- У ҳақида эшитганингиздан кейин ҳам унинг қандай инсон экани билан қизиқмаяпсизми?
- Мен қонун одамиман, аниғини айтишим мумкин-ки тақдирингиз одил суд қўлида .
- Балки вақт ўтиши билан мени тушунарсиз.
- Агар шундай бўлса хурсанд бўлардим, аммо мени у билан учрашишимга ҳеч қандай асос йўқ.
- Сиз кўпни кўрган инсонсиз, қўшнингизга бўлса отам яхшигина таъсир қилганга ўхшайди.
- У билан алоқага чиқиш жуда қийин, бизда бўлса вақт йўқ, менда ундай имконият ҳам йўқ. чунки у билан алоага чиқишда барча чет элдаги элчихоналаримиз билан боғланиш керак.
Ох…хотираларим, йиғилган булутларни шамол ўйнаяпти.Турма ортида оғриқни секин асталик билан сезяпман. Кўзи ожиз савол. Шафқатсиз жавоб. У :
- Бошқаларга ишонишнинг фойдаси йўқекан.
- Ақлли ишнинг маъноси бор.
Собир елкаларини қисганча:
- Нима бўлса бўлди. ”
Н.Маҳфуз романларида тасвирланган характерлар сюжетнинг ҳамма катта ва кичик моментларини, тафсилотларини тайин этадилар ва ўз навбатида, ҳаётдан тўғри танлаб олинган ёки ёзувчи томонидан тўқилган мана шу тафсилотлар туфайли характерлар ўқувчи кўз олдида бутунлиги ва ёрқинлиги билан намоён бўлади.
Роман адабий араб тилида бўлиб, унда муаллифнинг ўзи хам иштирок этади.
Йирик рус филолог олими Г. Винокур 64 бадиий асар тили нима деган саволга жўнгина қилиб : “Бадиий тил деганда бадиий асарлар ёзишда ишлатиладиган тил тушунилади”, - деб ёзган эди. Бадиий тил умумхалқ тилига асосланади, уни буткул янги ҳодиса деб қарамаслик керак.
Бадиий тилнинг энг муҳим спетсифик хусусиятлари сифатида образлилик ва эмоционаллик кўрсатиш жоиз. Адабий тилда кам қўлланилувчи диалектизмлар бадиий асарда жой колоритини бериш учун қўл келади. Масалан, асарда онасининг жанозаси яъни кўмиш маросимида уни христианларга хос бўлган қабрларга кўмилганлигини ўқиб қаҳрамонимиз христиан динига мансублигини билишимиз мумкин.
Асарда қаҳрамонлар конкрет муҳитда ҳаракат қилади. Жой номлари аниқ кўрсатилган Масалан,
“Аттарин кварталидан то Курмусгача, Рас-Тинадан Муҳаррам бекагача бўлган ҳудуддаги оқсоқол, ёши катта инсонлардан сўраб суруштирди, лекин барча отасини ким бўлиб ишлагани ҳақида сўрарди. ”
Асар воқеалари Искандария ва Қоҳира шаҳарларида бўлиб ўтади. Яъни қаҳрамонимиз Искандариядан Қоҳирага қидириш учун боради.
Воқеликдаги нарса-ҳодисалар орасидаги бизга кўринмаган, бироқ санъаткорона ўткир нигоҳ билан илғанган ўхшашлик, алоқадорлик асосидаги кўчимлар ўқувчини ҳайратга солади, унга завқ бағишлайди. Бадиий асарда энг кўп қўлланиладиган кўчим турларидан бири бу метафорадир. Метафора усулидаги маъно кўчишида нарса-ҳодисалар орасидаги ўхшашликка асосланилади. Табиатан, метафорани яширин ўхшатиш деб аташ мумкин. яширин ўхшатиш деб аталишига сабаб шуки, метафорада ўхшатилаётган нрса номи тушириб қолдирилгани ҳолда, ўхшаётган нарса номи унинг маъносини билдиради.65 Табиийки, бунда ўхшатилаётган нарсалардан айнан ўхшашлик талаб қилинмайди, асос учун икки нарса- ҳодисага хос белгилардан бирортаси олинади. Масалан, романда ушбу сатрлар келади:
“Бир текисда қуёшда товланган қадди-қомат, қоп-қора бодомсимон кўзлар. Улардаги ёрқинлик ҳаётга шиддат билан қаралганини билдириб турибди. Лекин бу озғин мушук образи қаердан келди – тирноқлари билан яралашга тайёр аёл тимсоли? Уни тимсоли йиллар инсон билан нима қилиши мумкинлигини кўрсатиб турибди.”
Кўчимнинг яна бир тури аллегория бўлиб, бунда мавҳум тушунчалар конкрет нарса-ҳодисалар номи орқали ифодаланади. Бадиий адабиётда аллегориялар кўпроқ анъанавий тарзда қўлланиб, уларнинг аксарияти турғун ҳолатга келиб улгурган: “тулки” айёрлик, “бўри” ваҳшийлик, “эшак” фаросатсизлик, “жиблажибон” қўнимсизлик каби кўчма маъноларда қўлланади. Масалан, А. Ориповнинг “Она тилимга” шеърида “булбул”нинг талантли ижодкор, “тўти”нинг эса тақлидчи маъноларида келиши аллегорияларни қўллашдаги анъанавийликка мисол бўла олади. Бироқ бу аллегориялар фақат анъанавийтарзда, тайёр ҳолда олиб ишлатилади дегани эмас. Аксинча, ижодкорларнинг изланишлари анъанавий аллегорияларда янги маъно қирраларининг очилишига, оригинал аллегорияларнинг юзага келишига ҳам олиб келади. 66
Бадиий адабиётда моҳиятан аллегорияга яқин бўлган кўчимнинг бир тури сифатида символ (рамз) ҳам қўлланади. Символнинг аллегориядан фарқи шундаки, у муайян контекст доирасида ҳам ўз маъносида, ҳам кўчма маънода қўлланади. Масалан, ўзбек адабиётида Чўлпон шеъриятидаги “юлдуз”, “булут” , “баҳор” образлари бунинг ёрқин мисоли бўла олади.
Асаримизда ҳам юқорида айтиб ўтганимиздек қаҳрамонлар исмларидаги рамзийлик, жой номларидаги рамзийликни кўришимиз мумкин.
III боб бўйича хулосалар
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак,Нагиб Махфузнинг юқорида таҳлилга тортилган “Йўл” романиниг психологик таҳлил етакчилик қилади. Сюжетнинг асосини қаҳрамонларнинг хотиралари, ўй-мушоҳадалари, монолог ташкил қилади. Асарда ҳаёт ва ўлим, ҳақиқат ва ёлғон, умрнинг мазмуни, яшаш учун кураш ҳақидаги мавзуларга фалсафий ёндашув кузатилади. Роман билан танишар эканмиз унда яхши кунни кутиб яшаш, турмушни яхши томонга ўзгаришига умид образи етакчилик қилади. Асарда характерлар босқичма босқич берилади. Қаҳрамонлар характерини очишда уларнинг портрети, психологизмнинг бевосита усули (кулиш, йиғлаш), пейзаж, персонаж нутқи каби унсурлардан унумли фойдаланилади.
Асарнинг дидактик аҳамияти ҳам эътиборга моликдир. Уни ўқиган ўқувчида, энг аввало, ўз ҳаётини мушоҳада қилиш ҳисси уйғонади. Очлик, хўрлик, камситиш, йўқчилик, бир сўз билан айтганда, чорасизлик инсонни не куйларга солиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлар устида ўйлаб кўриш истагини туғдиради.
ХУЛОСА
Юқорида баён этилганлардан қуйидаги хулосаларга келдик:
ХХ аср кўпгина шарқ халқлари адабиётида бўлгани сингари араб адабиётида ҳам адабий жанрларнинг мазмун ва шакл жиҳатдан янгиланиши даври бўлди.
XIX асрда содир бўлган Миллий уйғониш (ан-Наҳда) ҳаракати, маърифатпарварлар фаолияти, маориф соҳасидаги силжишлар, публицистиканинг ривожи, ташқи сиёсатда бўлган туб ўзгаришлар, хориж билан бўлган муносабатларнинг чуқурлашуви – барча-барчаси давр кўзгуси бўлган адабиётнинг тубдан янгиланишга ҳамда ХХ асрдаги тараққиёти учун муҳим замин тайёрлади.
Янги давр араб адабиётида замонавий насрий жанрлар (роман, повесть, ҳикоя)нинг пайдо бўлиши, адабиётдаги мазмун ва шаклнинг эркинлашуви, тилнинг ислоҳ қилиниши каби ўзгаришлар араб адабиётини бутунлай янги давр араб адабиёти деб номланишига асос бўлди.
ХХ асрнинг иккинчи ярми араб адабиётида турли услублар, йўналишлар параллел ривожланган бир давр бўлди. Илғор ёзувчилар бир вақтнинг ўзида ҳам реалистик, ҳам модернистик услубда ижод қилдилар. Закария Тамер, Жўрж Салим, Валид Ихлоси, Хана Мина, Нагиб Маҳфуз, Юсуф Идрис сингари бир қатор ёзувчилар бадиий бетакрор асарлари билан адабий майдонга чиқдилар.
Нагиб Махфуз худди ана шундай қизғин даврда яшаб ижод этди.
Нагиб Махфузнинг юқорида таҳлили берилган романининг қаҳрамонлари – асосан ижтимоий-сиёсий типлар бўлиб, уларда ахлоқий масалалар кўтарилади, улар ҳақиқат учун курашадилар, ижтимоий тенгсизликка ва ноҳақликка барҳам беришга уринадилар. Бу йўлда бош қахрамон Собир барча қийинчиликларни енгиб ўтмоқчи бўлади, зиддиятларда муроса қилиш йўлларини излайди. Аммо барибир хаёт ўзини шафқатсизлигини кўрсатди.
Ёзувчи ижодини кузатганимизда унда мавзуларнинг ранг-баранглигини кўрамиз.
Нагиб Махфуз ёзувчи сифатида даврнинг ижтимоий муаммоларига катта эътибор қаратади.
Унинг асарларида порахўрлик, сохталик, кўзбўямачилик, ёлғон ва бу каби иллатларга муросасиз бўлган шахслар қиёфаси гавдаланртирилади.
Н.Махфуз асарларининг мавзуси бир қарашда бир-бирига яқин бўлса-да, уларни ёритиш йўсини, ёзувчининг ёзиш техникаси ҳар бир асарда ўзига хос, бир-бирини такрорламайдиган бадиий тасвир воситалари, турли поэтик образлар орқали баён этилади.
Ёзувчининг “Йўл” романида кўпроқ, монолог, диалог, муаллиф иштироки, қаҳрамоннинг ўй-мушоҳадаларига кенг ўрин олганини гувохи бўлдик.
Адибнинг “Йўл” романи унинг бошқа ижод махсулларидан фарқ қилади. Бу асардан барча ўзига ибрат олибгина қолмай, ўзи учун керакли хулосалар чиқаради. Бир сўз билан ифолаганда, Н.Махфуз асарлари бадиий-эстетик таъсирдорлиги, образларнинг кўп қирралилиги, мавзулар кўламининг кемқамровлилиги жиҳатдан махсус тадқиқот манбаи сифатида ўрганишга моликдир.
Умуман, Н.Махфуз – буюк Миср реалист романнависи. Мисрликларни тарихи, хаёти, муаммолари унинг романида юксак бадиий маҳорат билан тасвирланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |