Murtazo Qarshiboy. O’nglanmagan taqdir talqini & Murod Muhammad Do’st. Lolazor



Download 258,22 Kb.
bet1/5
Sana22.07.2022
Hajmi258,22 Kb.
#839809
  1   2   3   4   5
Bog'liq
Murtazo Qarshiboy. O’nglanmagan taqdir talqini & Murod Muhammad

Murtazo Qarshiboy. O’nglanmagan taqdir talqini & Murod Muhammad Do’st. Lolazor


Muallif Adib: O'zbek tarixi, adabiyoti va madaniyati 11.04.2019  izoh yo'q
12 АПРЕЛМУРОДМУҲАММАДДЎСТТАВАЛЛУДИНИНГ 70 ЙИЛЛИГИ. АТОҚЛИ АДИБНИ ЧИН ЮРАКДАН ҚУТЛАЙМИЗ!

Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романида икки хил одамнинг тақдири (асл қисмати эмас, бергиси) бадиий таҳлил қилинади. Бу ёлғон тақдир эгаларидан бири – Назар Яхшибоев, иккинчиси – Ошно. Аслида, Саидқул Мардон таъбири билан айтсак, Ошно мавзуси – очилмаган қўриқ. Асосий гап – Яхшибоев хусусида. Ошно бошқалар қатори шунчаки илова, холос!

Муртазо ҚАРШИБОЙ
ЎНГЛАНМАГАН ТАҚДИР ТАЛҚИНИ


Истасангким, кўрмагайсен бевафолиғ, эй рафиқ,
Қилма олам аҳли бирла ошнолиғ, эй рафиқ.
Алишер Навоий
Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романида икки хил одамнинг тақдири (асл қисмати эмас, бергиси) бадиий таҳлил қилинади. Бу ёлғон тақдир эгаларидан бири – Назар Яхшибоев, иккинчиси – Ошно. Аслида, Саидқул Мардон таъбири билан айтсак, Ошно мавзуси – очилмаган қўриқ. Асосий гап – Яхшибоев хусусида. Ошно бошқалар қатори шунчаки илова, холос!
Булдуруқ қишлоғининг доҳийси Ҳотам Шўро эди. Мақсади – қишлоқнинг донғини оламга ёйиш, бунинг учун илмли, садоқатли кадрларни кўпайтириш. У Ўртақўрғон шаҳрига – дорилфунунга ўқишга юбориш учун ўнта ўспириндан иккитасини танлаб олмоқчи бўлади. Қуръа ташлайди. Ўқишга Яхшибой чўпоннинг ўғли билан Калонқул бўёқчининг боласи борадиган бўлади.
Назар Яхшибоев ўқишга бориб ўтирмаса ҳам бўларди. Чунки унинг ким бўлиши шундоқ ҳам маълум эди. Бир умр етолмаган орзуси Ҳотам Шўронинг мартабаю даражаси бўлди. Бу орзуга етиш учун ўқишга бориб овора бўлиш шартмиди? Ошнога келсак, унинг йўриғи бошқа.
Йўлда, Ўртақўғонга кетар ҳаддида Назарнинг Жонузоқ карвон билан қилган қисқа суҳбатини эслайлик. Йўлкира ҳақида гап очилади:
«– Карвоннинг йўлини тўсмасанг, бас, – деди карвонбоши жиддий туриб, – қароқчиям карвоннинг йўлини тўсмаган.
– Йўғ-е, – деб кулди норғул йигит. – Тўсган, талаган эмасми?
– Тўсмаган, – деди карвонбоши. – Тўхтатган, холос. Кейин, оларини олиб бўлиб, яна карвонни ўтказиб юборган. Тушундингми?
Норғул тушунмади, яна нимадир эътироз айтмоқчи бўлиб оғиз жуфтлади, лекин хушбичим йигит унинг енгидан тортди, карвонбоши отини буриб, карвон бошига қараб кетди…»
Жонузоқ карвон айтганидек бўлди ҳам. Яхшибоев тез орада ўғрилик йўлига кирди. Муҳтожлик шунга мажбур қилди. Эҳтимол, Яхшибоевнинг ўрнида бошқа биров бўлганида вазиятдан қутулишнинг ўзгача йўлини топар эди (Ошно сингари). Аммо муҳтожликдан чиқишнинг ҳар қандай йўли ҳам моҳиятан ўғрилик экан-да. Аммо Яхшибоев қасддан бировга ёмонлик қилмайди – карвоннинг йўлини тўсмайди, ёмонларни талайди-ю, яхшиларга зиён етказмайди. Унинг ўғрилигидан яхшиларга фойда етса етадики, зарар етмайди.
Роман воқеаларидан яна бир ҳақиқат аён бўладики, ўғрилик ва тўғрилик деганлари аслида ғоят нисбий гаплар экан.
Сирасини айтганда, ёзувчилик Яхшибоевнинг иши эмас эди. Лекин у бундан ҳеч ҳижолат тортиб ўтирмасдан, чорасини топади – ижод соҳасига қароқчилик илми, баъзи журналистларимиз ибораси билан айтадиган бўлсак, амалиётини жорий этади.
Икки дўст (ҳозирча дўст деб турамизда энди) суҳбатларининг бирида Ошно ёзишга ҳеч қўли бормаётганидан нолийди. Яхшибоев масалани хаспўшлаб ўтирмасдан, эсласанг, биз у пайтларда нон учун ёзардик, деб қўяқолади. Бу гап Ошнонинг нафсониятига тегади. Дарров вазиятни юмшатишга ўтади, бекор гап, кўнгил учун ҳам ёзган пайтимиз бўлган, дейди. Яхшибоев яна, тап тортмасдан, дангал гапириб қўяқолади: “Орифий ҳам кўнгил учун ёзади… Кўнгил бир чақага арзимаслиги ҳам мумкин”. Ошно ноилож зоҳиран силлиқ, ботинан қутқу сўзлар билан жавоб беришга мажбур бўлади: “Қўй бу гапларни, ярашмас экан. Ҳа, айтгандай, бу гапларни Булдуруқдаям айтасанми? Айтмасанг кераг-ов, омон юрибсан-ку…”
Ошно истардики, ўз кечмишидаги хато-камчиликлар одамларга фазилат қилиб етказилса. Ўзи тавба қилмаган гуноҳлари ўзгалар учун ибрат намунаси бўлса.
Яхшибоев ҳаёт ҳақидаги сохта, бўлар-бўлмас гаплардан кўра, қанчалик аччиқ ва дағал бўлмасин, турмушнинг реал ҳақиқатини кўпроқ билади, ҳис этади. У гуноҳкор заминда юрса, Ошно бамисоли еттинчи осмонда парвоз қилади.
Ошно – ҳавойи одам. Ўртақўрғонга илк бор келган кунларининг бирида Ошно Яхшибоевга ёлворади. Энг яқин кишилари – онаси, сингилларининг шаънини ўртага қўйиб қасам ичади. Қасамки, Яхшибоевга хиёнат қилмаслик ҳақида. Демак, у қандайдир Яхшибоевни деб инсон учун асрлар давомида ор-номус, ғурур, шаъну шараф тимсоли бўлиб келаётган меҳрибон она, мунис сингилларни ҳам сотишга тайёр. Унинг учун азиз нарсанинг ўзи йўқ. Онасию сингилларини ўртага қўйиб қасам ичган одам эртага Яхшибоевдан ҳам воз кечиб юбормаслигига ким кафолат бўла олади?
Яхшибоев – Ошнонинг толеига ошна, қисматига шерик одам. Бир сўз билан айтганда, Ошнонинг сояси. Модомики шундай экан, сояга қарайлик-да аслият, асосий объект – Ошно хусусида фикр юритайлик. Шундагина Ошно киму Яхшибоев ким – янада аён бўлади.
Ошно бир қарашда содда, мўмин-қобил йигит. Истаган одам уни қайириб олиши, домига тушириши мумкин. У тез қайрилади, лекин қайрилсагина кўкка сапчийди. Унда мустақиллик, журъат камроқ, йўқ даражада, десак ҳам бўлади. Шунинг учун унда шубҳа мўл, қўрқув зўр! У рисоладагидек бўлиш учун интилишга, моҳир ижрочи бўлишга мойил. Албатта, бунинг ҳеч бир ёмон жиҳати йўқ. Лекин, гап шундаки, унинг ҳаёт ҳақидаги, рисоладагидек одобли бола бўлиш хусусидаги фикр ва қарашлари ўта жон, примитив.
Мойира воқеасини олайлик. Мойира ким? Кўчада юрган эрмакталаб қиз. Ошно шунга уйланмоқчи. Яхшибоев қўйиб берса, уйланади ҳам! Ошно у билан қилиб қўйган “шўхлиги”ни совет кишисининг ахлоқ кодексига тўғри келмайдиган иш сифатида баҳолаб, виждони қийналган бўлади.
Ана шундай содда-гўллиги, маънавий мўртлиги учун Ошнони ютиб юбориш ҳам, ҳазм қилиш ҳам осон. Яхшибоевни ютиш қийин, ютилса ҳам ошқозонни бузади, ични оғритади. Чунки у – чапанироқ, журъатлироқ, дағалроқ, ёмонроқ.
Ошно ҳаммага бирдек яхшилик қилаверади, У – ўта яхши. Лекин бу яхшиликдан кўпинча ёмонлар фойдаланди. Чунки озгина ғурури, орияти бўлган яхши одам ҳамма вақт ҳам кимсанинг олдига бош эгиб бормайди. Ҳар кимга ҳам сиғинмайди. Негаки, сиғиниш – тамадир, тама – камситилишдир.
Яхшибоев сал яхшироқ. У ҳаммага ҳам яхшилик қилавермайди. Яхшилик қилишдан аввал кимсанинг авра-астарининг ағдариб кўради. Ўзини сотсаям, текинга сотмайди, ҳаққини нақд қилиб, кейин сотади.
Ошно ҳаммага бирдай яхшилик қилиш мумкин, деб ўйлайди. Билмайдики, бир хилда яхшилик одамларни аста-секин ғуруридан айиради, ялтоқи қилиб қўяди. Яхшилик одамлар устидан ҳукм юргизадиган, уларни камситадиган кучга айланади.
Яхшибоев эса одамига қараб яхшилик қилгиси келади. Токи яхшиликнинг меваси ёмонлик бўлиб чиқмасин.
Юзаки қараганда, Ошно Яхшибоевни ўғрилик йўлидан қайтариб, тўғри ўзанга бошқариб қўйгандек кўринади. Аслида, Ошно танлаган йўл ҳам ўғрилик эди. Бу йшлда инсоннинг маънавияти, эркинлиги, шаъни, миллати, ватани ўғриланар, Жонузоқ карвоннинг таъбири билан айтганда, карвон – эзгуликнинг йўли тўсилар эди. Лекин бу ўғрилик қонун билан мустаҳкамланган, жозибали шиорлар, ғояларга ўралган ўғрилик эди. Шунинг учун ҳар сафар Ошнонинг қўли баланд келаверади. Чунки у фақат ҳукмрон ғоя номидан гапиради.
Яхшибоевнинг эса аксинча – ҳамиша қўли паст келаверади, чунки у реал турмуш моҳиятидан келиб чиқиб иш тутади. У ҳаётга реал қарайди. У – реалист.
Ошно эса ҳамма нарсага идеал нуқтаи назаридан баҳо беради. У – коммунистик идеалга нисбатан реалист, турмушга нисбатан эса идеалист.
Аслида, Яхшибоев ва Ошно – икки олам. Улар ҳеч қачон бир қозонда қайнай олмайди, қайнагунча бўлмасдан бир-бирини еб тугатади. Ўртада зиддият бор. Зиддиятки, азалий ва абадий хусусиятга эга.
Бу икки характер бир танганинг икки томони. Яхшибоев сабаб бўлса, Ошно – оқибат, Ошно тасодиф бўлса, Яхшибоев – зарурат. Тақдир тақозоси билан уларнинг йўли кесиши, шунчаки ошно бўлиб қолишди. Аслидачи? Босиброқ қарайдиган бўлсак, ошноликнинг иплари – эриш-аврови тирқираб узилиб кетади. Ошнони бир қутб, Яхшибоевни эса бутунлай бошқа қутб оҳанграбоси тортиб кетади.
Ошно юртни лолазорга айлантирмоқчи бўлди. Бу гап ховлиқма инқилобчиларининг жаҳон инқилобини амалга ошириш ҳақидаги сафсаталарини ёдга солади. Аммо реал иш – Булдуруқ даштига, ўз қишлоғига сув чиқариш ҳақида гап кетса, у минг бир баҳонани рўкач қилади.
Яхшибоев иложсизликдан кириб қолган ўғрилик йўли Ошнони жиркантиради, Ошно танлаган, мунофиқликдан иборат бўлган ҳаёт тарзи эса Яхшибоевни ҳавасини келтиради. Нега? Яхшибоевнинг ўғрилигида, ҳар қалай, тўғрилик эмасмиди?
Ошнонинг артистлик билан кўрсатган исёни Яхшибоевда меҳр-шафқат уйғотади, уни номақбул йўлдан қайтишга мажбур этади. Яхшибоевнинг чин дилдан қилган жайдари исёни эса Ошнонинг ғазабини қўзғайди. Нега? Яхшибоев йўлтўсарлик қилиб пул топса, Ошно Ватани –Булдуруқ, устози – Ҳотам Шўро ҳақида сохта ва уйдирма гапларни тўқиб, (“Бургутнинг парвози” мақоласи) чой чақага эга бўлади. Хуллас, Ошнонинг “тўғрилиги”да ғирром бор.
Яхшибоев ўз фикри, ғоясини (аслида унда ғоя йўқ, ғоя унинг учун тана эҳтиёжи, турмушнинг оддий мантиғидан иборат) ялтироқ шиорларга ўраб ўтирмайди, борини борича гапиради. Шунинг учун улар, ҳар бир нарсани ҳукмрон мафкура мезони билан ўлчайдиган Ошнонинг наздида, ножўя гаплар бўлиб туюлади. Ошнонинг ўзи эса ҳар бир сўзини қонун-қоида ва мафкуранинг ўткир илмоқларига ўргимчак тўридек ўраб-чирмаб гапиради. Токи унга ҳужумга ўтиш ниятида бўлганлар ана шу кўринмас тўрга ўралиб йиқилсин.
Асарда айни шу зайлдаги икки хил одам, икки жўранинг латифанамо муносабатлари талқинида ҳаётнинг реал манзараси очила боради. Шакл қанча содда бўлса, мазмун шунча мураккаб, шакл қанча гўзал бўлса, мазмун шунча шафқатсиз, шакл қанча кинояли бўлса, мазмун шунча фожиавий тус олиб бораверади…
Кулгили лавҳалар жиддий ишора ва рамзларга, дарвешнамо монологлар фалсафий пайровга, эгри суратлар тўғри қиёфаларга айлангандек бўлади.
“Яхшибоев ким ўзи, ким бўпти у? Ошнонинг салтанати туғдирган бир мужмал ҳодисада буям! Ёки бошқачами? Формуласи нима унинг? Формуласи не бўлмасин, таркибига Ошнодан салгина аралашгани аниқ. Кимки нуфузли кимса бор, унинг вужудига Ошно аралашган, Ошно – ҳаво, Ошно – ер, Ошно – сув, Ошно – нон… Ошно – ҳамма нарса…”
Ошно ҳаммани ўзига тортади. Унинг сеҳри борми? Ё қудрати зўрлиги учунми? Ундай десак, Яхшибоев, ҳали Ошно ўсмир бўлган пайтдаёқ унга тан берган эди. Сабаби нима? Сабаби шуки, у – заиф, у – ожиз. Лекин, унинг кучи заифлигида, унинг зеҳни ожизлигидан. Яхшибоевлар ожизларга тез қайишади, заифларга дарров мафтун бўлиб қолади. Чунки кўнглида ёмонлик йўқ. Сиртдан Ошно – сипо, Яхшибоев – дағал, Ошно – ақл-ҳуши жойида, Яхшибоев тентакнамо бир одам ўлиб кўринади. Яхшибоевча ташбеҳ санъатини қўлласак, Ошно – олча гули, сал шамол турса, ер билан яксон бўлади; Яхшибоев – ажриқ, шамол унга тегмай ўтади. Ошно – нозик кўзгу, бир тош билан чил-чил бўлади; Яхшбиоев – тошойна, болға билан урса ҳам ярми бутун қолади. Ошно – шарбат, бир томчи заҳар томса ичиб бўлмайди; Яхшибоев – шарбат тагидаги қиём, заҳар томган жойини олиб ташлаб еса бўлади. Ошно – чинни кўза, қўлга олгани қўрқасиз, ўзингизга ишонмайсиз; Яхшибоев – мис кўза, отиб ўйнагингиз келади.
Аслида, Ошно Яхшибоевдан ҳам мужмалроқ нарсада. Айни қишда Дарғом ариғининг суви қуриб қолишини билмайдиган одамдан не умид? Хотинига тоға бўлмиш кишининг маъракасига ўзи боришдан қўрқиб, жўрасини юборадиган кимсадан нима хайр? Қор ёғиб тиззага чиққан паллада, “далаларимизда ҳосил мўл”, деб ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ишонтирмоқчи бўлган кишига нима дейсиз? Қўпориб олиниб бошқа жойда “кўкартирилган” дов-дарахтларга қараб завқланадиган одамни қандай даволаш мумкин (бунинг устига, унинг ўзи энг зўр шифокорликни даъво қилиб турган бўлса)? Фақат тавба, деймиз, холос. Чунки ҳар биримиз қайсидир маънода Ошно, қайсидир маънода Яхшибоев эканмиз. Ҳар биримизга Ошнодан нимадир. Яхшибоевдан нимадир ўтган…
Ошно билан Яхшибоев ўртасидаги муносабатлар шарҳи уйнинг томию тўрт девори экан. Саидқул Мардоннинг тарихи, укалари билан бўлган муносабатлари талқини – уйнинг сувоғи.
Ошно – сохта ватанпарвар, Мойирадан қолган ахлоқсизлик белгиси – чандиқни юксак ахлоқ – Ватан ҳимоясида қатнашганлик, фидойилик нишони қилиб кўрсатади.
Четдан қараганда, Ошно Яхшибоевга кўп яхшиликлар қилгандек туюлади. Дейлик, у Яхшибоевни уйлаб қўйди. Кимга? Муҳсинага! Муҳсина ким? У ҳар томондан Ошнонинг рисоласига тўғри келадиган қиз: замонасига мос ғоявий жиҳатдан соғлом, одоби жойида, энг асосийси – Муяссархон ёқиб қўйган шам бўлди. Яхшибоев эса унга бориб урилган капалак эди (Муҳсинанинг кўйлагига тикилган “маскировка” – гзбалак шунга ишора)… Қанотлари куйди. Куйганики, Олияни севиб қолиб, учаман деганида билинди – учолмади!
Яхшибоев одамдек яшашни истар эди. Майли, гуноҳ қилсин, майли, виждонига доғ тушсин, лекин тирик одамдек яшасин.
Бироқ, Яхшибоев гуноҳ қилса, касри Ошнога урмайдими, Яхшбоевнинг виждонига доғ тушса, бу доғ айланиб келиб Ошнонинг пешонасига томмайдими? “Эл нима деб ўйлайди, ўртоқ Яхшибоев!”
Ошно аслида Яхшибоевни уйлантирмаган экан, Муҳсинани турмушга берган экан. Яхшибоев учун Муҳсина эмас, Муҳсина учун Яхшибоев танланибди. Муҳсина – асосий қисм. Чунки у идеалга яқин. Яхшибоев эса шунчаки илова. Муҳсина Яхшибоевга тегиб деярли ҳеч нарса йўқотмади, яхшибоев Муҳсинага уйланиб бор-йўғидан жудо бўлди.
Яхшибоев севган аёли билан турмуш қуриб, бахтли бўлишни истайди, лекин Ошнонинг наздида бу нарса ахлоқий бузуқликка киради. Яхшибоев Булдуруқ даштига сув чиқариб, боғ яратишни ният қилади. Ошнонинг наздида бу – маҳаллийчилик. Яхшибоев Қурбоной ва Шоймардонов сингари зотларни фош этиб, ҳавони тозалаш ҳаракатига тушади. Ошнонинг наздида бу республика эришган ғалабаларни камситиш бўлиб кўринади. Яхшибоев хотини йўлга солмоқчи бўлади (ҳеч қурса шу ишни қилиш мумкиндир, зора рухсат берилса), Ошнонинг сиёсий “луғат”ида бунга ҳам изоҳ тайёр: ёзувчи одам хотинига бой – феодалларча муносабатда бўлса яхшимас!
Ошно – коммунистча рисоладаги одам. У расмий мафкура ва қонун-қоиданинг ҳамма бандларига тўлиқ мос келади. Унинг ҳаракатларидан сиёсий хато ҳам, ғоявий камчилик ҳам топилмайди. У – барча устун ва кошинлари маҳорат билан жой-жойига қўйилган меъморчилик кошонаси! Яхшибоев эса ҳар қандай рисолага ҳам сиғавермайди. Сиғдирилса-да, Ошнодек тек ётмайди. Қафасдаги шердек, ҳар замонда норози бўлиб ириллаб қўяди. Лекин чиқиб кетолмайди, чиқиб кетиши учун тулкига айланиши лозим.
Яхшибоев умрининг сўнгида тулки ҳам бўлиб кўрди.
Ошно ҳаммага керак, ҳаммага асқатиши мумкин. Яхшибоев фақат Ошнога керак. Йўқ, у Муҳсинага керак, Муҳсина – Муссарга, Муяассар эса – Ошнога! Яхшибоев Ошнога даҳлдор, холос. Ошнога даҳлдорлигидан у ҳамма учун муҳтарам зотга айланади.
Ошно оддий ҳодисаларга ҳам идеал тус беради. Унингча, ижара кулба эгаси ўзига тўқ одам бўлгани учун ижара ҳақи олмаслиги керак. Мойира совет даврида вояга етгани учун соф қиз бўлиши шарт, социализмда қурилган молхоналар олижаноб бўлмоғи ва улардан олижаноб моллар етишиб чиқиши лозим…
Ҳукмрон мафкура қоидалари Ошнонинг бўйнидаги сиртмоқ эди. Бу сиртмоқнинг иккинчи учидан тутган одам уни ҳар мақомга солиб ўйнатарди. Катта Пахтакор, Шоймардонов ва бошқалар худди шундай қилди. Сиртмоқни фақат Ошнонинг ўзи юлиб отиши мумкин эди. Бироқ у сиртмоқни гулчамбар деб хаёл қиларди.
Яхшибоев ўзича, Ошнони мен яратдим, деб юради. Шуни айтиб керилиб ҳам қўяди. Аслида-чи? Ошнонинг яратилиш нуқтасигача Яхшибоевни ким етаклаб келди, Ошнонинг ўзимасми? Яхшибоев ўғрилик йўлидан қайтмаганида, Муҳаррир тоға билан учрашармиди? Уларнинг формуласи мана бундай: Яхшибоев – Ошно, Ошно – Яхшибоев, Яхшибоев – Ошно, Ошно – Яхшибоев ва ҳоказо тарзида алмашиниб келаверади. Уларнинг бири фақат калласи билан ўйлайди, вужуди – ўлик, иккинчиси эса фақат вужуди билан ҳис этади, каллани ишлатмайди.
Ошно Яхшибоевни ўз қаричидаги идеал инсонга айлантирмоқчи эди, бўлмади. Яхшибоев эса Ошнони заминга тушириб одам қилишга уринди, кучи етмади. Бандасининг айтгани бўлавермас экан-да?!
Ошно вилоят миқёсида раҳбарликка кўтарилгач, Булдуруққа келиб, болаларга совғалар бериб кетади. Совғаларки, ҳар бир хонадонга кириб боради. Бундан кутилган мақсад нима эди? Бу ўйинчоқ тарихидан хабардор бўлган болалар ўз-ўзидан Ошнога сиғина бошлаши аниқ эди. Уларнинг келажаги шу тариқа бадном қилинади.
Яхшибоев эса Булдуруқ болаларига боғ қолдирмоқчи.
Яхшибоев қилдан қийиқ ахтариб ўтирадиган одамга ўхшайди. Инсонки бор, ҳаммасидан бирор нуқсон топади. Топганда ҳам асослар ишонтирадиган қилиб топади. У – донишманд. Ҳар бир гапи нишонга бориб тегади, юракни ўйиб кетади. Чунки унинг фалсафаси шунчаки фалсафа эмас, турмушнинг аччиқ фалсафаси. Чиғириқдан ўтказилмаган, тарашаланмаган, тиши уриб синдирилмаган фалсафа.
Дурустроқ саводи ҳам бўлмаган одам қандай қилиб донишманд бўлиб қолди? Донишмандлик Ошнога ярашарди. Яхшибоев эса… Аслида, Яхшибоев дурустроқ ўқимагани, дурустроқ ишламагани, рисоладагидек яшамагани учун ҳам донишманд бўлиб қолди. Ўнгланмаган тақдир доно қилиб қўйди. У Саидқул Мардонбек хокисор, покиза одамдан ҳам иллат топади: “Ана, Саидқул Мардонни Булдуруққа обориб, итдай ишлатиб, анча жойга боғ эктириб, роса дийдиё қилдим-ку? Уям лаққа тушди, ишонди. Умуман, ишончли одам у. Ўлигингни ишониб топширсанг ҳам бўлади. Ҳар ҳолда, итларга ташлаб юбормайди. Худодан қўрқада. Йўқ, одатда мунақалар худосиз бўлади, булар кўпроқ ўзларидан қўрқишади. Виждон деб аталмиш азиз матоҳлари бор, ўшани кўтариб югурганлари-югурган; аравага қўшилган отдай қоришади, пешонадан реза-реза терни артиб олишади, билишмайдики, қўллари – бўм-бўш, ҳеч вақо йўқ, Искандар Зулқарнайнинг қўлидан бўш, яна бўш! Искандар сал ақллироқ бўлган, у бор-йўғи ўлаётган пайтида қўлларини бўшатиб олган, лекин Саидқул Мардонга ўхшаган афандиларнинг қўллари туғилган чоғларидан бери бўм-бўш!”
Дунёда инсон ҳаракатларини тартибга солиб турадиган иккита мезон бор. Бу – манфаатнинг барқарарлигию ўлимнинг ҳақлиги. Бошқа ҳақиқатларнинг ҳаммаси шуларнинг соясида қолиб кетаверади. Яхшибоевнинг фалсафаси ана шу мезон мантиғидан чиқиб келган бўлса не ажаб? Чунки Яхшибоевнинг ўзи ҳам шу мезонлар қаршисида ожиз, уларнинг қаршисида ҳамма ҳам ожиз. Ана шу ожизлик сабаб ўзининг устидан ҳам, ўзгаларнинг устидан ҳам кулади. Кулганики, донишмандилк бўлиб туюлади. Ўғри қариса, сўпи бўлади, деганлари рост экан-да!
Яхшибоев ва Ошнонинг илк қадамлариёқ ихтиёрсиз харакат натижаси эдики, бутун умрлари ҳам истакларидан ташқарида кечди. Улар бошиданоқ бир нарсани икки хил тушунишарди, охиригача бир-бирини тўғри англамади. Улар азалдан дўст эмасди (шунчаки ошно, “Қалинлик, дўстлик, ошнолик, боринки, ҳарфлик деганлари бариси ёлғон аслида. Бариси – сароб, босиброқ тикилганда тарқаб кетади. Лекин тикилиб қарайдиган одам йўқ”), абадгача дўст бўлолмай кетишди.
Ошно Яхшибоевдан чўчирди. Ўлсам, мағзава ағдаради, деган ҳадиги бор эди. Шунинг учун Яхшибоевниг сирли ўлими унчалик ҳам сирли бўлмаса керак. Ошно жўнашдан аввал орқа-олдини тозалаб кетган бўлса не ажаб? Ахир, у озодаликни, батартибликни жон дилидан севарди.
Айни вақтда Яхшибоев ҳам анойи эмасди. У ҳам ўзига абадиятни таъминлаб қўйган эди. Унинг ўлар ҳаддида қилган шумликлари шоҳ Искандарникдан кам бўлмади. Саидқул Мардонни ишга солиб, боғ бино қилдирди. Нега энди айнан Саидқул Мардонни? Биринчидан, Яхшибоевнинг ўзи тан олиб айтганидек, Саидқул Мардон тоза, ҳалол одам, таланти ҳам ўзига яраша. Яхшибоев у билан ҳамкорлик қилиши натижасида эл-юрт назарида, келажак олдида бироз тозаргандек, гуноҳидан фориғ бўлгандек таассурот қолдиради. Иккинчидан, Саидқул Мардон тама қилишни билмайди. Учинчидан, у ҳеч қачон бировнинг бошидан мағзава ағдарган эмас, ағдармайди ҳам. Демакки, унинг тилида Яхшибоевнинг нуқсонлари ҳам фазилат бўлиб зикр этилади. Ва ниҳоят, Яхшибоев Саидқул Мардонни ҳеч вақт менсиган эмас. Уни қудуқ, ўзини шоҳ сиридан хабардор сартарош деб билган. Ҳохлаган пайти келиб, қудуққа ичини ёриб кетаверган. Боғ яратишда ҳамкорликка чақиришва сўнги васитяларини-да Саидқул Мардонга билдириш билан у ўша қудуқнинг оғзини ҳам бир йўла беркитиб кетди.
Бундай қараганда, Яхшибоевдан ҳартугул боғ қолди. Ошнодан нима қолди? Яхшибоевдан қолгани Ошнодан қолгани эмасми? Бириники иккинчисига татимайдими? Йўқ, машойихлар айтмишларки, ҳар кимки ўлса, қабри бўлак…
Қиссанавис ҳикоялари, назаримизда, Саидқул Мардоннинг ўзидек мужмалроқ. Бу ҳикоялар асли, ёзувчининг ўзи таъкидлаганидек, муаллифнинг нағмаси, холос. У шу тариқа китобхонни асарнинг ёзилиш жараёни – “кухния”си билан таништирмоқчи, “айб”нинг барчасини Саидқул Мардон бечоранинг зиммасига юклаб (Яхшибоевники каммиди), ўзи “чет”дан томошабинлик қилмоқчи бўлади.
Ёзувчи гўёки ўзини иккига бўлиб ташлайди: Яхшибоев – бироз жайдари, бироз содда ва танти Мурод Муҳаммад Дўст; Саидқул Мардон – нозиктаъб Мурод Муҳаммад Дўст. Бошқа образларнинг барчаси ана шу икки “қаҳрамон” воситасида асарга кириб келади. Ёзувчи шу тариқа “чет”га чиқиб олади.
Бу дунёда фақат яхшиликнинг ўзи билан ҳеч нарсага эришиб бўлмас экан. Яхшиликка бироз қувват – гоҳида айёрлик, гоҳида алдов, гоҳида зар, гоҳида зўр – хуллас, қулай бир восита, қурол ҳам керак экан. Шунда, ҳеч қурса Яхшибоев каби, умр сўнгида кўнгилдаги энг зил армонларни аритишнинг йўлини топса бўлар экан. Йўқса, Ошно сингари, юксак мартаба эгаси бўлатуриб ҳам, қадрдон қишлоғига бир гиёҳ ўтказишнингда эвини қилолмасдан, қуруқ ваъдаларга маҳлиё бўлиб ўтиб кетиш ҳеч гап эмас экан.
Романдан олган ибратимиз ана шу.
1989

Download 258,22 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©hozir.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling

kiriting | ro'yxatdan o'tish
    Bosh sahifa
юртда тантана
Боғда битган
Бугун юртда
Эшитганлар жилманглар
Эшитмадим деманглар
битган бодомлар
Yangiariq tumani
qitish marakazi
Raqamli texnologiyalar
ilishida muhokamadan
tasdiqqa tavsiya
tavsiya etilgan
iqtisodiyot kafedrasi
steiermarkischen landesregierung
asarlaringizni yuboring
o'zingizning asarlaringizni
Iltimos faqat
faqat o'zingizning
steierm rkischen
landesregierung fachabteilung
rkischen landesregierung
hamshira loyihasi
loyihasi mavsum
faolyatining oqibatlari
asosiy adabiyotlar
fakulteti ahborot
ahborot havfsizligi
havfsizligi kafedrasi
fanidan bo’yicha
fakulteti iqtisodiyot
boshqaruv fakulteti
chiqarishda boshqaruv
ishlab chiqarishda
iqtisodiyot fakultet
multiservis tarmoqlari
fanidan asosiy
Uzbek fanidan
mavzulari potok
asosidagi multiservis
'aliyyil a'ziym
billahil 'aliyyil
illaa billahil
quvvata illaa
falah' deganida
Kompyuter savodxonligi
bo’yicha mustaqil
'alal falah'
Hayya 'alal
'alas soloh
Hayya 'alas
mavsum boyicha


yuklab olish