12-мавзу:Илмий тадқиқот методологияси.
Режа:
1. Умумий методик тавсиялар. Илмий асарни мутолаа қилиш ва конспектлаштириш.
2. Илмий янгиликлар яратишнинг муҳим белгилари.
3. Факт – илмий тадқиқотнинг зарур элементи .
4. Факт – илмий тадқиқотни асослаш мезони.
Факт лотинча faktim - “қилинган”сўзидан олинган бўлиб, “ҳақиқий, ўйлаб топилмаган ҳодиса” маъносини англатади ва унинг ягоналиги характерини таъкидлайди.
Илмий факт тушунчаси кундалик ҳаётда кенг маънода қўлланиладиган факт тушунчасига нисбатан аниқ ва мазмундордир.
Илмий факт ҳақида сўз борса, билишнинг муайян сифатини, фан ютуғини, объектнинг моҳиятини билишдаги янгиликни, ҳақиқатни тушунамиз. Факт ва илмий факт тушунчалари ўртасидаги тафовут ана шундадир.
Илмий фактнинг характерли белгилари: илмий фактлар аниқ ва ишончлидир. Илмий фактнинг аниқлиги объектив методлар томонидан белгиланади ва предмет, ҳодиса, воқеаларнинг энг муҳим белгилари, миқдорий ва сифатий ўзига хослигини тавсифлайди.
Фактнинг ишончлилиги унинг шубҳасиз мавжудлиги ва ўхшаш вазиятларда такрорланиши билан тасдиқланади(исботланади). Илмий тадқиқотда алоҳида фактларни эмас, балки кўриб чиқилаётган масалага доир фактлар мажмуасини олиш талаб қилинади, акс ҳолда, фактлар атайин танланган, деган шубҳа пайдо бўлиши мумкин.
Илмий тадқиқотни баҳолашда кўпинча “эркин факт” , “янги факт”, “мутлақо шубҳасиз факт”, “асосий факт”, “фундаментал факт” сингари таснифлар қўлланилади.
Янги илмий фактларнинг билишдаги катта аҳамияти уларнинг фан ва амалиётдаги таъсирчанлигини ҳисобга олиш ва танқидий баҳолашни талаб этади.
Янги илмий фактларни билиш, биринчидан, бизнинг оламдаги нарса ва ҳодисаларнинг моҳияти тўғрисидаги тасаввурларимизни бойитади, иккинчидан, бизнинг реал воқеликни ўзгартириш имкониятларимизни кенгайтиради, учинчидан, янги илмий кашфиётлар инсониятга таҳдид солмаслиги учун ҳушёр бўлишга чақиради.
Илмий фактларнинг ўзига хослигини баҳолаш уларнинг халқ хўжалиги учун аҳамиятини билишга ёрдамлашади. Афсуски, оламда илмий фактларга ўз вақтида етарли баҳо берилмайди.
Йирик саноат корхоналарида илмий кашфиётларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш ниҳоятда қийин кечади. Бозор иқтисодиёти шароитида кичик хусусий корхоналарда фан ва техника соҳасидаги илмий кашфиётларни ҳаётга татбиқ этиш реал иқтисодий даромад келтиради. Собиқ совет жамиятидаги планли иқтисодиёт фан ва техника ривожига халақит берди.
Илмий фактлар кундалик ҳаётдаги фактлардан фарқли равишда замонда (вақт ичида) кенг ҳаракатланиш диапазонига эгадир: у ўтмиш ҳодисалари(археологик фактлар)га ҳам, бугунги кундаги кузатишларга ҳам, хатто келажакка ҳам тегишлидир.
У кундалик ҳаётда рўй берадиган янгиликлардан тубдан фарқ қилади. Бу ерда гап ҳодисалар миқёсида эмас, балки одмларга ҳали маълум бўлмаган, ҳали фан билмаган ҳодиса ва жараёнларнинг моҳияти ва мазмунининг чуқурлигидадир.
Бунда янги фактлар ва тушунчаларни олдин кўриш(кашф этиш) воқеликнинг обьектив қонунларини аниқ билишга, дадил ва ишонч билан изланишга асосланади.
Бундай янги факт ва тушунчаларни олдиндан кўриш воқеликдаги объектив қонунларни аниқ ва чуқур билишга, бу ҳодисалар қанчалик муракаб бўлмасин, дадил ва ишонч билан илмий изланишга боғлиқдир.
Эндиликда воқеликни бевосита кузатишдан анча илгарилаб кетган илмий концепциялар кишилар ҳаётидаги туб ўзгаришларнинг назарий асоси бўлиб қолди.
Шу ўринда жаҳонга машҳур академик Л.Д.Ландаунинг қуйидаги фикрини эслаш жоиздир: “Бизнинг онгимиз, фантазиямиз имкониятларимиздан анча илгарилаб кетди; бугун физик олимнинг ақли инсон тасаввури ожизлик қиладиган жойда ишлаяпти ”33.
Инсон илмий янгиликлар яратишда гўё табиат қонунларини билиш чегарасини кенгайтиради, кўзга кўринмас нарса ва ҳодисаларнинг янги йўлларини ёритади.
Илмий янгиликларни олдиндан кўриш ўзинингамалий аҳамияти ва ролига кўра икки хил бўдади: 1) илмий янгиликни олдиндан кўриш резерв сифатида; 2) илмий янгиликни фаол олдиндан кўриш сифатида.
Янгиликни олдиндан кўриш резрерви нима?
Бу –фактлар билан тасдиқланган янги қараш ва фикрлар. Бироқтурли сабабларга кўра ҳали амалда қўлланилмаган ва фан учун ҳали амалда қўлланилмаган ва фан учун резервдаги илмий янгиликдир. Баъзан илмий янгиликлар “социал буюртма” бўлмаганлиги учун, бошқа ҳолатларда эса бундай илмий янгиликларнинг объекти инсоннинг бевосита таъсиридан ташқаридадир(масалан, “Қуёшдаги физик жараёнлар”).
Агар илмий янгиликлар инсон амлиётига тез татбиқ этилса, буни фоал илмий янгилик дейилади ва аксинча, фаннинг ҳали амалиётга татбиқ этилмаган резерв янгиликлари эса пассив илмий янгиликлар ҳисобланади. Ҳар қандай илмий янгилик учун фаоллик элементи хосдир.
Баъзан илмий янгиликлар ўзининг муносиб баҳосини олмайди ва ўз вақтида қўлланилмайди, кўп йиллар ва ҳатто асрлар давомида инсон билимларининг олтин резерви, захираси бўлиб қолади. Шу боисдан ҳам олимлар ўртасида “янгилик аслида яхшигина унутилган эскилик”, деган гап юриши бежиз эмас.
Эрамизнинг биринчи асрларида александриялик Герон томонидан техника тарихида қилинган кашфиётни эслаш ўринлидир: у автоматлар тайёрлаш приципини таклиф қилган эди. Герон кашфиётлари бир неча асрлардан кейингина техника соҳасига татбиқ этилди.
Илмий янгиликларнинг куч-қудрати, энг аввало, янги илмий фактлар ва кузатишларни амалиётга татбиқ этишда, яъни уларнинг таъсирчанлигидадир.
Фан фактлари шу қадар кенг ва поёнсизки, илмий изланиш натижари амалиётдан ташқари чиқиш мумкин. Тарих, археология, этнография, фалсафа, лингвистика, маданияти соҳасидаги илмий янгилиларни бунга мисол қилб кўрсатиш мумкин. Бундай илмий янгиликлар бугун ва келажакни чуқур билиш учун ўтмишни билишга кўмаклашади.
Бошқа ҳолатларда илмий янгиликларда унинг амалий(аҳамияти) характери ва аниқ мақсадга қаратилганлигига ўзининг ёрқин ифодасини топиши мумкин.
Баъзан илмий янгиликлар яратишни интуиция, илҳом билан янгиликнинг қандайдир нурланиши билан боғлайдилар. Инсон мураккаб масалаларни ҳал этишда гўё кутилмаган ечимни топади, янгилик яратади, бунга интуиция туфайли эришади.
Фаннинг ҳар қандай соҳасидаги илмий билиш ва ижоднинг бош мақсади тадқиқот объектининг моҳияти, сифат ва хоссалари тўғрисида ишончли маълумотлар тўплашдир.
Илмий ижоднинг зиддиятли, ғоят драматик ва қизиқ жараёни алоҳидалик, хусусийлик ва умумийлик, сабаб ва оқибат, моҳият ва ҳодиса, зарурият ва тасодиф, қисм ва бутун хоссаларини ўрганишни ўз олдига асосий вазифа қилиб қўяди.
Ҳодиса ва жараёнларни чуқур, ҳар томонлама объектив, алоҳида қизиқиш билан ижодий ўрганишгина тадқиқотчига ҳақиқатни билиш ва ундан одамларнинг эҳтиёжлари йўлида фойдаланиш имконини беради.
Фактлар – фаннинг таянч билимларидир. Илмий фактлар ўрганилаётган ҳодисалар тўғрисидаги маълумотларни ўзида мужассамлаштиради ҳамда илмий гипотеза, қонуният, илмий назария яратишнинг ассоси бўлиб хизмат қилади. Илмий билишдаги фактлар фан тараққиётининг зарур шарти ҳисобланади.
Илмий ижод, бу – фактлар тўплаш ва уларни идрок этишнинг узлуксиз жараёни, илмий ижоднинг зарур элементидир.
Бинобарин, илмий билишда факт ҳодисанинг рўёбга чиққанлишгини англатади. Тажриба, эксперимент натижаларини тасвирлаш орқали олинган қоидалар илмий факт ҳисобланади. Илмий ижод реал фактларга таянади, фактларнинг ўзи эса тўлиқ ва ишончли бўлиши зарур. Бинобарин, илмий факт, бу – мазмунан объективҳақиқийлиги исботланган ва ҳамиша шундай бўлиб қоладиган билимдир. Илмий билимнинг энг муҳим хоссаси унинг инвариантлиги ва объективлигидир.
Фактлар тўплаш – илмий изланишнинг муҳим қисмидир, бироқ фактлар тўплаш билан илмий билишнинг ижодий қисми эндигина бошланади. Янги илмий фактларни фан структурасига киритиш бизни қизиқтираётган ҳодиса ёки жараённи тўғри тушунишда айниқса муҳимдир. Фактлар илмий тахмин, гипотезалар яратишда алоҳида аҳамият касб этади.
Илмий фактлар билиш фаолиятининг объектив натижаларини ўзида мужассамлаштиради, ўзида ишончли билимларни акс эттиради ва шу боисдан ҳам барча кишилар томонидан бир хилда тушунилади.
Илмий билиш системасида фактлар қуйидаги функцияларни бажаради:
- тасвирлаш,
- тушунтириш,
- асослаш,
- тушуниш,
- олдиндан айтиш.
Илмий фактлар тадқиқот объектини ишончли ва объектив тасвирлайди. Фактик билимларга таяниб, фан янги билимларни изоҳлаш ва асослашга ўтади. Фактларни асослаш, изоҳлаш, талқин этиш асосида уларни тушуниш, идрок этиш ва англаш рўй беради. Шу ўринда машҳур немис файласуфи Гегелнинг “Фан логикаси” асарида таъкидлаган қуйидаги фикрини келтириш ўринлидир:“У ёки бу предметни англашнинг бирдан бир асоси шундан иборатки, Мен уни ўзиники қилиб олади, унинг ичига киради ва унга ўз шаклини беради, яъни энг умумийлик шаклини беради”34. Гегелнинг ана шу ғояси унга замондош бўлган, фалсафа ва психологияда герменевтикага асос солган яна бир немис файласуфи В.Дильтей томонидан ижодий ривожлантирилди. У билишдаги тушуниш деганда “тотал англаш ва уни ҳис этиш асосида реконструкция қилиш”ни тушунди. Моҳиятни “ҳис этиш”га, объектга кириб боришга илмий факт ёрдам беради.
Фактлар тадқиқотчига нарса ва ҳодисаларни муайян тарзда, муайян нуқтаи назардан кўришга ёрдам беради ва тадқиқотчининг ижодий потенциали илмий фактларни таҳлил қилиш, талқин этишга ҳозиржавоблик билан оригинал ёндашишда намоён бўлади. Айни шундай ижодий фаоллик жараёнида даниялик машҳур физик, халқаро Нобель мукофоти лауреати Нильс Бор таъкидлаганидек, олим тафаккурида “ақлга сиғмайдиган” ғоялар дунёга келади, бу эса янги илмий кашфиётларга йўл очади.
Илмий фактларни қайта ишлаш эпистемологик вазиятнинг зарур элементи сифатида чуқур илмий абстракция, умумлаштириш ва прогнозлаш учун қулай имконият яратади.
Илмий фактнинг эвристик куч-қудрати унинг илмий билишдаги прогностик ролида мужассамлашгандир: фандаги олдиндан кўриш, интуиция илмий фактлардан озиқланади, унга таянади. Масалан, ҳаводан оғирроқ бўлган қуш ва ҳашоротларнинг ҳаво муҳитида учиш факти машҳур механик Н.Е.Жуковский томмонидан ҳозирги замон аэродинамикаси асосида ётган кўтарилиш кучи назариясини асослаш учун илмий факт бўлиб хизмат қилган. Кейинчалик Н. Е. Жуковский аэродинамика асосида авиация ва космонавтиканинг ракета, самолёт, вертолёт, дирижабл сингари янги воситаларини лойиҳалаштирди.
Илмий фактларни қўлга киритиш махсус ташкил этилган илмий-тадқиқот ишларининг, илмий билишнинг турли усулларидан оқилона фойдаланишнинг маҳсули ҳисобланади. Ана шу жараён ривожланиб борувчи илмий билимларнинг бутун системаси томонидан шартланган бўлиб, илмий ижод ситруктурасида муҳим ўрин тутади.
Эпистемологик нуқтаи назардан илмий факт фан реал мавжудлик сифатида қайд этган объектив воқеликнинг фрагменти (бир бўлаги) сифатида намоён бўлади. Англанмаган воқелик эса ҳали факт эмас, бу ҳақда ҳеч нарса деб бўлмайди.
Фан фактларни стихияли равишда тўплаш билан эмас, балки онгли, планли ва аниқ мақсад билан қўлга киритишга интилади. Шундай қилиб фандаги фактлар йиғиндиси – билим ва маълумотларнинг шунчаки тўплами, уюми эмас, балки ўз ички мантиғи ва эвристик мазмунига эга бўлган қатъий билимлар системасидир. Илмий-ижодий фаолиятда бу системадан фойдаланадиган тадқиқотчилар учун илмий факт эвристик мазмун ва қимматга эгадир.
Тадқиқотчи илмий фактлар йиғишга киришишдан олдин ўз олдига аниқ мақсад қўяди: фаннинг қайси соҳаси бўйича қандай фактлар тўпламоқчи, қандай шароитда ва нима мақсадда фактлар йиғмоқчи эканлигини белгилайди.
Илмий факт муайян фанга маъно ва аниқлик берадиган илмий билимлар системаси билан узвий боғлиқдир. Фанда фактларнинг ғоят қизиқ ва муҳим манбаларини топиш, кашф этиш илмий ижоднинг ёрқин намоён бўлишидир; ана шу ижоднинг энг юксак чўққисида илмий кашфиётлар рўй беради.
Олимлар, одатда, қандайдир ишчи гипотеза ёки қарор топган илмий назария асосида илмий фактлар тўплайдилар. Олинган илмий фактлар мазкур назарияга оид билимларимизни ё чуқурлаштиради, ёки бу назариянинг кучсиз, асоссиз томонлари мавжуд эканлигини ёҳуд ундан бутунлай воз кечиш лозимлигини кўрсатади. Ана шу сўнгги ҳолат фан тараққиёти учун кенг йўл очади: мавжуд назарияга зид бўлган илмий фактлар илмий ижодда тўнтариш ясаш, илмий тафаккурни кучайтириш, илмий билимлар ўсишини тезлаштириш омили бўлиб хизмат қилади.
Тадқиқотчи кейинчалик ўрганиш, анализ қилиш, қиёслаш, илмий фактлар ўртасидаги алоқаларни аниқлаш, улардан хулосалар чиқариш ва кейинги янги фактларни излаш учун фактлар тўплайди. Образли қилиб, машҳур рус физиологи И.П.Павлов таъбири билан айтганда, қушлар ҳавога таяниб юксакликка парвоз қилгани сингари олимлар ҳам фактларга таяниб, илмий ижодда юксакликка кўтариладилар ва илмий кашфиётлар қиладилар.
Олимлар илмий фактларга, мантиқ ва интуицияга таяниб, янги илмий назариялар яратадилар. Ўз навбатида ҳар қандай илмий назария фактлар воситасида реаллик билан боғланади. Тадқиқотчи фактлар орқали теварак-атрофни, оламни ўрганади.
Илмий фактлар ҳақиқатни исботлаш ва илмий хатоларни рад этишнинг ишончли воситасидир. Назария ва гипотезалар емирилади, илмий парадигмалар, тадқиқот дастурлари алмашинади, аммо фактлар қолаверади.
У ёки бу соҳага, предметга тегишли бўлган фактлар кўп бўлиши ва ҳатто бир-бирига зид бўлиши ҳам мумкин. Чунки воқеликнинг ўзи мураккаб ва зиддиятлидир. Шу сабабли тадқиқотчи фактлар йиғишда ҳушёр, қатъий, холис ва пок виждонли бўлиши лозим, акс ҳолда ҳақиқатни билиш ўрнига эскирган, ўлик билимларни схоластик такрорлашдан нарига ўтмаслиги мумкин.
Бу ерда тадқиқотчининг ижодий фаолиятигина эмас, балки дунёқараши, принципиаллиги, профессионал этикаси яқол кўзга ташланади. Фан тарихида илмий ҳақиқатга содиқ бўлиб қолган, ҳатто бошига қилич келганида ҳам рост сўзлаган, ҳақиқатни ҳимоя қилган Андрей Сахаров, Иброҳим Мўминов, Абдулла Қаҳҳор сингари жуда кўплаб ижодкорлар номини келтиришимиз мумкин. Шундай қилиб, илмий факт илмий ижоднинг муҳим таркибий элементи ҳисобланади.
Агар айни бир замон ва маконга хос структура ёки ҳодиса турли илмий концепциялар доирасида турлича талқин этилса, у ҳолда фан турлича фактлар билан иш кўрган, дейиш мумкин. Масалан, ХХ асрнинг 20-30 йилларида Туркистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй берган айни бир ҳодиса – совет историографиясида босмачилик ҳаракати сифатида қораланган бўлса, миллий мустақиллик йилларида бу ҳодиса илмий фактлар асосида миллий истиқлолчилик ҳаракати сифатида ёритилди.
Фактларнинг ғоят мураккаблигини ҳисобга олиб, илмий фактлар ҳақиқийлигининг зарур шарти мазкур фактга мос келувчи илмий назариянинг ҳақиқийлиги ва нозидлигидир, деган хулосага келиш мумкин.
Тегишли фактларни талқин этиш асосида шаклланган гипотеза ва назарияларнинг хато эканлиги ишончли тарзда исботланган вақтда илмий фактлар хато ҳисобланади. Машҳур инглиз файласуфи Карл Поппер(1902-1994) буни илмий билиш назариясидаги фальсификация принципи деб атади. Масалан, Иммануэль Кант Евклид геометриясининг ҳақиқийлигини математикадаги рад этиб бўлмайдиган факт деб ҳисоблаган бўлса, Н.Лобачевский, А.Больяни, Л.Эйлер сингари ҳозирги замон ноевклид геометриясининг ижодкорлари бундай ёндашиш хато эканлигини, чунки геометриялар ҳаддан ташқари кўплигини исботладилар.
Илмий билиш икки даражадан – эмпирик ва назарий билиш даражасидан ташкил топган бўлиб, фактларнинг ҳам икки типи мавжудлигини эътироф этишга тўғри келади.
Эмпирик тушунча ва қонунлар доирасида талқин этиладиган, муайян ҳодисаларни билиш натижасида ҳосил қилинган фактларни илмий фактлар деб атаймиз. Шунга мувофиқ илмий назария доирасида талқин этиш натижасида ҳосил қилинган фактларни фаннинг назарий фактлари деб атаймиз.
Илмий ижоднинг муҳим қирраларидан бири эмпирик фактларни ҳушёрлик ва синчковлик билан танлай олиш ва улардан тўғри хулосалар чиқара олиш, уларни илмий билимлар таркибига – илмий тахмин, гипотеза, илмий назарияга киритишдадир.
Илмий назариялар ривожланишини таҳлил қилишда “илмий факт” тушунчаси алоҳида методологик аҳамият касб этади. Бу ерда факт илмий назариянинг ҳақиқийлигини, тўғрилигини, ҳодисани изоҳлаш олиш қобилиятини баҳолаш мезони ҳисобланади.
Маълумки, назарий тафаккур тараққиёти мукаммал илмий назарияларнинг яна ҳам мукаммалроқ ва чуқурроқ илмий назария билан алмашинишида намоён бўлади.
Илмий муаммони қўйиш, уни ҳал қилиш ва илгари сурилган қоидаларни текшириш учун объектив ҳақиқатлиги маълум бўлган билим зарур. Анга шу ишончли билим фактдир. Илмий ижодда тадқиқотчи ана шу фактга таянади.
Ҳозирги замон фанида илмий кузатишлар, экспериментлар ва тажрибалар ҳам, амалиётда ишончлилиги тасдиқланган назарий қонунлар ҳам факт ҳисобланади.
Илмий билимнинг ишончлилиги, ҳақиқийлиги унинг фактга айланишининг зарур шартидир. Шу сабабли фактнинг ўта инжиқлиги ҳақида гапирадилар. Унинг тадқиқот учун қулайлиги ёки ёқимсиз, ноқулайлигидан қатъи назар қабул қилишга тўғри келади.
Фактнинг қолган барча белгилари, масалан, унинг инвариантлиги, яъни ўзи мансуб бўлган системадан нисбий мустақиллиги унинг ҳақиқийлиги ва ишончлилигидан келиб чиқади.
Do'stlaringiz bilan baham: |