Тадқиқотда қўлланилган методиканинг тавсифи. Таҳлил методлари: киёсий -тарихий, типологик тахлил методлари.
Тадқиқот натижаларининг назарий ва амалий аҳамияти. Мазкур тадқиқот Миср романчилиги, Нагиб Маҳфуз ҳаёти ва ижодига, унинг “Йўл” романига бағишланган дастлабки тадқиқот эканлиги билан аҳамиятга моликдир.
Диссертация материаллари ва хулосаларидан мавжуд араб адабиёти тарихига оид ўқув қўлланма, дарсликларни янги маълумотлар билан бойитишда, шунингдек, “Ўрганилаётган мамлакат адабиётида бадииятшунослик”, “Адабиётшуносликнинг назарий масалалари” каби фанларни ўқитишда қўшимча адабиёт сифатида фойдаланиш мумкин.
Иш тузилмасининг тавсифи.Мазкур магистрлик диссертацияси кириш, уч боб, хулоса ва адабиётлар рўйхатидан иборат.
I БОБ МИСР РОМАНЧИЛИГИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ ВА РИВОЖИЙ БОСҚИЧЛАРИ 1.Роман жанрининг генезиси ва ривожланиш омиллари Мазкур диссертациямизнинг ушбу бўлимида биз роман жанрининг генезиси яъни келиб чиқиши ва ривожланиш омиллари ҳақида маълумотлар берамиз. Роман янги давр адабиётининг эпик жанрнинг катта кўриниши ҳисобланади.14 Роман жанрининг тадрижий такомили, жанрининг динамикасини аниқлаш мураккаб вазифалардан эканлиги адабиётшунос олимлар учун янгилик эмас. Бунинг асосий сабаблардан бири сўнгги икки аср мобайнида етакчилик мавқеини эгаллаб турган бу жанр то ҳанузгача сирлилигича қолмоқда.15 Ўз вақтида роман яшаб қоладими йўқми деган мунозаларга сабаб бўлган роман, бугунги кунга келиб, ўзининг ичига адабий жанрларнинг деярли барча хусусиятларини сингдира оладиган универсал жанр сифатда тан олинмоқда.
Романнинг келиб чиқиши бўйича фанда турли қарашлар мавжуд. В.В.Кошанов “Роман уйғониш даврининг сўнгидагина вужудга келган.” деган хулосага келган эди. П.А.Гринцер бўлса шарқ ва ғарб романчилиги янги даврга келиб жанр сифатида намоён бўлган, деб ўз қарашларини илгари сурган. .16 Романдан олдинги яъни унинг илк кўриниши ғарбда ўрта аср ритцарлари романи бўлса, араб адабиётида бу сира,мақома, достонлар бўлган.
Х–ХI арсларда араб бадиий насрининг ривожланиши ишга оид насрнинг ривожланишига чамбарчас боғлиқ бўлган. Х асрдан эътиборан ҳар хил тарассул – эпистоляр жанр асарлари (шахсий ва расмий ёзишмалари), шунингдек рисолалар тарзидаги асарлар кенг тарқалган. Ушбу асарларда эпистоляр жанр йўллари ва қонунлари ишлаб чиқилган бўлиб, улар кўп асрлар мобайнида то ХIХ асрдаги адабиётнинг юксалиши бошлангунича ўзгармай келган. Иш хатлари ва илмий рисолаларда арабларга исломгача бўлган замонлардан ва Қуръондан маълум бўлган саж борган сари кўпроқ қўлланила бошлаган. Х асрда юзага келган ва араб адабиётида янги бўлган насрий жанр бўлмиш мақомалар пайдо бўлган пайтидан эътиборан эпистоляр услуб қонунларининг кучли таъсирига тушган. Мақомаларнинг илк муаллифларидан бири, янги жанрнинг асосчиси деб ҳисобланадиган шахс Ҳамадонлик тилшунос олим Бадиуззамон ал-Ҳамадоний бўлгани бежиз эмас17.
Қадимги араблар «мақом» ёки «мақома» сўзи орқали қабила тўпланадиган жойни ифодалаганлар. Кейинчалик бу атама билан нафақат тўпланиш жойи, балки одамлар мажлиси, сўнгра эса ушбу мажлисда олиб бориладиган суҳбатлар ҳам ифодаланадиган бўлган. Ислом тарқалаётган даврда халифалар ва уларнинг яқинлари доирасида олиб бориладиган насиҳат хусусиятига эга бўлган суҳбатлар ҳам мақома деб аталган. Вақт ўтиши билан суҳбатларнинг хусусияти ўзгарган. Шаҳарлар ривожлангани сайин араб тили ва шеърияти билан қизиқувчи одамлар доираси кенгайиб борган ҳамда олиму-шоирлар ўзларининг адабий қобилияти ва тилшунослик соҳасидаги билимларини намойиш этиши мумкин бўлган адабий тўгараклар борган сари кўпайган. Тахминан Х асрдан бошлаб «мақома» атамаси услуб бўйича нафис, жимжимадор латифаларни ифодалаш учун қўлланила бошлаган. «Мақома» сўзи маъносининг тадрижий ривожланиши ушбу жанр гўзал сўз ишқибозларининг адабий суҳбатларида юзага келган ҳамда дастлаб оғзаки ҳикоя кўринишида мавжуд бўлганидан далолат беради. Фақат кейинроқ, ал-Ҳамадоний ижодида, у тўлиқ адабий шаклга кирган. Янги жанр асосан маълумотли шаҳарликлар ва феодал «зиёлилар» орасида ёйилган ҳамда жуда ўзига хос шаклда намоён бўлган18.
Ал-Ҳамадоний мақомаларининг бош қаҳрамони сифатида эпчил, тадбиркор ва айни вақтда беғам адиб Абул Фатҳ ал-Искандарий қатнашади. У ҳикоядан ҳикояга ўтган сари ўз касбини ўзгартиради ва яшаш учун маблағни ҳийла, баъзан эса фирибгарлик билан топади.
Ал-Ҳамадоний мақомаларида ҳикоя савдогар Исо Ибн Ҳошим номидан юритилади. Уни савдо ишлари ва тақдир халифаликнинг турли шаҳарларига ташлайди.
Ал-Ҳамадоний мақомаларининг бош қаҳрамони сифатида эпчил, тадбиркор ва айни вақтда беғам адиб Абул Фатҳ ал-Искандарий қатнашади. У ҳикоядан ҳикояга ўтган сари ўз касбини ўзгартиради.
Роман ҳақида сўз борар экан шу ўринда халқ романи – сира – қаҳрамонларнинг ҳаётини сўзлаб берувчи асар ҳақида ҳам алоҳида тўхталиш лозим 19. ХХ аср бошларида сиралар “Минг бир кеча” эртаклари билан бир қаторда халқ орасида машҳур эди.
Роман жанрининг ривожи араб адабиётида 4 этапни босиб ўтади:
• тарихий роман
• маърифий роман
• ижтимоий роман
• роман жанрида танқидий реализм