Тарихий роман. Йўналиш намоёндаси деб Джиржи Зайдонни айтишимиз мумкин. Бу ёзувчини роман жанрининг асосчиларидан бири деб айтишади. А.Дюма ва В.Скотт ҳам ғарбда мана шу йўналишда ижод қилганлар, ғарб романчилиги араб ароманчилигига ҳам таъсир қилган. Тарихий романларда араб олами тарихи ўз аксини топган.
Маърифий роман. Араб адабиётида маърифий роман намоёндаси Муҳаммад Хусайн Хайкални айтишимиз мумкин. унинг “Зайнаб” романида фаллоҳлар ҳаёти берилган. М.Х.Хайкалнинг бу романи янги араб адабиётининг классик кўринишидир, ушбу роман Миср реализм мактабининг илк кўриниши ҳисобланади.
Роман жанрида танқидий реализм. Бунинг ёрқин намунаси Нагиб Маҳфузнинг трилогиясидир:
1. “Байн ал-Қасрайн” (1956)
2. “Қаср аш-Шавқ”
3. “Ас-Суккария” (1952)
Ушбу “Трилогия” Нагиб Маҳфузга биринчи араб романнависи деган номни берди. Трилогияда 1917-1944-йиллар тасвирланган бўлиб, бутун араб жамияти акс этган.
Адибнинг романлари орқали бутун бир жамият долзарб муаммоларини билиш мумкин.
Янги давр араб адабиёти тадқиқодчилари араб Шарқи мамлакатларининг тарихий тақдири ва маданияти билан боғлиқ қатор муаммоларга дуч келадилар.Қадимги ва ўрта асрларда гуллаб яшнаган араб адабиёти янги давр бўсағасида қолоқ, сусайган тараққиёт босқичини бошдан кечириб, илгарилаб кетган Европа адабиётининг кетидан қувишга мажбур бўлди.
Ўрта асрларда вужудга келган маданий, адабий умумийликнинг парчаланиши ва миллий адабиётларнинг шакллантириш жараёни араб Шарқида, бир томондан, қудратли, барқарор ўрта аср маданий анъаналарининг мавжудлиги, бошқа томондан эса, ижтимоий-сиёсий тараққиётнинг тезлашуви ва жаҳон маданияти билан бўлган алоқаларнинг кенгайиши цингари омиллар таъсири остида содир бўлди.
Бу омилларнинг ўзаро нисбати, уларнинг бадиий адабиётга таъсири даражаси ва характери бир хил эмасди, гоҳ у, гоҳ бу омил устун келар эди.
Янги давр араб адабиёти анъаналарнинг туганмас хазинаси, воқелик ва жаҳон маданиятидан ўз тараққиётининг турли босқичларида ҳар хил унсурларни ўзлаштирди.
Янги араб адабиёти бир халқнинг ижод маҳсули эмас, уни Миср, Сурия, Ливан, Ироқ, Иордания, Жазоир, Тунис, Марокаш ва Арабистон ярим ороли мамлакатлари халқлари яратмоқдалар. Табиийки, араб Шарқи мамлакатлари бу адабиёт тараққиётига қўшган улуш бир хил эмас.
Янги араб адабиёти тарихини ривожлантиришда Миср, Сурия ва Ливан мамлакатлари алоҳида рол ўйнади.
Аксарият араб тадқиқодчилари бугунги араб мамлакатлари адабиётини Миср, Сурия, Тунис ва бошқаларга бўлмасдан, ягона адабиёт сифатида қарайдилар. Маҳаллий ўзига хосликлар ва фарқларни назарда тутган ҳолда араб адабиётшунослари «Мисрдаги (Суриядаги, Ироқдаги ва ҳ.к.) араб адабиёти» атамасини қўллайдилар, лекин «Миср адабиёти», «Ироқ адабиёти» каби атамаларни инкор этадилар.
Миср, Сурия сўзларини эса, одатда, жанр билан боғлиқ ҳолда “Миср романи”, “Сурия новелласи” каби ишлатадилар.
Дарҳақиқат, бир томондан улар орасида этник яқинлик, умумий араб адабий тили, кўпгина мамлакатлар учун умумий бўлган ислом дини, араб бирдамлиги ғояси мавжуд. Булар араб адабиётини бирлаштирувчи омиллар бўлиб, уларга иқтисодий ва сиёсий сабаблар билан юзага келадиган араб
Ички шароит ва ижтимоий-сиёсий ўзига хослиги билан ажралиб турувчи мустақил, миллий давлатларнинг пайдо бўлиши, шевалар мавжудлиги цингари омиллар миллий адабиётлар тез суръатлар билан ривожланиб бораётган ҳозирги замон араб адабиётини ўзанидан четга тортади.
Тарихий шароитлардаги тафовут ва ХIХ асрда араб мамлактлари ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг нотекис кечгани араб дунёсининг турли регионлари адабиётнинг бир вақтда ўрта асрдан замонавий шаклларга ўтишига халақит берди. Аксарият араб мамлакатлари учун ХХ аср Миср адабиёти Европа тажрибаларини ёйишда воситачи вазифасини ўтади. Турк султони Абдулҳамид II ҳукмронлиги даврида Сурия ва Ливандаги янгиликка интилиш ҳаракати зиёлиларнинг мажбуран чет элга кетиши муносабати билан хийла секинлашди. Европа ва Америка минтақасида муҳожир адабий марказлар пайдо бўлди, Мисрда ўша давр адабий кучларининг марказлашиши юзага келди. Ҳозирги пайтда эса араб Шарқининг бир қатор мамлакатларида адабиётнинг бир меъёрда тараққий этиб бориши тамойили юзага келмоқда.
Академик И.Ю.Крачковский асарларини алоҳида эътироф этиш керак. Маълумки унгача рус ва Ғарбий Европа шарқшунослиги фақат ўрта аср араб адабиётини ўрганишга лойиқ деб биларди. И.Ю.Крачковский ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб тараққий этаётган янги араб адабиётининг ўзига хос аҳамиятини тўғри баҳолаб, Мунтазам ўргана бошлади. Унинг миллий мероси араб Шарқи мамлакатларидаги адабий жараёнларни ўрганишда пойдевор вазифасини ўтайди.
ХХ аср араб адабиёти адабий жанрларнинг мазмун ва шакл жиҳатидан ўзгариши билан белгиланади. Янги давр араб адабиётида замонавий насрий жанрлар (роман, қисса, ҳикоя)нинг пайдо бўлиши, адабиётдаги мазмун ва шаклнинг эркинлашуви, тилнинг ислоҳ қилиниши каби ўзгаришлар араб адабиётини бутунлай янги давр адабиёти деб номлашга асос бўлди20. Янги давр араб адабиёти тадқиқодчилари араб Шарқи мамлакатларининг тарихий тақдири ва маданияти билан боғлиқ қатор муаммоларга дуч келадилар.
Янги араб адабиётининг ўрганилишига И.Ю.Крачковский, А.Е. Кримский, К.В.Оде-Василев, А.Султонов, А.А.Долинина, В.Борисов, Н.К.Усмонов, А.Б.Холидов, В.Н.Кирпиченко, С.В.Прожогина ва бошқа олимлар салмоқли ҳисса қўшдилар. Араб тадқиқодчиларидан Маҳмуд Амин ал-Алим, Аббос Маҳмуд ал-Аккад, Муҳаммад Мандур, Жамил Салиб, Мустафо Шокир, Ҳусайн Муравваларни кўрсатиб ўтиш лозим.
Янги араб адабиёти тарихи материалларини баён этишда биз академик И.Ю.Крачковский қолдирган қуйидаги даврлаштириш тамойилига амал қиламиз.
I Маърифатпарварлик даври (1800-1880 йиллар).
II Араб жанговар публисистикаси даври (1880-1910 йиллар)
III Илк реализм даври (1910-1935 йиллар)
IV Янги давр адабиёти (1940-бугунгача)21 .
Янги араб адабиёти “Ан - Наҳда” миллий юксалиш ҳаракати дастлаб, Мисрда ривожланди. “Ан-Наҳда” атамаси кенг маънода ишлатилиб, “уйғониш”, ” тикланиш ”, “ юксалиш ” деган тушунчаларни англатади. “Ан- Наҳда ” ҳаракати ХIХ асрнинг биринчи чорагида бошланган. Мисрдаги уйғониш жараёнига Наполеоннинг (1798–1801й.) экспедицияси туртки бўлди. Мамлакатдаги мавқеини мустаҳкамлаш ниятида французлар Қоҳирада (1800й) араб тилида рўзнома нашр этдилар, оммага мўлжалланган қироатхона очилди. Наполеон Мисрда илмий институт ва типографияга асос солди. Мисрда маориф равнақига ислоҳатчи ҳукмдор Муҳаммад Али (1805-1849) сезиларли ҳисса қўшди. Унинг ҳукмронлигида Миср ва Ғарбий Европа ўртасида маданий алоқалар ранг-баранг шаклларда ривож топди. Унинг даврида биринчи давлат умумтаълим мактаблари, шунингдек, Рифа ат-Тахтавий (1801-1873) бошчилигида таржимонлар тайёрловчи чет тиллари мактаби очилди. Миллий кадрлар тайёрлаш учун Муҳаммад Али 1825 йилда Францияга илк бор 46 нафар ёш йигитни техник ва ҳарбий фанлардан таълим олиш учун юборди. Таржимонлар тайёрловчи мактаб директори «ал-Азҳар» шайхи Рифа ат-Тахтавий ҳам Мухаммад Али томонидан Францияга жўнатилган эди. Саёҳат таассуротларини у «Париж васфи» китобида баён этди. Бу китобда муаллиф В. Скотт, Руссо, Расин асарларини ўқиб олган таассуротлари ҳақида фикр юритади. Ат-Тахтавий мактабини битирган ўқувчилар бир қанча илмий ва ҳарбий адабиётларни араб тилига таржима қилдилар.22 Ушбу даврда Маърифатпарварлик ҳаракатида матбуот ва таржима етакчи ўринни эгаллади. XIX аср иккинчи ярмидан бошлаб маданий кўтарилиш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ўзгаришлар ҳамда сурияликлар миллий онгининг уйғониши билан замонавий адабий жанрларнинг, шу жумладан, ҳикоя жанрининг ҳам шаклланиш жараёни бошланди. Замонавий араб ҳикояси вужудга келишида бир томондан бадиий таржималар ва матбуотнинг роли катта былса, иккинчи томондан эски жанрларнинг, яъни анъанавий мероснинг таъсири бор. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, араб адабиётида ҳикоя, роман, қисса каби жанрларнинг шаклланишида умумараб миллий меросининг алоҳида ўрни бор. Дастлаб, ҳикоялар ёзишда араб ёзувчилари анъанавий жанрлар шаклидан фойдаланган ҳолатда замонавий , долзарб мавзулар билан бойитдилар.Мисрда мақома жанри шаклидан фойдаланган адиблардан бири Муҳаммад ал – Мувайлиҳий бўлиб, у замонавий ҳикоя асосчиларидан ҳисобланади. Унинг “Замонадан бир лаҳза ёки Исо ибн Ҳишомнинг ҳикоялари” асарига Гибб “ҳозирги замоннинг энг ҳаётий ва оригинал араб асари ” дея таъриф берган. Араб адабиётшунос олими Иброҳим Авд «Ҳикоянавислик бўйича танқидий мулоҳазалар» китобида замонавий араб ҳикоянавислигининг қадимий илдизлари Жоҳилиййа23 даврига бориб тақалиши, уни ҳатто, Европа адабиётига ҳам таъсир кўрсатгани, худди ана шу асос ҳар иккала адабиётда ҳикоя жанри шаклланишига хизмат қилгани, араб маданияти таназзулга учраган даврга келиб, Европа адабиёти ўз ривожланишида давом этганлигини таъкидлайди. Иброҳим Авд XIX аср охирлари ХХ аср бошларига келиб, араб халқи ўз адабиётини юксалтириш учун икки омилга: ўз адабий мероси («мақомалар», «ҳикоялар», «қиссалар», «сиралар» ва б.)
Ғарб адабиётидаги янги услубий тамойилларга таянганини, ҳикоянавислик соҳасида ҳам ушбу жараён кузатилганлигини баён этади24. Мисол тариқасида машҳур Миср шоири Хофиз Иброҳим ҳам мақома жанрида “Лаяли Сатиҳ” (“Сатиҳ тунлари”) насрий асарини ёзган. Бу асар Мувайлиҳийнинг ҳажвий асаридан фарқ қилиб, унда ватан ва инсон тақдири ҳақидаги тушкун ҳолатлар акс эттирилган. Мисрда замонавий ҳикоя жанрининг вужудга келишида адиб Мустафо ал – Манфалутийнинг хизмати каттадир. Ҳикояларда давр ва кишилар ҳаётининг энг долзарб муаммолари ихчам тарзда тасвирланган, иккинчидан, ҳикоя жанрининг қисқа, ихчам хусусияти матбуотда нашр эттириш имконини берганки, газета ва журналларда узлуксиз равишда ҳикоялар чоп этилган ва бу ўз навбатида ўқувчилар орасида ҳикоя жанрининг оммалашувига ва унинг шаклланишига сабаб бўлган. Араб публицистикаси ва матбуотининг асосий ўчоғи Миср бўлди. Мамлакатдаги ижтимоий иқлим, босмахоналарнинг мавжудлиги шунга асос яратди. 1828 йилда Муҳаммад Али салтанати даврида биринчи ҳукумат газетаси – «Ал-Вақойи ал-Мисрия» («Миср янгиликлари») чоп этилди, уни Рифа ат-Тахтавий бошқарди. Миср матбуоти тараққиётига суриялик муҳожир араблар салмоқли ҳисса қўшдилар. Шунингдек, 1870-1914 йиллардаги адабиёт тақдирида муҳожир араб зиёлилари сезиларли из қолдирганликларини ўз вақтида академик И. Ю. Крачковский кўрсатиб ўтган эди.25
Европага, аксар ҳолларда Парижга, фақат айрим сиёсий арбобларгина эмас, балки араб Шарқида тақиқланган нашрлар ҳам кўчириб ўтилар эди. Масалан, Британияга зид бўлган Ёқуб Саннунинг «Абу Наддара зарқо» («Кўк кўзойнакли одам»), 1877-1910), Жамолиддин ал-Афғоний ва Муҳаммад Абдуҳларнинг «Ал-Урват ал-вусқа» («Бақувват суянч») газеталари ҳам Парижга кўчирилган эди.26
30-йиллар охиридан бошлаб Миср прозасида янги давр бошланди.27
Иккинчи жаҳон урушидан кейин Шарқ бўйлаб феодал реаксияси ва колониал ҳужумга қарши қудратли тўлқин юзага келди. Шарқ мамлакатларида миллий мустақиллик қўлга киритилиши билан турмушнинг анъанавий шаклларини тубдан ўзгартириш, жамиятни ижтимоий қайта қуриш муаммоларини бутун кескинлиги билан юзага чиқди. Табиийки, ёзувчилар олдида бу мураккаб жараённи бадиий акс эттириш муаммоси турарди.
Тараққийпарвар Шарқ адабиёти ривожланишида илғор эстетик тафаккур муҳим рол ўйнайди. Янги, айниқса, энг янги даврларда мамлакатлар маданий бойликлар билан муттасил алмашиниб туришга ундовчи яқин алоқалар боғлайдилар. Янги даврда Ғарбдан Шарққа, Шарқдан Ғарбга адабиётларнинг ўзаро таъсири шиддат билан боради. Шарқ халқларининг замонавий ижоди кенг китобхонлар оммасига эга бўлади.
ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги Шарқ адабиётлари тараққиётини икки даврга ажратиш мумкин. Биринчиси 1945-1950 йиллар - ижтимоий кўтарилиш давридир. Оммага инсонпарварлик, ижтимоий тараққиёт ғояларини элтувчи бу давр адабиёти ҳаётни билишнинг фаол воситасига айланади. Адабиёт тараққиётининг бош йўли - реализмнинг чекланмаган имкониятлари орқали тарих диалектикаси, ҳаёт диалектикаси қалб диалектикасини англашдир.
50-йилларнинг ўрталаридан бошланган иккинчи давр ижтимоий фаоликнинг маълум даражада сустлашган вақти бўлиб, мафкуравий курашнинг кескинлашуви билан ажралиб туради, бу ҳол Шарқ адабиётларига хам таъсир кўрсатади.
Мазкур йилларнинг мураккаб тарихий вазиятида реалистик адабиёт билан бир қаторда модернизмнинг эстетик тамойилларига мўлжалланган ва Ғарб субъектив-идеалистик фалсафий қарашлари таъсирига берилган адабиёт ҳам ривожланди.
Модернизмнинг Шарқ шароитига мослашувига маълум мафкуравий бўшлиқ яратган тарихий-сиёсий вазият ҳам ёрдам берди. У баъзи ёзувчиларнинг ғоявий ўзгаришига сабаб бўлди. Бунга кўп ҳолларда адабий жараёнинг бориши, Шарқ ёзувчиларида табиий равишда юзага келган дунё адабиёти тажрибаларини тез эгаллашга интилиш, бунда эса шаклнинг мураккаблаштиришга, ёзишнинг янги техникасига мойиллик, бу кўпинча ёзувчиларнинг воқеликка муносабатининг ўзгариши билан, ҳаёт ва шахснинг экзистенсиалистик концепцияси курашини идрок қилиш билан боғлиқ бўлади. 28
Шарқ адабиёти ХIХ - ХХ асрларда, асосан, Европа адабиёти босиб ўтган босқичлардан ўтди, унинг таъсирини ҳис қилди. Шунга қарамасдан Шарқ адабиётлари миллий анъаналар билан мустаҳкам боғланган мустақил бадиий бойликлар ҳадя этувчи ўзига хосликни сақлай олдилар.
Жаҳон адабиётининг ютуқларини бой миллий мерос билан ижодий қўшган ҳолда шоир, носир, драматурглар юксак бадиий асарлар яратмоқдалар, ўз адабиётларини жаҳон адабий жараёнининг ўзанига олиб кирмоқдалар. Араб мамлакатлари ёзувчилари иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда ўз мамлакатларининг сиёсий ва ижтимоий муаммолари доирасидан ташқарига чиқдилар. Исроил томонидан араб ерларининг забт этилиши, Фаластин муаммоси, араб оламининг парчаланиши, деҳқонлар, ишчилар, зиёлилар вакиллари ҳаёти каби мавзулар дунё мураккаблигини акс эттириб, шахсий драма орқали очиб берилади. Воқеликни ижтимоий-танқидий таҳлилига интилиш жамиятда ўз ечимини кутаётган долзарб, ўта зарур муаммоларни ажратиб олишга кўмаклашади.
Шахс психологиясининг ижтимоий асосланиши Сурия-Америка мактаби ва Миср янгиловчилари мактабининг бадиий кашфиёти эди (ХХ асрини биринчи чораги). Жуброн Халил Жуброн, Муҳаммад ал-Мувайлиҳий, Михаил Нуайме, Таҳа Ҳусайн ва бошқаларнинг гуманистик анъаналарининг давоми Абдураҳмон аш-Шарқовий, Юсуф Идрис, Муҳаммад Диб, Гада ас-Самонлар насрида аниқ кўринади.
Ҳозирги ҳаётнинг салбий томонларини очиб ташлаган араб адиблари-Нажиб Маҳфуз, Закария Тамер, Дрис Шрайбий, Мулуд Фераун ва бошқалар жамиятни қайта қуришда шахснинг аҳамиятига катта эътибор қаратмоқдалар. Фақат маънавий, ахлоқий жиҳатдан кучли одамларгина ҳаётни ўзгартиришга қодир. Улар шахс ва жамият ўртасидаги диалектик алоқани таъкидлаб, адолатли, инсонпарвар жамиятга юксак даражадаги шахсгина лойиқ, деб айтадилар.
Араб ёзувчиларининг ХХ аср иккинчи ярмидаги ижодида реалистик метод кенг диапазонда - анъанавий мумтоз реализмдан тортиб, энг замонавий модернистик шаклларга қадар кўринди. Аммо рамзлар билан тўла, ассоциатив ва мураккаблаштирилган услубий йўллар ёзувчиларни (Жорж Салим, Нажиб Маҳфуз, Гамал ал-Гитани ва б.) воқеликни реалистик идрок этишдан узоққа олиб кетмайди, балки унга чуқурроқ кириб бориш, жамиятни ҳаяжонлантираётган муаммоларни ўткирроқ ва кескинроқ қўйиш имконини беради.
Араб ёзувчиларининг воқеликни ижтимоий-танқидий таҳлил қилишда, ижобий қаҳрамон излашда уларни шахс сифатида характерловчи концепция ана шудир.
Do'stlaringiz bilan baham: |