тобутнинг келгани фикримизнинг далилидир. 1990 йилларда ҳам бу даҳшатли жараён давом этди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов ҳукмрон партиянинг катта йиғилиши (1990 йил июнда) минбаридан туриб, сўнгги ярим йилнинг ўзида 300 га яқин ўзбек хонадонига ҳарбийдан тобутлар келганини ошкора айтганида, унинг гаплари бўҳтонга чиқарилган эди. Буни исботлаш мақсадида тузилган махсус комиссия “масалани ўрганиб”, Ўзбекистон вакилининг 40 кишига янглишганини айта олди, холос. Майли, шундай ҳам бўлсин. Аммо ўйлаб кўринг, тинч даврда 300 га яқин ўзбек хонадони “ўғлим эр йигит бўлди”, деб энди кучга тўлган, орзу-умидлари бисёр ўғлонларини орзу-ҳавас билан ҳарбийга юбориб, кўп ўтмай уларнинг жасадини олгани ўша даврнинг энг даҳшатли ҳақиқати эмасми?.. Ҳатто, Косово урушида ҳам қурбонларнинг сони бунчалик кўп бўлмаган эди.
Устига-устак, ўзларини “демократия ҳимоячилари” деб атаган “Эрк” ва “Бирлик”даги доҳийчалар қурбонлардан сохта обрў орттириш йўлида фойдаланиб, уларни мусулмон одатларига биноан тезда қабрга қўйиш ўрнига кўчама-кўча кўтариб, одамларни хайрсиз курашга чорлагани дард устига чипқон бўлди... Ғаразли мақсадларда ҳар қандай фитна ва найранглардан тап тортмайдиган бундай кимсалар учун бегуноҳ қонларнинг тўкилиши арзимас нарса эди. Ҳали Иттифоқ тарқалиб улгурмаган бу таҳликали даврда Ўзбекистон Республикаси раҳбари қатъият билан масалани қон тўкмасдан, тинчлик билан ҳал қилиш йўлини тутди”18.
Ўзбекистонлик ҳарбийлар (собиқ иттифоқнинг бошқа ҳудудларида хизмат қилаётганлар)нинг мамлакатда хизматни давом эттириши масалалари босқичма-босқич амалга оширилди. 1990 йил 20 июнда бўлиб ўтган Ўзбекистон ССР Олий Советининг 2-сессиясида қабул қилинган “Мустақиллик декларацияси”да миллий армияни шакллантириш билан боғлиқ бўлган айрим бандлар қуйидагилардан иборат эди:
1. Ўзбекистон ССРнинг демократик давлат мустақиллиги республиканинг ўз ҳудудида барча таркибий қисмларида ва барча ташқи муносабатлардаги танҳо ҳокимлигидир.
2. Ўзбекистон ССРнинг давлат ҳудуди чегараси дахлсиз ва бу ҳудуд халқнинг муҳокамасига қўйилмай туриб, ўзгартирилиши мумкин эмас.
3. Ўзбекистон ССРда давлат ҳокимияти унинг ҳудудига кирадиган барча таркибий ва бўлинмас қисмлари устидан амалга оширилади ва шу ҳудудда яшайдиган аҳолига тааллуқлидир ва ҳ.к.
1991 йил 25 августдаги Ўзбекистон ССР Президентининг Фармонига кўра:
– Республика ҳудудида жойлашган СССР ИИВ ва Давлат Хавфсизлиги комитети Ўзбекистон ССРнинг қонуний тасарруфига олинди;
– Республика ва унинг фуқаролари хавфсизлигини, манфаатларини муҳофаза қилишни назарда тутади;
– Республика ҳудудида жойлашган СССР ИИВнинг ички қўшинлари бевосита Ўзбекистон ССР Президентига бўйсундирилди19;
– Ўзбекистон ССР ИИВ, ДХҚ, прокуратураси ва адлия органлари, шунингдек, республика ҳудудида жойлашган ички қўшинлар, Туркистон ҳарбий округи қисмлари ва қўшилмалари партиядан холи қилинди ва ҳ.к.
И.Каримовнинг бевосита кўрсатмаси билан республика ИИВнинг масъул лавозимларига малакали маҳаллий кадрлар қўйилди. Тизим раҳбарлиги халқ тақдирига бефарқ бўлмаган, унинг орзу-армонлари билан яшайдиган кишилар қўлига ўтгач, ишда жиддий ижобий ўзгаришлар юзага келди. Уюшган жиноятчилик, босқинчилик, автомашиналарни олиб қочиш сингари ўнлаб жиноятларнинг пайи қирқилди. Собиқ Иттифоқ ҳудудида авж олиб кетган автомашина ўғирлигини оладиган бўлсак агар, 1990-1991 йилларда бир кунда ўртача 154 жиноят расмий рўйхатга олинган бўлса, айни масалада И.Каримов кўрсатган қатъият туфайли 1992 йилга келиб бир йилнинг ичида бундай қонунбузарликларга чек қўйилди.
Мустақилликка эришган кунда эса бу борадаги вазифалар қонун билан мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 31 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисидаги” баёнотида “Давлат мустақиллигини, ҳудудий яхлитлигини, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Мудофаа ишлари вазирлиги ва Миллий гвардия тузилади. Республика ҳудудида жойлашган собиқ СССР ИИВ, СССР ДХҚ ҳамда Ички қўшинлари Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига олинади”, деб кўрсатилган эди. Бу қоидалар 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги қонунда мустаҳкамланди ва “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, Миллий гвардия ва муқобил хизматни ташкил этиш ҳуқуқига эга” деб ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Бу амалда ёш республика учун ҳарбий сиёсатни амалга ошириш ҳуқуқини берди.
Юқорида таъкидланганидек, И.А.Каримовнинг сиёсат майдонига кириб келган биринчи кунларданоқ ўз фаолиятини Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, топталган ҳуқуқларини тиклашдек олийжаноб ва хайрли ишдан бошлаган эди.
“Пахта ишлари”ни кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузилиб, комиссия аъзоларига 40 минг томдан иборат ишни кўриб чиқиш топширилган эди.
1990 йил 13 июнь куни СССР Бош прокурори, СССР Олий судининг раиси ва Адлия вазири номига ёзилган хатда комиссия хулосалари ёзилган бўлиб, унда “Пахта ишлари” чуқур таҳлил қилиниб, судланганларни оқлаш масаласи қўйилди.
Республика раҳбарининг қатъиятли ҳаракати билан ноҳақлик барҳам топди. Комиссия икки йилдан кўпроқ вақт орасида 40 минг томлик ишни кўриб чиқди. 3,5 мингдан кўпроқ киши оқланди. Қолганларнинг жазо муддатлари камайтирилди.
Жазоланганларнинг маълум бир қисми эса Президент Каримов томонидан халқнинг бағрикенглилиги, кечиримлилиги хислатларини қўллаб афв этилди.
Ислом Каримовнинг қатъиятлилиги, принципиал позицияда туриши натижасида пахта ишлари бўйича судланганларнинг кўпчилиги ҳаётлигида оқланди, юзлари ёруғ бўлди, топталган ҳуқуқлари тикланди, ўз иш жойларига қайтишди, мусодара қилинган мулки қайтарилиб, бошқа етказилган моддий зарарлар қопланди. Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигига эришгач, республика раҳбариятининг қатъиятли ҳаракати билан ноҳақлик барҳам топди. Минглаб бегуноҳ фуқароларнинг номлари оқланди.
Do'stlaringiz bilan baham: |